Кўпгина давлатларда "ақлли” шаҳарларни яратиш масаласи кўндаланг турганда, биз мегаполисга айлантиришни кўзлаган Тошкент шаҳрида ҳамон оддийгина машиналар учун тураргоҳ масаласини ҳал эта олмаяпмиз.
Назаримизда, ҳокимият бу масалани ечишни ҳали кун тартибига ҳам қўймаган.
Шаҳарларда автомобиллар учун тўхташ, яъни "паркинг” масаласи ривожланган ва ривожланаётган давлатларда ҳам бирдек муаммо саналади. Бутун дунё бўйича – 6 қитъада ва 30 дан ортиқ давлатларда ҳайдовчилар вақтинчалик тўхташ учун жой қидиришни энг асаббузар иш деб билишади.
АВТОМОБИЛЬ ҚУЛАЙЛИКМИ ЁКИ МУАММО?
"IBM Global Parking Survey” корпарацияси йигирмата Европа давлатлари аҳолиси ўртасида (10 минг киши қатнашган) сўровнома ўтказган. Унда ҳар 10 кишидан 6 нафари автомобилни қолдириш учун жой излашни тушкунликка олиб келувчи вазиятлардан деб ҳисоблаган. Шунингдек паркинг муаммоси шаҳарда бизнес ривожланиши учун халақит берувчи омиллардан бири сифатида кўрилади. Марказий йўлларда тирбандлик ҳосил бўлишининг 30 фоизи ҳайдовчиларнинг тўхташ учун жой излашлари туфайли келиб чиқади.
Бугунги кунда кўпгина бизнес марказга айланган шаҳарлар автомобиль учун тўхташ жойларини турли замонавий йўлларини излашмоқда. Аввалига кўп қаватли автомобиль турар жой бинолари қурилган. Кейинчалик қаватли тўхташ биноларига жой етмагач, мавжуд бизнес марказлари ер ости йўллари ва томларини паркингга алантириш урф бўлган. Бу учала усул ҳам кор қилмаган жойларда бино тарзида ўралмаган, лифтли парковкалар қуриш ривожланди. Уларда машина қолдириш соатига ўртача 30 доллар бўлиб, лифт машинани юқорига кўтариб жойлаб қўяди. Бу каби ихчам автотураргоҳлар Германия, АҚШ каби давлатларда ривожланган.
ХЎШ, ТОШКЕНТДА ҚАНДАЙ ТЎХТАШ ЖОЙЛАРИ МАВЖУД?
Тошкентда ҳозирда айрим тўйхона ва тамаддихоналар паркингни ҳисобга олган ҳолда қурилиш қилмоқда. Йирик супермаркетларда ҳам албатта, автотураргоҳ инобатга олинган. Лекин шаҳарнинг аксар қисмларида ҳозирда фақатгина "тўхташ мумкин эмас”, белгиларини кўриш мумкин. Буни автомобилларни шаҳардаги транспорт оқимига халақит қилмаслик учун кўрилган чора, дейиш мумкин. Бугунга келиб Тошкент шаҳрининг ўзида 450 мингдан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатланмоқда. Шаҳар марказлари доим автомобиллар билан гавжум. Бироқ автотураргоҳ у ёқда турсин, марказларда тўхташ мумкин бўлган жойнинг ўзи топилмайди.
500 МИНГГА ЯҚИН ОДАМ ЖАРИМА ТЎЛАДИ
Тошкентнинг Хадра майдонидан Ўрда анҳорига қараб "Навоий” кўчаси бўйлаб юраркансиз, автомобилни четда тўхтатишнинг иложи йўқ. Чунки кўча бўйларида "тўхташ мумкин эмас” (3.27) белгилари кетма-кет жойлаштирилган.
Қоидага кўра, бу белги (3.27) остида 1 дақиқа ҳам тўхтаб туриш мумкин эмас. Бирон иш билан йўл четида тўхтаб, машинадан тушдингизми, ЙПХ ходими бунга гувоҳ бўлиб қолса, нақд 530 минг сўм жарима солади. Жорий йил бошидан бугунга қадар 11 208 нафар ҳайдовчи тўхташ ва тўхтаб туриш қоидасини бузган, (3.27) йўл қоидасини бузиш бўйича 461 063 нафар ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирилган. Салкам 500 мингга яқин ҳайдовчи ярим миллион, бир йил ичида бу қоидани иккинчи маротаба бузиши бўлса, 1 миллион сўм атрофида жарима тўлаган.
Қоидабузарларни айблашга шошилмайлик. Чунки қоидабузарга жарима бор-у, лекин тартибни бузмаслик учун шароит йўқ. Вақтинча тўхташ учун махсус жойлар мавжуд эмас. Бор жойлар ҳам, кун давомида автомобилларга тўла бўлади.
Шундай экан, (3.27) белгиларини камайтиришнинг имкони йўқми? Навоий хиёбони Тошкент марказининг асосий кўчаларидан бўлиб, доим машиналар билан гавжум. Қоидани бузиб тўхтаб турган машиналар ҳам "тахланиб” ётибди. Лекин кимнинг бугун омади чопмаган бўлса, унга бу тўхташ 530 минг сўмга тушади. Шаҳар марказида бу каби белгилар қўйилган кўчалар анчагина. "Ўзбекистон”, "Буюк Турон”, "И.Каримов” кўчаларига ишингиз тушса, пиёда йўлга отланаверинг. Тошкент сизни севади, лекин сизга қулайлик яратиб беролмайди. Тўхташ учун шароит яратиш керак ёки белгини ўзгартириш лозим. Акс ҳолда, (3.27) белгили йўллар одамлар учун муаммоли, ЙПХ ходимлари учун эса "даромадли” кўчалигича қолаверади. Йилдан-йилга машиналарнинг кўпайиб боришини ҳисобга олсак, бугун 450 мингта бўлган транспорт воситалари миллионга чиққанда, тураргоҳлар муаммоси янаям долзарблашади.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot darakchi.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|