Кайфиятига қараб, кўнгил амри билан ижод қиладиган хонанда Дилдора НИЁЗОВА "Даракчи" газетаси меҳмони бўлди. Қалтис саволларга очиқ-ойдин жавоб беришдан қочмади...
— Дилдора опа, ижод "ошхонаси”да фаолроқмисиз ё?
— Тарози палласини ижод "ошхонаси”даги фаолиятим босади. Лекин ошхонада ҳам қўлимдан келганча ихтиролар қилиб, янгиликлар билан уйдагиларни хурсанд қилишга ҳаракатим бор. Бироқ сира хамирли таомлар тайёрламайман, чунки семиртиради. Санъаткор бўлганим боис ташқи кўринишимга эътиборлиман. Турмуш ўртоғим ҳам бу одатимга кўникди (кулади).
— Ижодингиз мисолида айтсангиз, продюсерсиз ишлашнинг ёмон тарафлари...
— ...йўқ! Чунки эрким ўз қўлимда. Меҳнат қилса, марраларга продюсерсиз ҳам эришиш мумкин. Ҳомий санъатга илк қадамини қўйган, оёққа туриши керак бўлган хонанда учун керак. Ўз номига эга санъаткорга продюсернинг ҳожати йўқ.
— Дилдора Ниёзова ўз номига эга бўлиб, продюсердан фойдаланиб бўлди, шунинг учун унга продюсер керакмас, шундайми?!
— Иккаламиз ҳам бир-биримиздан бир хил миқдорда фойда кўрганмиз. Баъзи продюсерлар "Сени мен оёққа қўйдим, ўз номингга эга қилдим, энди мендан қарздорсан. Қўпол қилиб айтганда, "қулсан”, дейишади, бу нотўғри! Ўз номимга эга бўлдим, дея катта гапирмоқчимасман, лекин менга продюсер керакмас. Шунчаки, тажриба ўз сўзини айтди — эркин ижодкор бўлгим келди. Ёшлигимда имкониятим йўқ, бироқ саҳнага чиқишга муштоқ бўлганим боис продюсернинг буйруқларига кўз юмардим. Иссиқ жонмиз, тобим бўлмаса ҳам продюсер билан шартнома бўлгани боис айтган хизматига боришга мажбур эдим. Ҳозир ўзимга хон, ўзимга бекман, кайфиятимга қараб иш тутаман. Инсон ўз имкониятига ишонсагина натижа бўй кўрсатади. Бу йўлда йиқилади, қоқилади, охири бари изга тушади, муҳими бари миннатсиз бўлади.
— "Менинг юртим” телеканалидаги "Топ дизайнер” кўрсатувига келиб, ярмидан кетиб қолиб, кўрсатув ижодкорларини қийин вазиятда қолдиришингиз ҳам кайфиятингиз билан боғлиқмиди?
— Бундай маълумотларни қаердан топасиз-а? Масъулиятсизликка йўйманг-у, санъаткор бора-бора инжиқ бўлиб қолар экан. Темир йўллар ҳақида гимн қўшиқ ёзгандим, бироз ўзгартириш кераклиги учун шу соҳа раҳбари чақиртирганди. "Топ дизайнер” кўрсатуви ижодкорларига "менга навбат беринглар, кетишим керак”, дедим. Лекин бошқа ҳамкасбларимга навбат бераверишди, шартта кийимимни ўзгартирдим-да, кетдим. Ишимни тугатиб, суратга олишга қайтиб келишга имконим бўлмади.
— "Ҳамма имкониятим етарли”, деяпсиз. Лекин беҳад машҳурлик олиб келган "Ишонма” каби хит қўшиқларингиз йўқ-ку?
— Ҳеч қачон "хит” қўшиқ ёзаман, деган фикрда бўлмаганман. Шу боис тўйбоп — ўлдим, куйдим мавзуидаги қўшиқларим жуда кам. Асосан кўнглим амридан келиб чиқиб қўшиқ ёзаман. Баъзи ҳамкасбларим "Тўйбоп қўшиқлар куйланг”, дейишади. Тан оламан, йўлдан оғишган пайтларим бўлган. Лекин уринишларим натижа бермади ва кейин бу ишни ўзимга эп кўрмадим. Тўғри, у қадар машҳур эмасдирман, лекин юрагидан яхши кўрадиган мухлисларим ҳам кам эмас. Халққа ҳозирги ижодим манзур келса, бош устига, йўқса санъатни тарк этишдан ҳам қўрқмайман. Чунки ҳаётдаги энг катта бойлигим — оилам!
— Ижодингизни таҳлил қилсангиз вақт "шамол”и тез синдирадиган бўйи баланд "терак”ларингиз кўпми ё "чинор”лар?
— Тўғри, "тераклар”им ҳам бор, лекин "чинорлар”им кўпроқ. Бу хулосага келишимга сабаб, телевидение бадиий кенгашидан ўтмаган қўшиқларимни шу кунларда ўзлари эфирга қўйишяпти, ваҳоланки реклама учун бир сўм пул тўлаган эмасман.
— "Дилдора Ниёзованинг хатти-ҳаракатлари, қўшиқ куйлаш услубида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага тақлид яққол сезилади”, деган фикрлар ҳам қулоққа чалинади. Бу таърифларга нуқта қўя олдингизми ё ҳануз зўр тақлидчимисиз?
