Бир ҳафтадан кейин менинг тўйим, афсуски, эгизагим Зуҳра билан ойим тўйимга келишмайди. "Сен каттасан-ку, боролмаганимга хафа бўлма. Ишдан жавоб беришмайди, кетсам, ишсиз қоламан. Россия бир қадам жой бўлса экан...” деди ойим. Томоғимга нимадир тиқилгандек бўлди. Аслида, Зухрадан бор-йўғи тўрт дақиқа олдин туғилганман. Лекин ойим, негадир, доим унга ёш боладек, менга эса катталардек муомала қилардилар.
Ойим билан синглим тўйга кела олмасликлари сабабини аммамга айтганимда қовоғи уюлди:
— Тавба, худди усиз бутун бошли давлатнинг иши тўхтаб қоладигандек гапиради-я...
Биринчи марта ойимдан ранжидим.
Тўрт-беш ёшлар бўлганимизда дадам биз билан яшамай қўйди. ҳар куни дадамнинг ишдан келишини интизорлик билан кутиб ўтиришга ўрганганим учун ўша куни ишдан келмагани менга ғалати туюлди. Бир неча марта дарвозадан чиқиб, йўлига қарадим. Онамдан сўрашга эса қўрқдим. Чунки ўша куни онам кун бўйи йиғлади, ҳатто овқат ҳам қилмади. Қорним очганидан музлатгичдан бир бош узум олиб, нон билан едим. Зухрага ҳам узумдан ювиб бердим. Қоронғу тушди ҳамки онам хонасидан чиқмади. Чироқларни ёқишга бўйим етмагани учун синглим қоронғуда қўрқамасин, деб кўча чироқларининг ёруғи тушиб турган дераза ёнига ўтқиздим.
— Фоти, қорним очди... — ҳиқиллади Зуҳра деразага пешонасини тираб.
— ҳозир дадам келсинлар, овқат еймиз, — дедим ойим овқат пиширмаганини билсам-да.
Пешонамизни деразанинг совуқ ойнасига босиб анча ўтирдик. Охири Зуҳра йиғлай бошлади.
— Сен кириб ойимни уйғотиб чиқ, мен уйғотсам уришадилар... — дедим.
Чунки ойим "сен каттасан-ку, ақлинг йўқми” деб мени уришар, Зуҳрага эса индамасди.
Бироздан сўнг Зуҳра билан ойим чиқиб келишди. Кўп йиғлаганидан ойимнинг кўзлари шишиб кетганди. Бир оғиз гапирмай чой қўйди, бироздан кейин печенье билан ширин чой ичдик. Ойим туз тотмади. Кўзини бир жойга тикканча ўтираверди.
— Ойи, дадам нега келмаяптилар? — сўрадим пичирлаб.
Дадамнинг шу пайтгача келмаганидан хавотирда эдим.
Ойим менинг гапимдан сесканиб кетди ва бақириб берди: — Даданг ўлган! Энди келмайди, билдингми?!
Бу гап менга худди тарсакидек тегди, қўрққанимдан йиғлаб юбордим.
— Ўчир овозингни! Мен нима азобда ўтирибман-у, ойи яхшимисиз, дейиш ўрнига, бу дадасини сўрайди!
Зуҳра ойимнинг пинжига тиқилиб йиғлай бошлади.
Ойимнинг гапидан ҳайрон бўлдим, аслида, ойимга ҳам ачинаётгандим.
— Ўлмаган! Ўлмаган... — яна хаёлим дадамга кетиб йиғлашга тушдим.
— Биз учун ўлган, ўша сен яхши кўрадиган даданг! Энди биз билан яшаймайди! Истасанг, сен ҳам дадангнинг ёнига кетишинг мумкин...
Бу гапдан баттар қўрқиб кетдим ва ҳозироқ улардан айрилиб қоладигандек Зуҳрани қучоқлаб йиғлаб юбордим.
Эртаси куни бувим — ойимнинг онаси келди. Бўлган гаплардан хабар топгач, "болаларни бекор қўрқитибсан, буларда нима айб” деб ойимни койиди.
