Ҳар куни копьютер олдига келганимда, "бугун нима ҳақида ёзсам экан?”, деган хаёллар келади. Аммо бугун нима ҳақида ёзишни ўйлаб ҳам кўрганим йўқ. Чунки бугун, айнан севган касбим ҳақида ёзмоқчиман. Ўқитувчи бўлиш қанчалик осон ва қийинлиги ҳақида ўз тажрибамдан келиб чиқиб ёзаман.
Мақоламни ёзишни бошлар эканман, аллақандай ҳиссиётлар вужудимни қамради. Чунки кўп йиллик ўқитувчи бўлмасамда, бўлишишга арзийдиган воқеалар талайгина. Аммо нимадан сўз бошлашни ҳам билмай турибман.
Ҳар гал ҳамкасбларим билан бирга ишлаганимда ёки тренинглар ўтказганимда доимо "Ишингизни яхши кўрасизми?”? деган саволни бераман. Ўқитувчи бўла туриб ўз касбини севмайдиганлар бўлмаса керак деб ўйлайман.
Аввламбор, яхши ўуитувчи бўлиш учун ўқувчилар билан яхши муносабатда бўлиш жуда муҳим деб ўйлайман. Авваллари ўз фанимни аъло даражада биламан, масулиятлиман. Шунинг ўзи етар, деб ўйлардим. Аммо бу ўқитувчилик ютуғимнинг атиги 20% эканлигини тушуниб етаяпман. Чунки ўқиш ва ўрганиш завқ бағишлаши кераклигига амин бўлаяпман.
Ҳақиқатдан ҳам, ўзингиз ўйланг, барчамизнинг ҳам мактабда ёмон кўрган фанимиз бўлган, фанни қийинлиги учун эмас, айнан ўқитувчи биз билан ёмон муносабатда бўлгани учун ёқтирмаганмиз. Қанчалик тан олиш қийин бўлмасин, барига яна биз ўқитувчилар сабабчимиз.
Биласизми, у йил мен дарс берган бир бола бор эди. Гуруҳда ҳаммадан ҳам шўх, ўзи ҳам ўқимас, бошқаларни ҳам ўқишга қўймас эди. Урушдим, синф раҳбарига ҳам айтдим, кези келганда у болани синфда йўқ деб ҳисоблашга ҳаракат қилдим. Роса уч ой қийналдим. Аммо яхшилаб ўйлаб кўрсам ўзим эмас болани қийнаган эканман. Чунки мен у билан чиқишиш учун самарали усул ишлаб топмаган эдим.
Бу йил ҳам, тақдир тақозоси билин ўша гуруҳ яна менга тушди, бошида бироз хафа бўлдим. Аммо бошқача усул ўйлаб топдим. Дарсни биринчи кунидан у йил ўша болага 3 баҳо қўйганимдан афсусдалигимни ва тартиби бироз яхши бўлганида 4 ёки 5 баҳо қўйишим мумкинлигини бот – бот такрорладим. Қарабсизки, гуруҳнинг энг шўх боласи дарсларимда доим тайёр, ҳатто олд партада ўтирадиган ва тартибли бўлишга ҳаракат қиладиган бўлди.
Инглиз тили ўқитувчиси бўлганим учун кичик синф ўқувчиларига дарсларни қўшиқлар билан ўтаман. Бугун бир қўшиқни ўргата туриб, болаларга қўшиқни ўқиб, оҳангга мос қарсак чалишни таклиф қилдим. Болалар ҳам завқ билан куйлай бошлашди. Дарсни охирида бир қизча келиб, қулоғимга "Устоз, мен ҳам сиз каби инглиз тили ўқитувчиси бўламан”, деди. Айтинг, бундан ортиқ бахтнинг ўзи борми!
Ўқитувчилар шунчаки ўқитувчилар эмас, улар психолог, вақти келганда она, жойи билан терапевт ҳам бўлишлари керак. Чунки Ватанимиз келажаки, айнан ўқитувчилар қўлида чунки биз келажак пойдеворларини ўқитамиз, деб қолувчи Зарнигор Хаятова.