Маълумотларга кўра, болаларнинг 99 фоизида рахитга мойиллик бор экан. Бу касаллик эса қатор бошқа хасталикларга сабаб бўлади. Жумладан, суяк қийшиқлигига ҳам. Хўш, болажонларимиз оёқ суяклари қандай ўсаётганини биласизми? Ёки дилбандларимизнинг суяклари қийшиқ ўсишига ўзимиз сабабчи бўлиб қолишимиз мумкинлигини-чи?
Мавзу юзасидан Республика Травматология ва ортепедия институти болалар ортопеди, олий тоифали шифокор Рустам ШАРАПОВга мурожаат қилдик.
Сабаби нима?
Рахитнинг пайдо бўлишига организмда кальций етишмаслиги сабаб бўлади. Натижада болада суяк қаттиқлигининг камайиши, юмшаши кузатилади. Оқибатда кичкинтой юрганда барча оғирлик оёқларга тушади. Бўшаб қолган суяклар эса қийшайишга мойил бўлади.
Турлари
Суяк қийшайишининг 3 тури мавжуд:
1. Хсимон. Бунда оёқлар ташқарига қараб бир-биридан узоқлашади. Яъни Х кўринишида бўлади.
2. Осимон. Оёқ суяклари ичкарига қараб ўсади. Оёқ орасида овал шакл пайдо бўлади.
3. Ҳар иккисининг аралашган ҳолати. Бир оёқнинг суяклари ичкарига қараб, иккинчисиники эса ташқарига қараб ўсади.
Ҳомиладорликда…
Она қорнида боланинг оёқлари ҳеч қачон қийшайиб ўсмайди. Ҳомиланинг жойлашув ҳолати нормал физиологик жараён ҳисобланади. Туғилганда эса оёқлардаги қийшиқлик ўз ўрнига тушади. Лекин ҳомиладорлик даврида туғилажак болада рахитга мойиллик пайдо бўлиши мумкин. Чунки ҳомиладор аёлнинг турли хил касалликларни бошдан кечириши, жумладан, тез-тез шамоллашлар, камқонлик, буйрак хасталиклари болада витаминлар етишмаслигига олиб келади.
Бола неча ёшдан юриши керак?
Болаларда нормал юриш вақти 1 ёш. Қиз болалар ўғил болаларга нисбатан тез юра бошлайди. Айрим ота-оналар «Фарзандим қадам ташламаяпти», деб ўзи гўдакни юргизишга ҳаракат қилади. Бу нотўғри. Бир ёшга тўлмаган гўдакнинг суяклари тўлиқ ривожланиб улгурмаган бўлади. Ортопедик муаммолари бор болаларга эса то даволаниб, қувватга киргунича, яъни 1,5-2 ёшгача юриш тавсия этилмайди. Уларни доим назорат қилиш керак. Иложи борича кўтариш, аравачаларда олиб юриш лозим.
«Ходунок»лар зарарлими?
Юришни ўрганиши учун соғлом болалар 9-11 ойликдан бошлаб «ходунок»ларга ўтқазилиши мумкин. Ортопедик касалликлари бор болаларга «ходунок»дан фойдаланиш мумкинмас. Чунки кичкинтойга уларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ.
«Кинегуру» сумкаларнинг эса оёқ қийшиқлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Оёқ қийшайиши кузатилган гўдакларни бешикка белаш ҳам тавсия этилмайди.
Қандай билиш мумкин?
Аввал болани ечинтириб, тик оёқда турғизиб қўйинг. Кейин тиззаларини ва бармоқларни жуфтлаштиринг. Агар тиззалардан кейин оёқлар ораси очилиб қолса ёки тиззанинг бири иккинчисининг устида бўлса, демак, болангизда суяк қийшайиши аломати бошланган. Ортопед мутахассисга учрашиб, зарур муолажаларни олинг.
Овқатланишга ҳам боғлиқми?
Боланинг витаминга бой овқатларни истеъмол қилиши жуда муҳим:
* Овқатланиш рационида сут ва сут маҳсулотлари доим бўлсин.
* Енгил ҳазм бўладиган меваларни ҳар куни истеъмол қилсин.
* Болага цитрус меваларни олиб берманг.
* Ширинликлар, айниқса, шоколадни кўздан пана қилинг.
* Фарзандингиз балиқ маҳсулотларидан ҳам тановул қилиб туриши керак.
* Куз ва қиш мавсумида албатта калций витаминини бериб боринг.
Қандай даволанади?
Суяк қийшайишини даволашнинг оғир ва енгил турлари мавжуд.
Енгил формаларни даражасига қараб диета, витаминлар, уқалаш, физеотерапия, парафин ва бошқалар билан даволаш мумкин.
Оғир формаларда эса гипс, шина қўйиб суякни тўғирлаш лозим. Агар даволаш самара бермаса, операция орқали суяк кесиб, ўз ҳолатига келтирилади.
Шифокор тавсиялари
— Туғиш оралиғи 3 йилдан кам бўлмасин. Туғруқни режалаштиришдан олдин даволанинг, витаминлар қабул қилинг. Камқонликнинг олдини олинг. Ўшанда фарзандингиз соғлом туғилади.
— Болангизни ҳар 3-6 ойда ортопед кўригидан ўтказинг. Агар шифокор суяк юмшаши аломатларини сезса, юришни чеклаш керак.
— Болангизга калций, витамин Д, витамин С, магний бериб боринг.
— Яссиоёқлик ҳам суяк қийшайишига олиб келади. Боланинг оёғи 1 ёшгача ясси, яъни текис ҳолатда бўлади. 1 ёшдан кейин товон ва бармоқлар ораси кўтарилади. Агар ана шу кўтарилиш жараёни сезилмаса, демак, рахит аломатлари пайдо бўлган. Юриш натижасида барча оғирлик оёққа тушади ва суяк қийшайиши кузатилади.
— Болангизни ҳар куни ташқарига олиб чиқинг. Қуёшнинг ултрабинафша нурлари ҳар қандай витаминдан устун.
— Машқларга келадиган бўлсак, ўзингиз эмас, ортопед тавсияси асосида ўз ҳудудингиздаги поликлиникалардаги болалар массажисти шуғуллансин.
— Уй шароитида эса болани ётқизган ҳолда оёқларини кунига бир неча маротаба велосипед ҳайдаётган каби ҳаракатлантиринг. Чалқанча ётқизган ҳолатда ҳам ушбу машқларни бажаришингиз мумкин. Шунингдек, икки оёқ бармоқларидан ушлаб орқага букинг.
Севара ОРИПОВА тайёрлади.