«Сени деб навбатим ўтиб кетди», «Нега қўй гўшти олиб келдинг? Менга мумкин эмаслигини билардинг-ку!», «Бунча имирсилайсан, ҳалиям овқатинг тайёрмасми?» Бундай таънаю дашномлар, улар кетидан юзага келадиган бақир-чақир, жазавалар жонингизга тегдими? Ёнингизда ишлаётган, яшаётган инсоннинг асаблари борган сайин портлаш даражасига етаётган бомбага айланиб боряптими? Унда мақола сиз учун. Асабий одам билан қай тарзда бирга яшаш (ишлаш) мумкин?
АСАБИЙЛИК САБАБИ НИМА?
Унга ҳеч нима ёқмайди. Нимаики қилманг, барини ўзига нисбатан тажовуз, фитна, қаршилик деб баҳолайди. Сизда эса бундай хаёл умуман бўлмаган. Олайлик, тайинланган учрашувга бироз кеч қолдингиз. Ўзига нисбатан баҳоси яхши, руҳияти жойида одам «Бирон нима содир бўлган шекилли, кеч қоляпти» деб ўйлайди. Ўзига баҳоси паст инсон эса: «Мени бир тийинга олмагандан кейин вақтимни ҳам қадрламайди-да», деган фикрга боради. Ана, асабийлашишга баҳона топилди! Яъни, асабийликнинг биринчи сабаби инсондаги бадбинлик, тушкунлик, ўзига паст баҳо бериш ҳолларидир.
ЖАХЛ ЧИҚҚАНДА, АҚЛ КЕТАДИ?!
Одам асабийлашганида унинг миясида нима рўй беради? Асабийлашаётган инсоннинг фикрлаш доираси тораяди. Шифокорларнинг тушунтиришича, кучли туйғулар, эҳтирослар (биз кўриб ўтаётган ҳолатда бу туйғу – жаҳл) зўр келганда инсон миясидаги ақл устунлик қиладиган ҳудудлар ишламай қолади, бошқарув анча содда, жониворларга хос бўлган миянинг эмоционал ҳудудига ўтади. Содда қилиб айтсак, жаҳл чиққанда, ақл кетади. Бундай исканжа ҳолатида мия ҳеч қандай исботларни, далилларни қабул қилмайди, фақат туйғуларга бўйсуниб иш кўради. Асабий одамнинг ёнидагилар ана шу ҳолатларни ёдда тутишлари, асабийлашаётган инсон билан мулоқотга киришаётганда юқоридагиларни эътиборга олишлари керак.
КЕЛИНГ, ГАПЛАШИБ ОЛАЙЛИК!
Руҳшуносларнинг маслаҳатига кўра, улар билан мулоқотда асосийси – ҳамсуҳбатда ўзингиз истаган реакцияни пайдо қилиш. Бунинг учун унинг хатти-ҳаракатлари, имо-ишораларини диққат билан кузатиш, ишоралар тилини билиш ва бу ҳаракатларни тўғри талқин қила олиш керак. Буни қанчалик яхши уддаласангиз, суҳбатдошингизда ўзингиз истаган сокинлик ва адекватлилик ҳолатини шунчалик тез уйғотасиз.
ФАКТ
Юқорида асабийлашаётган миянинг аҳволини баён қилдик. Бундай ҳолатдаги одамга қанча кўп гапирсангиз, уни сўз билан тинчлантиришга қанчалик уринсангиз, аҳвол шунчалик оғирлашаверади. Чунки ҳозир унинг қулоқлари ёпиқ, ақли фалажда.
ХЎШ, НИМА ҚИЛАСИЗ?
Аввало, яхши гапирсам ҳаммаси яхши бўлади деган фикрга ёпишиб олманг. Одам асабийлашиб бўлгач яхши гапиришга кеч. Ишни уни асабийлаштирмаслик чораларини излашдан бошланг. Мулоқот пайти суҳбат йўсинини назорат қилиб туринг, иш жанжалга бурилмаслигининг чораларини кўриб боринг.
1. Гаплашаётганингизда суҳбатдошингизга юқори назар билан қараманг, у ўзини «мен ҳеч ким эканман» деб ҳис қилмасин. Бу унинг нафсониятига тегади, асабийлаштиради.
2. Кўрсаткич бармоғингизни умуман ишга солманг, яъни суҳбатдошингизга нима қилиши кераклигини туғридан-тўғри кўрсатманг, балки уни тўғри қарорга йўналтиринг, холос. Акс ҳолда: «Мен билан бунақа оҳангда гаплашманг!» деб бошланади-ю, у ёғи ўзингизга маълум финал.
