Ҳар гал шу санъаткор аёл билан суҳбатлашганимда ўзимда енгиллик ҳис қиламан. Ўзининг қувноқлиги билан ҳар қандай кайфияти ёмон инсонни ҳам кайфиятини кўтаради. Жавоблари ҳам антиқа. Кескин саволларимга жилмайганча ҳазиломуз жавоб беради. Тўю-тадбирларда унинг "Дилфузча рақс”лари кимнингдир асабига тегади шекилли, доим шов-шувларга сабабчи бўлади. Сўнгги пайтда унинг машҳур санъаткорлардан бирининг байрам тадбиридаги рақс ижроси катта муҳокмаларга сабаб бўлди.
- Дилфуза опа, яна қанақа шов-шувлар бошлаб юрибсиз?
- Одамлар мени нотўғри тушунишидан чарчадим! Юриш-туришимни ҳам ҳамма бир хил қабул қилмайди. Кимгадир ёқса, кимнингдир ғашига тегади... Бироқ мени ёқтирадиганлар кўпдирки, тўйларга, яхши кунларига айтишаяпти.
- Шўх-шаддод Дилфуза бўлиб қўшиқчиликни бошлаган эдингиз. Ҳалигача шундайсиз. Оғир-босиқ Дилфуза бўлиш вақти келмадимикин?
- Шоу-бизнесда энг оғир ва вазмини менман-ку! (кулади)
- Ўзингизни тутишингиздан ўхшамаяпти-да?!
- Менга ҳақиқатни очиқ айтинг: рақсларим шунчалик зўрми ёки ёмонми?
- Ҳамма ҳар хил қабул қилади...
- Демак, мен одамларга керакман. Мевали дарахт эканманки, тош отишяпти. Рақсларим билан эътибор тортибманки, кузатишяпти. Ижро этган ролларим ва рақсларим ҳеч кимникига ўхшамас экан, шу сабаб мен омма эътиборидаман.
- Тинчгина актрисалик қилиб юрсангиз яхши эмасмиди, қўшиқ айтиш шартмиди?
- Ўзимга баҳо берадиган бўлсам, мен тинчгина, "битта ишни эплаб” юрадиганлардан эмасман. Санъатда ёниб яшаш керак! Хориж юлдузларини кўринг, ҳар соҳада ўзини синаб кўради. Улардан қаерим кам?! Санъат институтини битирганман, дипломим чанг босиб ётишини хоҳламайман. Қоққан қозиқдек бир жойда туриб қўшиқ айтиш мен учун эмас.
Қўшиқ айтиш, рол ижро этишдан ташқари спортда ҳам етакчиман. Қиличбозликдан, енгил атлетикадан кўплаб совринлар олганман.
- Тўйларга қайси қобилиятингиз учун чақиришади деб ўйлайсиз?
- Бунинг ичида ҳаммаси бор! Тўй эгалари менга мухлисликларини билдириб, уйимгача келишади. "Тўйхонага файз киритасиз, фалончининг тўйини ўтказганингизда ният қилганман”, - деб таклиф қилишади. Хурсанд бўлиб чин юракдан хизмат қилиб бераман. Биласизми, ҳозир тўйларда ҳамма санъаткорга ҳам қарсак чалишмаяпти.
- Рекламангиз йўқ-ку, телеканалларда клипларингиз "айланмайди”...
- Ҳа, ҳақиқаттан шундай. Тўйга тўй улангани учун ҳам тинимим йўқ. Сиз айтаётган рекламага топган пулимни сарфлаб, қўшиқларимни тинимсиз айлантирсам ҳам бўларди, аммо битта аёл бошим билан бунга қийналдим. Бир йилда еттита тўй қилдим. Учта фарзандимнинг тўйи, иккита неварамга бешик тўй, ўзим катта қилган синглимнинг боласини ва ҳаётда иқтисодий қийналиб қолган бир инсоннинг фарзандига никоҳ оқшомини савоб учун ўтказиб бердим. Шунинг учун ҳам телеканалларда кўринмадим. Клипларимни эфирга беришга пул орттиролмадим, очиғи. Бу йилни эса шиддатли ижод билан бошладим. Мана энди томошабинлар Дилфуза Исмоилова ва унинг фарзандлари Сардор ҳамда Сарварларнинг клипини кетма-кет томоша қилишади. Кимнидир қувнатадиган, кимнингдир ғашига тегадиган клипларимизни кўриб ўз баҳоларини беришади.
- Ғашига тегадиган?
- Ҳа, шунақа. Бу чиқишларимизни томоша қилгач, яна орқамиздан гапирадиганлар бўлмайди дейсизми?! Ўғлимнинг тўйига бегоналарни эмас , яқинларимни чақиргандим, аммо дастурхонимдан еб-ичган, айрим қабиҳ ниятлилар нималар қилиб кетишмади, дейсиз? Қудаларим билан қариндошман. Фарзандларим бирга катта бўлишган. Ёшлигидан шу қизни келин қилиш орзум эди. Кимдир шодлигимни кўролмади. Қудамга чин дилдан дўстона айтган изҳорим ва таъзимимни нотўғри маънода талқин қилиб, видеони ижтимой тармоққа тарқатиб юборишди. Аслида мен шундай кунларга етказгани учун яратганга шукрона айтган эдим, тарқатган одам шу жойини кесиб ташлаган. Шунча йил оқ ювиб, оқ тараган қизи менинг уйимда бир умрга қоляпти, уларга таъзим қилмасам бўладими? Қудаларимга таъзим қилганларимни душманларим кўролмади, чидай олмади... "Ҳа-ҳа” деб кулсам ҳам, "ваҳ-ҳа-ҳа” деб кулсам ҳам кам, бундай номард одамларнинг устидан.
