Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Америка қитъаси Христофер Колумбдан қарийб уч аср аввал, XII асрда мусулмонлар томонидан кашф этилганини маълум қилди. Бу ҳақда Agence France-Presse хабар бермоқда.
«Лотин Америкаси ва Ислом ўртасидаги алоқалар XII асрга бориб тақалади. Американи Христофор Колумб эмас, балки 1178 йили мусулмонлар кашф этган», – деди Туркия президенти Лотин Америка мамлакатлари мусулмон ҳамжамиятлари етакчиларининг Истанбул саммити давомида қилган телемурожаатида.
«Мусулмон денгизчилар 1178 йилда Америка қирғоқларига етиб боришган. Колумб эса Куба қирғоқларидаги тепаликда масжид борлиги ҳақида ёзиб қолдирган», – деди Эрдўған.
Эрдўғаннинг қайд этишича, Анқара Колумб томонидан қайд этилган жойда масжид қуришга ҳам тайёр. «Мен бу масалада кубалик биродарларим билан гаплашишни истардим. Масжид бу тепаликка жуда ярашиб турган бўларди», – деди Туркия етакчиси.
Тарихий китобларга кўра, Ҳиндистонга олиб борувчи ғарбий йўлни қидирган Христофор Колумб 1492 йили Америка қитъасига қадам босган.
Мусулмон уламоларнинг кичик бир гуруҳи бир муддат аввал Шимолий ва Жанубий Америкага айнан мусулмонлар биринчи бўлиб боргани ҳақидаги фаразларни илгари суришган, бироқ қитъада Колумбгача бўлган даврга оид Ислом динига алоқадор ҳеч нарса топилмаган.
1996 йили тарихчи Юсуф Маъруҳ томонидан эълон қилинган баҳсли мақолада Христофор Колумбнинг кундаликларида Кубада масжид борлиги ҳақида қайдлар ёзилгани айтилган. Бироқ, AFP’нинг қайд этишича, муаллифлар Колумб ҳудуд ландшафтини таърифлашда ўхшатишдан фойдаланганини нотўғри тушунишган.
Маълумот учун, бир гуруҳ олимлар томонидан Америка қитъасини Колумбдан ҳам аввал Шарқ Уйғониш даври вакили Абу Райҳон Беруний кашф этгани айтилади. У ўз ҳисоб-китобларига асосланиб, қарама-қарши томонда ҳам қуруқлик борлигини тахмин қилган.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|