— Санъатга қадам қўйгунимга қадар шу санъаткорнинг гапиришигача тақлид қилиб, болаларча дунёқараш билан Юлдуз Усмонованинг ҳаётида яшагим келарди. Ҳатто санъатга ҳам устознинг қўшиқлари билан қадам қўйганман. Бир тўйда Юлдуз Усмонованинг иккита қўшиғини куйлаб, учинчисини бошлагандим, тўй эгаси олдимга келиб, "Усмоновани чақиришга имкониятимиз етади. Лекин биз тўйга Дилдора Ниёзовани таклиф қилганмиз. Уч юздан ошиқ қўшиғингиз бор-ку”, дея дискларимни кўрсатганида кўзимдан ёш чиққанди. Ўшанда ўз йўлимни топишим керак, деган қатъий фикрга келганман. Бироқ ўрганган ҳолатдан дарҳол чиқиш осон ишмас-да. Гоҳида "Феъл-атворингиз Юлдуз Усмонованикига ўхшайди”, дейишади. Аслида ҳаётда иккаламиз бошқа-бошқа дунёмиз.Таваккал қилолмайман, кимгадир қаттиқ гапиролмайман, қўрқоқлигим бор.
— Дилдора Ниёзованинг ижодига иккинчи ҳаёт бахш қилган Руслан Шарипов билан куйланган "Чилла” дуэтингизда ҳам ўша нафас сезилган...
— Бу фикрларни ҳам эшитганман. "Менга ярашмаяптими?” деганимда, "Ярашяпти!” деган жавобни олганман. Ижод жараёнида беихтиёр ўхшаб кетади. Лекин Дилдора Ниёзова бўлишни истайман ва бу йўлда қанча керак бўлса, шунча меҳнат қиламан. "Чилла” қўшиғи ўзимга ҳам ёқади. Руслан аканинг ижоди манзур келгани учун оила ҳақида ҳам дуэт қилганмиз.
— Ёрдамга муҳтож бўлганида ижодини ёқтирадиган ҳамкасбингиз ҳолидан хабар олдингизми?
— Хабар олган вақтларим бўлди, ҳозиргача қўнғироқ қилиб тураман. Руслан ака яхши инсон, лекин қайсарлиги ҳам бор. Турмуш ўртоғимнинг чизган чизиғидан чиқолмаганим учун ҳадеб боролмадим. Лекин Руслан акани оёққа туришига роса ундадим, бироқ инсоннинг ўзида хоҳиш, куч бўлмаса бари бефойда экан.
— Одамлар Дилдора Ниёзовани яқиндан билишса, "Санъаткорнинг ўзини эмас, ижодини яхши кўр”, деган фикр ҳақиқатлигига амин бўлишадими?
— Ёмон кўриб қолиши ҳам мумкин. Феъл-атворимни ёқтирмаган ўз йўлида кетаверади, бундан хафа бўлиш керак эмас. Гоҳида турмуш ўртоғим билан келишмовчилик бўлиб қолганда ҳам "феълим тўғри келмаётган бўлса, сиздан мингдан-минг розиман, мен билан яшамай қўя қолинг”, дейман. Лекин ичимда "кетиб қолса нима қиламан?” деган хавотир бўлади. Турмуш ўртоғим ҳам "Кўнглимдагидексан, шу тилинг бироз ёмон-да”, дейди (кулади). Ҳақиқатни била туриб, ишимни битириб ола қолай, дея индамай кетолмайман-да. Ҳақиқат йўлида ниманидир йўқотишга тўғри келса, бунга тайёрман!
— Машҳурлик ўз эвазига самимийликни талаб қилади, деган фикрнинг тўғри айтилганига кўпчилик ҳамкасбингиз мисол бўла олади, Дилдора Ниёзова-чи?
— "Ишонма” қўшиғим орқали тилга тушганимда ҳам продюсерим "юлдузлик касали”га чалинишимга йўл қўймаган. Идеал инсоннинг ўзи йўқ, балки кимнидир кўнглини оғритгандирман. Лекин машҳурлик ўткинчилигини англаб, самимийлик ортидан қувмаганимда бугунги даражага етмаган, шахсий ҳаётимда ҳам бахтга эришмаган бўлардим.
Биласизми?
— "Қаердасиз?”, "Қачон келасиз?”, "Қаерга кетяпсиз?” каби одатий саволлар...
— ...аёлларга хос тузатиб бўлмайдиган "касаллик”. Турмуш ўртоғим "аёл кишисан, ҳисобот беришга мажбурмасман”, дейди, лекин ёқмаса-да, барибир саволларимга жавоб беради (кулади). Гап қизғанишда эмас, лекин эримнинг қаердалигини билишим керак.
— Жаҳлингиз чиққанида...
— Авваллари тўполон қилардим, ҳозир индамай кетишга ўзимда куч топа оламан.
— Турмуш ўртоғингизга кўп такрорлайдиган гапингиз...
— "Қорнингиз очми?” Ярим тунда келса ҳам шу саволни беравераман, лекин чой тайёрлаб бермайман (мириқиб кулади). Эрим ошхонада иш бошлайди, мен шерик бўламан. Турмуш ўртоғим "пул топиб келяпман-ку!” демай, уй-ишлари, бола тарбияси, умуман ҳамма ишда менга кўмакчи.