Bloomberg нашриёти ҳар йили чоп этадиган ишбилармон дунё вакиллари орасида нуфузга эга инсонлар Most Influential рейтингини эълон қилди. Шуни қайд этиш жоизки, бу йилги рўйхатдан россиялик фамилиялар ўрин эгалламади. Бундан ташқари, жадвални Alibaba асосчиси Жек Ма ва украиналик миллиардер Ринат Ахметовлар ҳам тарк этди.
"Нуфузли кишилар компаниялар барпо этиб, улкан муваффақиятга эришадилар. Улар банкларни бошқаришади ёки банклар фаолиятини тўхтатиб қўйишга қодирлар. Мазкур шахслар иқтисодиётларни ўзгартириб юборадилар. Пул оқимини бошқариб, сармоя учун киритган маблағлари миллиард доллар ҳажмида ортади. Мазкур рўйхатдан ўрин олган 50 кишининг таъсир кўрсатиш даражаси турлича, бироқ барчасига хос бўлган хусусият улар томонидан танланган соҳада кутилмаган мувафаққиятга эриша олганликларидир”, - дея алоҳида қайд этилади Bloomberg’да.
50 нафар нуфузли кишилар кишилар олтита турли хил категориялар орасидан жой олган:
• Жамоа қудрати асосчилари;
• Сиёсатни ўзгартирганлар;
• Пул бошқарувчилари;
• Банкирлар;
• Техника яратувчилари;
• Донишмандлар.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2015 йилда қайд этилган фамилияларнинг ярми илк маротаба пайдо бўлди. Қолган қисми эса бир ёки бир неча йилдан сўнг рўйхатга такрор равишда қайтганлардир. Уларнинг барчасини бирлаштириб турган хусусият, такрор айтамиз, фавқулодда равишда мувафаққиятга эришганликларидир.
Бироқ нуфузли одамга айланиш – бу ҳали ҳаммаси эмас. Бу мавқени сақлаб қола олиш лозим. Bloomberg экспертларининг фикрига кўра, ўтган йил мобайнида бор-йўғи 14 та одам 50 кишилик рўйхатда ўз ўринларини сақлаб қолишга муваффақ бўлишди. Мисол тариқасида улар орасида Tesla раҳбари Илон Маск, Appleнинг бош директори Тим Кук, молияшунослар Уоррен Баффет ва Карл Айкан, банкир Марио Драги ва АҚШ заҳира тизими раҳбари Жанет Йеллен ва "XXI асрдаги капитал” бестселлери муаллифи Тома Пикетти ҳам бор.
Most Influential рўйхатига бу йил илк маротаба кирганларни бир неча гуруҳларга ажратишимиз мумкин. Энг аввало булар давлат арбоблари – АҚШ президенти Барак Обама ва нуфузга эга бўлган сенатор Элизабет Уоррен, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, ГФР канцлери Ангела Меркель ва ХХР раиси Си Цзиньпинлардир.
"Яхшими ёки ёмонми, Хитой жаҳон бозори учун сув ва ҳаводек зарур, эндиликда Осиё вакиллари ҳар доимгидан кўра кўпчиликни ташкил этмоқда”, - дейди Bloomberg.
Хитой етакчиси билан бир қаторда топ 50 рўйхатига China Renaissance инвестбанки асосчиси Ван Цишань, миллиардер Ван Цзяньлинь (2015 йилда Forbes уни Хитойнинг энг бой одами дея тан олди), шунингдек Гонконгда ташкил этилган Next Media корпорацияси асосчиси Жимми Лайлар ҳам киритилган.
Рим папаси Франциск ҳам рўйхатдан ўрин эгаллади, Bloomberg унинг нуфузга эгалиги тўғрисида гап кетганида 1,2 млрд киши ёки Ер аҳолисининг 17 фоизи ўзини католик деб ҳисоблашини алоҳида таъкидлаган. Бундай қўллаб-қувватлашга эга понтифик қашшоқлик ва иммиграциядан тортиб иқлимнинг глобал ўзгаришигача бўлган замонавий жамиятнинг энг оғриқли масалаларини ҳал этишни илгари суради.
Most Influentialнинг янгиланган рўйхатида Халқаро валюта фонди раҳбари Кристин Лагард, шунингдек дунёнинг йирик банклари ва сармоя компаниялари раҳбарлари ва катта менежерлари Жеймс Даймон (JP Morgan Chase), Абигейл Жонсон (Fidelity Investments), Тидиане Тиам (Credit Suisse), Ручир Шарма (Morgan Stanley), Жейн Гладсон (Evercore Partners) лар ҳам бор.
Bloomberg экспертлари ўз рўйхатларига интернет орқали бизнес юритувчи йирик компания вакилларини ҳам киритишди. Унда LinkedIn асосчиси Рид Хоффман ва Amazon.com асосчиси Жеф Безос ва Alphabetнинг тижорат директори Pyт Поратлар ҳам мавжуд.
Рўйхатда ҳурматга сазовор бўлган бўлган иқтисодчилар (Пол Кругман, Ричард Талер) ва Toyota Motor раҳбари Акио Тойода шунингдек швейцария-бразилиялик миллиардер (24,1 млрд АҚШ доллари) Хорхе Пауло Леманн, нигериялик Алико Дангота (18,3 млрд АҚШ доллари) ва британия-суданлик Мо Ибрагим (1,07 млрд АҚШ доллари)каби экзотик шахсларга ҳам жой топилди.
Эслатиб ўтамиз, "Нуфузга эга бўлган кишилар” рейтинги Bloomberg нашриёти томонидан 2011 йилдан бери чоп этиб келинмоқда. Рўйхатга киритиш учун маблағ бозорига таъсир кўрсатувчи 50 та одам танлаб олинади. Рейтинг дунёнинг 150 та мамлакатида фаолият юритувчи агентлик журналистларининг консенсус-баҳоси асосида тузилади. 2015 йилда рўйхатни яратишга турли компания вакиллари бўлган тўққизта соҳа экспертларидан ташкил топган махсус жюри жалб этилди.