- Яқиндагина ижтимой тармоқларда тарқалган суратингиз учун судлашаётганингиз ростми?
- Йўғ-э, нега судлашаман?! Оддий расм-ку, буни кўрган айрим журналистлар билмайман, пиар бўлсин дебми, ўзининг рейтингини ошириш учунми шов-шув кўтариб бўрттириб ёзиб юборибди. Озода синглим, зўр қиз, тўйларимда хизматда бўлди. Тузини еб тузлуғига тупурадиган аёл эмасман. Кўпчилик телефон қилиб, бу Озоданинг иши деди. Ҳайрон бўлдим, чунки сурат унинг онасининг туғилган кунида туширилган. Қанча йил ўтиб кетган бу воқеага?! Нега айнан энди тарқалди? Бу кимга керак бўлди билмайман! Мендан "қайси тадбирга борганингизда суратга олинган?”, - деб сўрайверишганида ростини айтдим холос. Озода тарқатди демадим унга нисбатан хусуматим йўқ!! Баъзи журналистлар ҳам дилозор бўлмай, борини ёзиб қалам ҳақини ҳалоллаб олиши керак. Тарқатганлар менга ўхшаб қуда-андали, набирали бўлиб юришни ният қилиб ўзларини ёмонликдан тийишса бўларди. Ким тарқатган бўлса жазоси бор.
- Альбомларингиз сотуви билан қизиққанмисиз?
-Ҳа, альбомларим айрим компаниялар томонидан сотувга чиқарилган . Жуда кўп тиражда сотилишига уларнинг ўзлари ҳам ишонмаганди, лекин сотилди!
- Ростданми? Ажаблантирдингиз?
- Ҳа-да! Мен ўзимнинг "нархимни” ошириш учун ёлғон гапирмайман! Сотувда қолмаганида ўзим ҳам компаниядан нақд пулга сотиб олгандим. Яқинда йигирмата қўшиқ тайёрладим. Жами куйлаган қўшиқларим эса 160 дан ошган. Реклама қилмаганим учун тингловчилар бехабар.
- Тўйларда яна машҳур устозингизнинг қўшиқларини айтяпсизми?
- Йўқ. Бир неча йилдан бери ўз муаллифлик қўшиқларим билан хизматларни ўтказяпман. Санъатнинг сир-асрорларини ўргандим. Қўшиқчиликда овозим устозим Юлдузнинг ёрдамида чархланди. Шу боис устозим олдида доим таъзимдаман!
- Бир неча йилдан бери қўшиқ айтасиз, қайси қўшиғим мени одамларга эслатади, дея оласиз?
- "Мен Тошкентнинг шўх қизиман”ни ҳалигача тўйларда сўрашади. Ёшим энди бу қўшиққа тўғри келмайди десам, ҳам қайта-қайта айттиришади. Яна "Дўст” қўшиғимни ҳам яхши кўриб эшитади.
- Одатда қувноқ инсонни жиддий қабул қилишмайди, келинларингиз сизни жиддий қайнона сифатида кўришадими?
- Келинларим ҳам ўзимга ўхшаган қувноқ. Сал кеч қолсам, телефон қилиб: "Келяпсизми онажон, уй сизсиз зерикарли бўлиб қолди!”, - дейишади. Уларни ўз қизимдай кўраман. Улар жиддий туриб заҳримни сочадиган иш ҳам қилмайди. Аслида ҳаётда анча вазмин аёлман. Аммо уйда қайнонаман, айтганим айтган, деганим деган!
- Хатога йўл қўйишса уришмайсизми?
- Шу кунгача хато қилишмади, бундан кейин ҳам қилишмаса керак. Негаки, тарбияли оиланинг қизлари. Қолаверса ҳали ёш бола улар. Хато қилгудек бўлишса ҳам, тўғри йўлга солиб, йўл-йўриғини тушунтираман.
- Баъзи ҳатти-ҳаракатларингизга уларнинг кўзи тушганда хижолат бўлмайсизми?
- Келинларим доимо "вой ойижоним бунча асалсиз”, дейишади, улар учун атайлабдан ўйнаб тушиб бераман. Менинг танқидга учрайдиган рақсларимда арабча элементлар бор, холос. Шунақа ўйнайдиган хонанда борми? Йўқ! Танқид қилаверишмасин, мен ахир комик актрисаман! Комик актёрнинг вазифаси эса одамларни кулдириш. Мен рақсларим, ўз хатти-ҳаракатларим билан кулдиришга интиляпман.
- Тинчгина, сипо бўлиб қўшиқ айта олмайсиз шекилли-а..?
- Йўқ! Агар билсангиз ухлаётганимда ҳам ўйнайман! Шу томоним билан оригиналман! (кулгу кўтарилди)
- Хорижлик инсонга турмушга чиққанингиз ҳақида гап тарқалди.
- Йўқ, бу ёлғон! Ундай одамнинг ўзи ҳам йўқ. Чет элда виллаларим бор эмиш, хорижлик эрим олиб берганмиш... Бу ҳам миш-миш.
- Танқидларга эътибор бермайдиган бўлиб қолибсизми?
-Албатта! Аҳамият бермайман. Агар ўринли танқид бўлса қабул қиламан.
Ёдгорбек ЮКСАЛ суҳбатлашди.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://darakchi.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|