ЛГБТ мадрасада трансгендерлар Қуръон тиловат қилиб, намоз ўқишади. Исломобод шаҳрининг камбағал маҳалласида жойлашган кўримсиз янги мадрасанинг балки дунёда бошқа бирон ўхшаши йўқдир. Торгина эски ҳовлида очилган мадраса синфхонасида миллий кўйлак-лозим кийган ва рўмолга ўраниб олган 20 чоғли толиба қироат қилади. Бир қарашда, айни маскан Покистондаги камбағаллар ўқийдиган бошқа мадрасалардан фарқ қилмайди: кўримсиз бино, хонтахта атрофида давра қўриб ўтирган талабалар ва диний сабоқлар. Бироқ бу – ЛГБТ мадрасаси. Толибалар эса – трансгендерлар.
Мадраса талабалари эркак танасида туғилишган, аммо ўзларини аёл киши ҳис қилишади. Кўплари ўзларини учинчи жинс вакиллари, деб ҳам билишади. Исломободдаги икки хонадан иборат бу мадрасада саккиз нафар талаба яшаб, ўқийди. Шу қаторда, ҳар куни яна 10-15 чоғли трансгендер Қуръон ва Ислом динини ўрганиш учун келади. Улардан ота-онаси ҳамда яқинлари воз кечган, кўпчилигининг касби, уйи ёки иши йўқ. «Қуръон ўқисам қалбим таскин топади» – дейди 19 яшар Симрон Хон. «Залолатга ботган ҳаёт тарзидан кўра, икки дунёмни ўйлаб, бу ерда яхши амалларни қилганим тузук» – дейди трансгендер ўспирин. Рани Хоннинг ҳаёти
Рани Хон трансгендерларга Исломий билим ва ёрдам бериш учун мадраса очган. Мадрасани 34 яшар трансгендер Рани Хон очган. У ҳозир ҳам бошқарувчи, ҳам мударрис. Рани 13 ёшида ўзи ҳақида ота-онасига айтганда, уйдагилари уни кўчага ҳайдашади. «Кўп трансгендерлардан ота-онаси воз кечади, кейин улар ёмон йўлларга кириб кетишади» – дейди Рани Хон. «Бу ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган». Рани Хон илгари тиланчилик ва раққосалик қилиб пул топган. Энди ана шу йиққан маблағини мадрасага сарфламоқда. «Улар бу ерга келиб Қуръон ўрганишлари, намоз ўқишлари, Аллоҳни ёдга олиб, охиратни ўйлаб, тавба қилишлари мумкин» – дейди Рани Хон.
Уламоларнинг айтишича, трансгендер инсонни масхара ва ҳақорат қилиш ёки таҳқирлаш Ислом динида жиноят саналади. Рани Хон мадрасани юритишида ўз пулидан ташқари моддий ёрдам олмаётганини айтади. Шунга қарамай, у толибаларга касб-ҳунар ўргатишга ҳам интилмоқда. Эски тикув машинасида истовчилар навбат билан тикиш-бичишни ўрганишлари мумкин. Сабаби – Покистонда трансгендер инсонни деярли ҳеч ким ишга олмайди. Оқибатда, трансгендерлар ишсиз, уйсиз ва иложсиз қолишади. Покистон ҳукумати бугун уларнинг ҳам бошқалар каби яшаши учун имконият яратмоқчи. Исломий республика парламенти 2018 йили учинчи жинс вакилларини қонунан тан олди. Улар ҳам энди бошқа юртдошлари каби ҳақ-ҳуқуқли бўлдилар. Масалан, сайловда овоз бериш ёки ўз жинсини танлаш имкони берилган. Худди шу йили Покистондаги Кўҳинур телеканали трансгендер Марвиа Маликни телебошловчи сифатида ишга ҳам олган. Бироқ аксарият трансгендерлар ҳамон бундай имкониятга эга эмаслар. «Биз уларга идораларимиздаги ёзув-чизув ёки ҳужжатларни рақамлаштириш каби ишларни таклиф этаяпмиз» – дейди пойтахт Исломобод мулозими Ҳамза Шафқат. «Мадраса очилгани эса яхши бўлди. Улар таълим олиб, Ислом динини ўрганиб, жамиятга яқинлашадилар».
Покистонда 5 йил олдин чиқарилган Исломий фатвога кўра, бир жинс аломати аниқ кўриниб турган трансгендер бошқа жинс вакили билан оила қуриши мумкин. Ҳали 2017 йилги ҳисоб-китобларга кўра, Покистонда 10 минг атрофида трансгендер ҳисобга олинган. Бироқ фаолларига кўра, уларнинг сони аслида бир неча баравар кўп бўлиши мумкин. Покистонда 2016 йил чиқарилган фатвога биноан, бир жинс аломатлари аниқ кўриниб турган трансгендер бошқа жинс вакили билан оила қуриши мумкин. Покистон уламоларининг таъкидлашича, трансгендер инсонларни ҳақорат ва масхара қилиш ёки таҳқирлаш ҳамда уларга озор бериш Ислом динида жиноят саналади. Аммо трансгендерлар ҳамон Покистон жамиятининг чеккасида яшаб келадилар ва жамиятда одамлар билан аралашиш, таълим олиш ёки иш топиш масаласида қийналишади. Рани Хон тез-тез кўчага чиқиб, ҳимоясиз ё чорасиз трансгендерларни топиб, мадрасага келтиришга интилади. Бироқ икки хонали бу кичик даргоҳ кўплаб трансгендерларга бошпана бера олмаслиги аниқ.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|