Шу воқеадан кейин анчагача дадамни кўрмадим. Кутилмаганда бир куни дадам уйимизга кириб келди. Қувонганимдан бўйнига осилиб олдим.
Дадам бизни тиззасига ўтқизиб анчагача бошимизга бошини босиб ўтирди. Менимча ўшанда йиғлаганди. Кейин эса уйга кириб, иккита жамадон кўтариб чиқди. Шунда дадам ростдан ҳам кетаётганини тушуниб, йиғлаганча оёқларига ёпишганман: "Дадажон кетманг, кетманг...”. Дадам мени кўтариб олмоқчи бўлганида ойим қўлимни силтаб тортиб олган...
Ўшандан кейин нима бўлганини билмайман, Зуҳранинг айтишича, йиқилиб тушибман, ойим билан дадам эса роса жанжаллашибди...
Ўзимга келганимни кўрган ойим: "ҳа, турдингми? Намунча дадамлаб ўлдинг? Ортидан югурганинг билан ташлаб кетти-ку”, деди жеркиб.
Назаримда шу кундан бошлаб, ойим мени ёмон кўриб қолди. ҳар икки гапнинг бирида "дадасининг ортидан югурди, ҳеч қачон менга эл бўлмайди бу” деб бувимга нолирди.
Мен эса дадамни яхши кўришимнинг нимаси ёмонлигини тушуна олмасдим.
Шундан кейин ойим бизни бувимга ташлаб, кунда-кунора қаёққадир кетадиган бўлди. Кунларнинг бирида битта қоғозни бувимнинг олдига ташлаб, "Мана, қутилдим, ношуддан” деди. У қоғоз ажрим ҳужжати эканлигига кейинчалик ақлим етди. Кейин ойим бизни боғчага берди. Боғчага боришни ёмон кўрардим. Кун бўйи ёғоч стулчаларда ўтириш, боғча опадан рухсат сўраб гапириш, бемаза овқатлар ейиш сира ёқмасди. Айниқса, ойимнинг кечикишидан қўрқардим. Худди, ойим ҳам бизни ташлаб кетади-ю, бир умр шу боғчада қоладигандек...
Боғчадан келишимиз билан эса ойимга ёрдам бергим келарди. Ойим чой дамласа, мен пиёлаларни олиб бораман, йиғламасинлар, хафа бўлмасинлар, деб доим изларидан юраман. Бир куни ойим чой дамлаганда ёрдам бермоқчи бўлиб пиёлаларни кўтариб шошилдим. Бир маҳал тўқнашиб кетиб йиқилиб тушди, пиёлалар чил-чил бўлди...
Ойим роса калтаклади...
Эртасига ойимнинг бу ишидан хабар топган бувим бошимни силаб сўради:
— Қўлчаларинг оғригандир болам...
— Оғримади бувижон, ойимни хафа қилдим, ўзи ишдан чарчаб келган эканлар...
Бир куни кутилмаганда боғчамизга Нодира аммам келди. Боғча опам билан алланарсалар ҳақида анчагача шивирлашиб турди. Боғча опам ҳам, "биламан, хабарим бор” деб унинг гапини маъқуллади.
— Фотима, қизим, бугун бизникига меҳмонга борасан, ойингдан рухсат сўраганман... — деди аммам, негадир, мендан кўзини олиб қочиб.
— Майли, ойим рухсат берган бўлсалар борамиз, — дедим ва ўйнаб ўтирган Зуҳрани чақириш учун шошилдим.
— Йўқ, Зуҳра бормайди. Бир ўзинг борасан, у эртага ойинг билан боради, — деди аммам.
Кўнглим ғаш бўлди. Югуриб бориб, Зуҳрага аммам билан кетаётганимни айтдим. Уни меҳмонга олиб бормаётганимга ачиндим. Зуҳра мен ҳам бораман, деб йиғлаганди, аммам "ойинг бир ўзи қўрқади-ку”, дегач, тинчланди. Зуҳрани маҳкам қучоқлаб хайрлашдим...
