Ҳиндистон болалар секс-савдоси бўйича биринчи ўринда туради...Йилига 40.000 та бола ўғирлаб кетилади. Ҳар 8 дақиқада бир қиз изсиз йўқолади...Ҳиндистонда!
Болливуд фақат рақс ва олди-қочди мавзуга ўралашиб қолган деган фикрни "Мардона” картинаси парчалаб ташлайди. Бу картинада биронта қўшиқ йўқ, мавзуси эса енгил-елпиликдан йироқ.
Фильм реал воқеаларга асослангани учун ҳам жонли чиққан.
Болливуднинг энг машҳур режиссёри Яш Чопранинг ўғли Адитья Чопра продюсер сифатида танилган. Асосан отасининг фильмига продюсерлик қилган Адитья отаси, Яш амакининг вафотидан сўнг кўплаб талантли режиссёрлар фильмига пул тикиб келмоқда.
Адитья ва актриса Рани Мукхержининг ишқий романи анча йиллар давомида одамлар оғзидан тушмади. Ким бу ишқ савдосига ишонди, ким эса қуруқ гап деди. Бироқ, "Дарахтнинг учи шамол бўлмаса қимирламайди” нақли рост чиқди. Адитья ўтган йили Ранига уйланди ва эр сифатида илк бора рафиқаси бош ролни талқин этган фильмга жон дилини бахш этди. "Мардона” анча йиллар омма кўзидан йўқолиб қолган севимли актрисани яна янгидан кашф этди. Мукхержининг кўплаб фильмларини севиб томоша қилганмиз. Унинг дардли нигоҳи, садаф тишларини кўрсатиб, хандон отиши қайси киномухлисни ўзига ром этмаган дейсиз? "Ҳеч қачон алвидо деманг”, "Йўл-йўлакай”, "Вир ва Зара”, "Зулмат” каби шедевр фильмларидаги ранг-баранг образлари кимнинг ёдида йўқ?
"Мардона” эса Рани Мукхержи ижодида катта бурилиш. У фильмларда рафиқа, маъшуқа, адвокат...бўлганди. Бу гал эса мард ва жасур полиция ходими. Шунчаки қўлига тўппонча кўтарган лэди эмас, балки, ўз устида анча ишлаган, жанговор қобилиятларини шакллантирган ҳимоячи!
Мумбай полициясининг уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими катта инспектори Шивани Шиважи Рой болалар савдоси ва гиёҳвандлик билан машғул жиноятчилар тўдаси ва мафия бошлиғига қарши курашади. Бу кураш эса мафиянинг "иш”ида ҳукуматнинг юқори вакиллари, хусусан, вазирнинг ҳам "қўли бор”лиги каби аччиқ ҳақиқатни очишгача бориб етади!
Хуллас, "Мардона” зериктирмайди. Воқеалар ривожи жуда пухта ўйланган!
Шундай фильмлар бир-бир яратилиб турилса, Болливудга нисбатан "арзон” қараш анчайин камаярмиди?!
Жасур ҲАМРОЕВ