3.Бошданоқ юмшоқ оҳангда гапиринг. Шунда суҳбатдошингиз «гапингизда жон бор» дегандек тасдиқ ишораси билан бошини қимирлата бошлайди. Шундай белгини сезсангиз, билингки, ҳаммаси жойида.
4. Яна бир усул – суҳбатдош билан яқин дўст, қариндош, ака ёки опа сифатида гаплашиш, унга яқин ҳамдард сифатида мурожаат қилиш. Вазият тақозо қилса, бу усулдан ҳам фойдаланишингиз мумкин.
Баъзида жуда сурбет, бетгачопарлар учраб қолади. Улар гапингизни эшитишмайди, оғзиларига келганини қайтармай гапиришади, хуллас на ишлагани, на яшагани қўйишади. Бундай инсонларнинг қаршисида атрофдагилар баъзан ожиз қоладилар. Уларнинг хужумига қарши нима деб жавоб беришни, қандай йўл тутишни билмайдилар. Худди қоронғу ўрмонда бирданига машинанинг ўткир чироқлари кўзига тушган кийикдек типирчилаб қолишади.
ТАНИШИНГ – АСАБИ «ЧАТОҚ» ЛАР!
1.Суҳбатга осон қўшилиб олади, суҳбатдошни тингламай, гапини бўлиб кетаверади.
2.ҳеч қачон навбат кутмайди.
3.Ўзгаларнинг бахтсизлигидан фойдаланишга уста.
4.Ғалабага эришса, кўз-кўз қилишни ёқтиради.
5.Ютқизишни билмайди.
6.Адолат туйғуси унга бегона.
7.Сизни ҳеч ким яхши кўрмаслигини истайди.
8.Хуллас, у билан мулоқот қилишдан доим қочгингиз келади.
«ЭРИМ БИЛАН ҚАНДАЙ МУОМАЛА ҚИЛАЙ?»
Агар ишхонангиздаги ҳамкасбингиз, дугонангиз, қариндошингиз, танишингиз шундай бўлса, қочиб қутуласиз-а. Аммо яқин инсонингиз, масалан, турмуш ўртоғингиз асабий инсон бўлса-чи? Тушунарли, у бирданига шундай бўлиб қолмаган, албатта. ҳар бир инсоннинг ўзига хос сабаблари бор. Уларни билсангиз ва бартараф эта олсангиз, марра сизники. Юқорида сабабларни баён қилдик. Энди улар билан қандай курашиш, янаям аниқроғи, улар билан қандай яшашни кўриб чиқамиз.
1.Бундай инсон ўзини ҳурмат қила бошласа, асабийлиги босилади. Эрингизда ўзига нисбатан ҳурмат уйғотинг. Ишларини мақтанг, фазилатларини эътироф этинг, келажагига умидлар боғланг.
2. Ўзи ҳақидаги тасаввурларини ўзгартиринг. Ўзини бошқа одам деб ҳисоблай бошлаган ондан хатти-ҳаракатлари ўзгаради.
3. Сизга нисбатан кўнглида илиқ туйғулар уйғотишга ҳаракат қилинг. Инсон севган, қадрлаган одамини йўқотишдан қўрқади ва унинг олдида ўзини бошқаришга ҳаракат қилади.
Бу ишлар босқинчма-босқич, маълум вақт давомида амалга оширилади. Аммо унгача-чи? Олдингизда асабийлашганда дунёни остин-устун қиладиган, кутилмаганда асабийлиги хуруж қилиб қоладиган одам юрибди. ҳозир, айни дамда ишни нимадан бошлаш керак?
СИНАБ КЎРИНГ!
1. Уйда унинг учун сокин ва қулай шароит яратишга ҳаракат қилинг.
2. Асабига тегадиган нарсалар, гап-сўзлар, хатти-ҳаракатларга иложи борича йўл қўйманг.
3. Асабийлашиб турганида у билан баҳслашманг, унга бирон нарсани исботлашга уринманг.
4. Феъли ўзгараётганини сезганингиз ҳамони гапни бошқа ёққа буринг, бунинг уддасидан чиқолмасангиз, бирон беозор баҳона билан ундан узоқлашинг (масалан, «вой, сут тошиб кетди»). Асаби жойига тушмагунча кўзига кўринманг.
Асабий инсон билан яшаш, бирга вақт ўтказиш осон эмас. Унинг хуружларини олдини оламан деб жонсарак бўлиб, ўзингиз асабийлик дардига дучор бўлиб қолишингиз ҳам мумкин. Шунинг учун, энг аввало, ўзингизни, ўз асабларингизни асранг.
Руҳшунос Шаҳноза ҳалилова тавсиялари асосида Шаҳноза Тўрахўжаева тайёрлади