Шу билан Зуҳрани ўн тўрт йил кўрмаслигимни билмасдим. Ойим уни олиб, хорижга ишлагани кетиб қолганини кейинроқ эшитдим.
Аввалига дадам, кейин ойим ва Зуҳрадан айро яшашга ўрганишим жуда қийин бўлди. Болалигим касалхоналарда ўтди, шифокорлар тайинли ташхис қўя олишмас, лекин касалликдан бошим чиқмасди. Бир куни бир дўхтир, "қаеринг оғришини қўлинг билан кўрсата-чи, қизим” деганда қўлимни кўксимнинг чап тарафига қўйиб, "шу жойим қаттиқ ачишиб оғрийди” деган эканман. Аммам ҳалигача бу гапни кўзида ёш билан эслайди.
Дадам шу кетганча бошқа шаҳарга кўчиб кетган, аммамнинг айтишича узоқ бир жойда денгизчи бўлиб ишларкан. Кейинроқ дадамнинг уйланганини эшитдим. Шундан кейин икки-уч йилда бир марта мендан хабар олиб кетадиган бўлди. Лекин бу учрашувларда нимадир етишмасди. Улғайганимдан сўнг, аслида, ҳаммамиз бирга яшаган пайтларни соғинганимни тушундим.
Ойим тўйга етиб кела олмаслигини эшитиб кўнгли бузилган аммамни ёлғиз қолдириб хонамга чиқдим ва умримда биринчи марта ойимга хат ёздим.
"Ойижон, мен сизни яхши кўраман. Лекин, нечундир, буни сиз ҳеч қачон сезмагансиз. Зуҳрадан бор-йўғи тўрт дақиқа катта бўлсам-да, доим сен каттасан-ку деб у учун ҳам менга дакки берардингиз. Лекин шукрки мен, барибир, Зуҳрани ёмон кўриб қолмадим. Дадам билан ажрашганингиздан кейин мени кўришни истамай қолганингизни сабабини катта бўлиб тушунгандек бўлдим. Биз эгизак бўлсак-да, Зуҳра сизга, мен эса дадамга қуйиб қўйгандек ўхшардик. Балки дадамни буткул унутиш учун ҳам мени ўзингиздан узоқлаштиргандирсиз... Сизни оқлаш учун менда баҳоналар кўп. Бугун ўзимга ўзим ваъда бердим. Мен ҳеч қачон фарзандларимни отасидан ва бир-биридан узоқлаштирмайман. Сиз қилган хатони қайтармайман, ҳеч бўлмаса шу томондан сизни асрайман. Бўлмаса қизим мен қилган хатони такрорлади деб куйиниб юрасиз. Янги ҳаётга қадам қўйиш олдидан сиз учун ҳам ўзимга ўзим оқ йўл тилайман...”
Йиғлай-йиғлай ухлаб қолибман. Тонг саҳардан шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Кечанги кўнгилхираликлардан оғир бўлиб уйғонганим сабаб бошимни кўтаргим келмади. Бироздан кейин хонамнинг эшиги секин очилди.
— Фоти...
Ток ургандек сапчиб ўрнимдан турдим. Остонада менинг ярмим Зуҳра турарди.
Йўлакдан дадамнинг ҳам овози эшитилди.
Зуҳрани бағрига отилиб, сўроққа тутдим: — Наҳотки, келган бўлсанг? Ойим қандай бир ўзингни юборди?
— Дадам билан боришимни эшитиб, кўнди. "Агар Фотини тўйига юбормасангиз, ҳеч қачон турмушга чиқмайман”, деб қўрқитдим, — кулди Зуҳра.
Меҳмонларни кутиб олгач, югуриб хонамга кириб, ойимга ёзган хатимни олиб давом эттирдим: "... Сизга яна бир нарса учун — Зуҳрани меҳрибон қилиб тарбиялаганингиз учун раҳмат, ойижон” деб ёзиб қўйдим.
Дилфуза СОБИРОВА
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|