— Сиздан она ва қиз ўртасидаги муносабат қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўрамоқчи эдим. Бир танишим онасига гап қайтаради, тенгма-тенг олишади, уй юмушларини волидасининг гарданига юклаб қўйган. Онасига сира раҳми келмайди. Ундан бундай муомаласининг сабабини суриштирсам, «Онам кичкиналигимда ҳамманинг олдида урарди, уришарди. Яна отамни писанд қилмаган, қариндошлар, қўшнилар олдида ҳам камситарди. У киши ҳеч бир эркак чидаб туролмайдиган гапларни айтарди. Лекин отам ўта оғир, вазмин, сабрли киши бўлгани учун индамасди. Отамдан ҳам хатолик ўтгандир балки, лекин онамнинг бундай муомаласи билан хато тузалиб қолмайди-ку! Отамнинг ўрнига мен гапираман», дея жавоб қилди. Энг ачинарлиси, ўша қиз ота-онага яхшилик қилиш қай даражада муҳимлиги билади, аммо илмига амал қилмайди. Ўша танишимга қандай насиҳат қилсам бўлади?
Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.
— Ислом дини биз мўмин-мусулмон бандаларни ҳар бир тирик жонга раҳм-шафқатли бўлишга ундайди. Ҳатто, чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Шундай экан, яратилган жонзотлар ичида энг шарафлиси ҳисобланган инсон зотига икки карра кўпроқ ҳурмат ила муносабат қилиш лозим. Инсониятнинг энг яхши вакиллари бўлмиш мусулмонлар бошқа эътиқоддагиларга нисбатан яхши муомалага муносиброқдирлар. Мусулмонлар ичида яқин қариндошлар, қўни-қўшниларга ўзгалардан кўра кўпроқ мурувват кўрсатилади. Ота-она эса инсон боласи яхшилик қилиши керак бўлган энг муҳтарам зотлардир. Ота-она қайси динда, қандай мартаба ва ёшда эканидан қатъи назар, уларнинг кўнгилларини оғритмаслик шарт.
Она илгари фарзандларига меҳр кўрсатолмай, яхши тарбиялай олмагани бу бошқа масала. Онанинг баъзи хатолари сабаб унга яхшилик қилиш вазифаси фарзанд гарданидан соқит бўлмайди. Балки фарзанд ўзини дунёга келтириб, боқиб катта қилган онасини эъзозлаши лозим. «Онам менга меҳр бермаган», «Ёшлигимда ташлаб кетган», «Отамга ҳурматсизлик қилади» каби баҳоналар кетмайди. Зеро, фарзанд ҳарчанд уринмасин, онасининг ҳомиладорлик вақтида, қолаверса тўлғоқ тутганда чеккан бир лаҳзалик оғриғининг ҳақини ҳам адо этолмайди.
Сиз айтган синглимизга шуни таъкидлаймизки, ота-онанинг ўртасидаги масалага фарзанд аралашмагани маъқул. Сабаби ота гапириши мумкин бўлган гапларни қиз онага айтишга ҳақли эмас. Ота ўз аёлига бошлиқ. Қиз эса улар учун фарзанддир, демак, уларнинг айтганини қилиши керак. Шундай экан, эр-хотин ўртасидаги баъзи тушунмовчиликни деб онани ёмон кўриш нотўғри. Бу иш шариат кўрсатмаларига тескари! Унутмайлик, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва салам) Асмо бинти Абу Бакр (розияллоҳу анҳо)ни кофир онасига раҳм-шафқат кўрсатишга, унга яхши муомалада бўлишга буюрганлар.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot darakchi.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|