24 ноябрь, душанба куни бутун Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчилик кутилади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар бермоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳрида ҳаво булутли бўлади, ёмғир ёғиши, кечга томон қорга айланиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи +8…+10 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳам ёмғир қорга айланиши мумкин, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳам ёмғир, ҳам қор ёғиши мумкин.
Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида қор ёғиши кутилмаяпти, бироқ кучли ёмғир ёғиши мумкин. Тоғли ҳудудларда эса ҳар иккала ёғингарчилик тури кузатилади.
Ҳаво ҳарорати Қорақалпоғистон ва Хоразмда +2 даражагача, тоғли ҳудудларда +3 даражагача, қолган ҳудудларда эса +7…+13 даражагача илиқ бўлади.