Соч организмнинг саломатлигидан дарак бериб туради. Агар соч толаси хира тортиб, табиий жозибасини йўқотаётган бўлса, соғлигингиз ҳақида жиддий қайғуришингиз лозим.
Танангиз турли касалликлардан азият чекмаётган бўлса-да, сочларингиз жилосини йўқотмоқдами? Унутмаслик керакки, соч доимий парваришга муҳтож. Парваришнинг биринчи шарти эса уларнинг қайси турга мансублигини аниқлаб олишдан бошланади. Хўш, сочингизнинг қайси турга мансублигини биласизми? Одатда улар уч турга бўлинади: қуруқ, ёғли ва мўътадил.
Қадимда аёллар соч парвариш қилишда ҳар хил табиий воситалардан фойдаланишган. Тухум, қатиқ, асал, турли илдизлар қайнатмасидан соч учун ниқоблар тайёрлашган. Ушбу малҳамларнинг баъзилари ҳануз фойдаланувда.
Ёғли сочлар учун ниқоб
Сочни ювишдан ярим соат олдин яхшилаб уқаланг. Бунинг учун асал, алой, лимон суви, канакунжут мойидан тенг миқдорда олиб, қиргичдан ўтказинг. 2 дона саримсоқ пиёз билан аралаштиринг. Тароқни аралашмага ботириб, сочларингизни секин таранг ва бармоқларингиз билан уқаланг.
Саримсоқли ниқоб: Саримсоқ пиёзни майда тишли қиргичдан ўтказиб, тенг миқдорда ўсимлик ёғи билан аралаштиринг. Бош ювишдан 2 соат олдин уни сочларингизга суртинг. Сўнг яхшилаб ювиб ташланг.
Қуруқ сочлар учун ниқоб
Сочларни ювишдан 10-20 дақиқа олдин бирор тур ўсимлик мойи (энг маъқули зайтун ёки канакунжут мойи)га лимон суви аралаштириб, бармоқларингиз учи билан аралашмани бош териси ва соч илдизларига суртиб чиқинг.
Узун сочлар учун ниқоб:
Агар сочлар синувчан ва нозиклашиб қолган бўлса, қуйидаги тавсияларга амал қилинг: 2 дона пиёз ва яримта лимон шарбатини аралаштиринг, сўнг сочларингизнинг илдизидан бошлаб узунлиги томон ҳаракатлантириб суртинг. 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг. Ушбу ниқобдан ҳафтада бир марта фойдалансангиз кифоя.
Бир дона лимон ва битта серсув сабзини қиргичдан ўтказиб, шарбатини аралаштирасиз. Тайёр аралашмани ювилган тоза соч толаларига суртиб чиқасиз ва сочиқ билан ўраб оласиз. 30 дақиқадан кейин сочларингизни илиқ сувда ювасиз. Сўнг бир ош қошиқ олма сиркасини 1 литр қайнатиб совутилган сувга аралаштириб, сочларингизни шу сувда чайиб оласиз. Ушбу муолажани ҳафтада бир марта қўллаш мумкин.
4та лимоннинг пўстлоғини 1 литр сувга солинг ва паст оловда 15 дақиқа қайнатинг. Бу шарбатни ҳафтада бир марта бош терисидан тортиб, сочларнинг учига қадар суртинг. Бу соч учун жуда фойдали.
Давоми бор