МЕН ҲАҚИМДА, ЎЗИНГИЗ ҲАҚИНГИЗДА ЎҚИБ ҚОЛСАНГИЗ АЖАБМАС! (давоми бор, боши худди шундай аталмиш саҳифаларда).
Дунё худди кўзгуга ўхшайди. Ҳар куни ўз аксингизни кўришингиз мумкин. Одамларга қанчалик яхшилик қилсангиз, шунчалик яхшилик топасиз. Ёмонлигингизга яраша жазоланасиз. Менимча, бирон кишини бутунлай ёмон дейишга ҳаққимиз йўқ. Чунки энг ёмон одамда ҳам озгина бўлсада яхши хислатлар бор. Худди шундай, энг яхши инсоннинг ич-ичида ёмонлик учқунлаган бўлиши мумкин. Бугун дарсдан кейин ўқувчиларим билан одамлар ҳақида баҳслашиб қолдим. Аниқроғи, улар яхши одамлар шаҳримизда қолмаганлиги, водий ёки қишлоқдаги одамлар, шаҳар одамларидан анча меҳриброн ва ғамхўр деб айтишди. Лекин мен шаҳарда туғилиб, шу ерда ўсдим. Қўшниларим роса меҳрибон. Умрларидан барака топишсин, қари одам деб, кун ора бувижонимни кўришга бир коса овқат кўтариб, бирма-бир келишади. Қўшниларимдан ёмонлик кўрганимни ҳеч эслолмайман. Лекин ўқувчиларимдан бирлари (оилали аёл, 30 ёшларда, роса меҳрибон киши):
-Балким сизни атрофингиздагиларингиз яхшидир, мени қўшниларим ҳатто боламни бир соатга ташлаб кетсам, нимадир хомтама бўлишади. –десалар, иккинчилари:
-Мен асли ўзим водийликман, бизда одамлар бошқача, меҳр бор биласизми. –деб қолдилар.
Нима дейишни ҳам билмай қолдим.
-Биласизми, бу ерда қаёққа қарамасангиз миш-миш, жанжал. Автобусга минсам нуқул одамлар баҳслашишади. Қўшниларим эса фойда бўлмаса ёрдам ҳам беришмайди. Икки кун касал бўлиб ётдим. Эрим чет элда ишлашга кетганлари туфайли 5 ёшар қизчам билан иккаламиз турамиз. Бетоб бўлган пайтларим қўшниларим била туриб эшигимни тақиллаб келишмайди. Узоқ борса музлатгичдан маҳсулотларни олиб осонроқ овқат қилиб беринг деб сўрарман. Менга қараб туринг демайманку. Шунинг учун ҳам тезроқ тил ўрганиб, турмуш ўртоғимнинг ёнларига бормоқчиман. –десалар, водийлик ўқувчим:
-Ҳали ёшсизда. Мен ҳам сиз тенги бўлганимда, ҳамма яхши деб юрардим. Оилали бўлсангиз тушуниб етасиз. Менга бўлса-ку водийда қолсак яхши эди. Лекин турмуш ўртоғимни хизмат сафари туфайли шу ерга келдик.
Бу гаплардан кейин ҳам беш панжангиз баравар эмас-ку. Яхши одамлар бизнинг шаҳарда ҳам кўп. Балким худо сизларни синаётгандир дедим. Лекин нима бўлганда ҳам мен эзгу меҳрибон одамларнинг кўплигига чин дилдан ишонаман. Уларга мисол қилиб,
-Мана гуруҳимизда 10 киши сизлар. Кўпчилигингизни анчадан буён биламан. Менга ҳам, бир-бирингизга нисбатан ҳам жуда меҳрибон сизлар. Биронтангизнинг қўлингиздан ёмонлик келишига ишонмайман. –дедим.
Иккинчи гуруҳим келиб қолгани учун суҳбатимизни тугатишимизга тўғри келиб қолди. Лекин уларни фикрлари аввалгидек қолди назаримда. "Яхши одам” деганда сиз қандай хислатлари бор инсонни тушунасиз? Балким ҳақиқатдан ҳам одамларни фарқига бормасман, деб ўйланиб қолдим. Ҳаётим давомида шундай одамларни учратганманки, уларнинг юзидан нур ёғилади. Ҳа, баъзилар бор бир сония ҳам ёнида тургингиз келмайди. Менимча, кўзлар қалб чироғи. Одатда билмаган инсонимни кўзларига қараб қанақалигини билишга ҳаракат қиламан.
Аммо нима бўлганда ҳам ҳаётга нисбатан, одамларга нисбатан ишончингиз йўқолмасин дердим. Баъзи аёллар алданмаслик учун ҳеч кимга ишонишмайди. Менимча ўрни билан алданиш ҳам керак. Алданишлардан, қайғуришлардан ўзингизни олиб қочманг. Алданинг, майли қийналинг, озор чекинг, қоқилиб-йиқилиб ҳаётни ўрганасиз. Осмонларга қараб "сен не десанг, барчасига хўп ҳаёт”, деб айтинг. Майли ҳаёт бизни синасин. Ҳаётимиз давомида биз учратадиган инсонларнинг барчаси бизга ниманидир ўргатиб кетади. Яхшими, ёмонми, худонинг юборгани, пешонада борини кўрамиз..
Мақоламни якунлар эканман, яхши одамларнинг борлигига ишонинг, деб қоламан. Одамларга яхшилик қилинг ва бу яхшилигингиз албатта қайтади деб, Сизнинг Zamonaviy.comингиз.
Муаллиф: Зарнигор Хаятова
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|