2011-2015 йилларда Нукус Давлат педагогика институтида гранд асосида таҳсил олганман. Ўқишни тугатиб, Беруний туманидаги 45-сонли мактабга бошланғич синфга ўқитувчи бўлиб ишга қабул қилиндим. Иш стажимга 2 йил тўлди. Шу йилнинг ёз ойида қозоғистонлик йигитга турмушга чиқиб, Қозоғистонга кетмоқчи эдим. Гранд асосида ўқиганим учун менга дипломимни 3 йил ишлаганимдан кейин беришларини айтишяпти. Мен 2 йил ишлаганим учун дипломимни олсам бўладими? Аввал коллеж дипломи билан ҳам тўрт йил мактабда ишлаганман, бу ҳисобга кирмайдими?
Гулхан Рахмонова, Қорақолпоғистон Республикаси, Беруний тумани 45-мактабнинг бошланғинч синф ўқитувчиси.
Б.Ражабов, Кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини ташкилий-методик таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларининг 2005 йил 8 июлдаги 58-сон, 154-1-сон, 19-сон, 02/2658-сонли қарорлари билан "Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланган. Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2005 йил 6 августда 1506-сон билан рўйхатдан ўтказилиб, 2005 йил 16 августдан кучга кирган.
Мазкур Низомга мувофиқ олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида битирганлар таълим муассасаси, корхона ёки ташкилотларга камида уч йил ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади ва йўлланади.
Битирувчи мазкур Низом талаблари асосида тақсимот бўйича уч йил ишлаб бергандан кейин унга олий таълим муассасаси томонидан бир ҳафта муддатда меҳнат дафтарчасига мувофиқ дипломнинг асл нусхаси берилади.
Битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган йилларга қуйидаги муддатлар ҳам киради:
таълим муассасаси, корхона ёки ташкилотда турли лавозимларда ишлаган муддат;
таълим муассасаси, корхона ёки ташкилот мансуб бўлган тизимдаги (вазирлик, идора ёки бошқа хўжалик бошқаруви органи) бошқа таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда иш берувчининг розилигига кўра ишлаган муддат;
меҳнат таътилида, шу жумладан ижтимоий таътилларда бўлган муддат;
муддатли ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақирувчи резервидаги ҳарбий хизмат ўталган муддат.
Фуқаро Г.Рахманованинг масаласи Халқ таълими вазирлигида кўриб чиқилиши лозим. Бунинг учун Г.Рахманова Нукус давлат педагогика институтининг Маркетинг бўлимига мурожаат этиб, тегишли ҳужжатларини тақдим этишлари лозим.