Исроилда 9 май куни ўтказиладиган оммавий парадлар ва кортежлар бекор қилинди. Бу ҳақда 27 апрель, чоршанба куни Исроилнинг Kan радиостанцияси интеграция вазири Пнина Тамано-Шатага таяниб маълум қилган.
«Бу йил 9 май куни оммавий тадбирлар ва юришларни ўтказмасликка қарор қилинди», — дейилади хабарда.
Вазирнинг қайд этишича, қарор Исроилнинг фахрийлар ташкилотлари билан келишилган.
Унинг сўзларига кўра, бу йил байрам атрофида «нозик вазият» юзага келди. Шу билан бирга, Тамано-Шата бу йил яҳудий аскарларининг жасорати Герцл тоғида Исроилнинг Мустақиллик куни шарафига ўтказиладиган маросимда нишонланишини айтган.
26 апрель куни тан олинмаган Днестбўйи Молдавия Республикасида ҳам Ғалаба паради ва 9 майдаги оммавий тадбирлар бекор қилинди. Днестрбўйи раҳбари Вадим Красносельскийнинг матбуот хизмати фуқароларнинг оммавий йиғилиши хавфсиз эмас, деб хабар берган.
Аввалроқ, 5 апрель куни Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Ғалаба куни шарафига бу йилги байрам ҳарбий парад, ҳар доимгидек, 9 май куни Қизил майдонда бўлиб ўтишини айтган эди.