Гўзал ва бетакрор бўлиш учун ёз энг қулай мавсум шундай эмасми? Ахир она табиатнинг ўзи кўпроқ ҳаракатланиб, камроқ хасталанишга, сархил мевалардан тановул қилиб қиш учун витамин захирасини тўлдириб олишга имкон яратиб беради. Сиз учун тайёрлаган тавсияларимизга амал қилсангиз, ёздан "талофатларсиз”, йўғее, "ғалаба” билан чиқиб олишингиз аниқ.
1.Ошқозонни дошқозонга айлантирманг
Албатта, ёз пишиқчилик мавсуми. Бундан саломатлик ва гўзаллигимиз йўлида фойдаланмаслик бу қилмишимизнинг жабрини қишда тортишимиз мумкин. Аммо таги сероб деб ҳаммасини кетма-кет еявериш ҳам ярамайди. Демак, ҳафтада бир кунни тайин қилиб, организмни тозалаш ҳаракатига тушамиз. Масалан, ҳар душанба ёғли таомлардан воз кечиб, қайнатилган ёки буғда пиширилган енгил овқат танаввул қилиш ҳам жуда фойдали.
2.Тери "кўчиши”дан ҳимояланинг
Кўпинча аёллар елка ва бўйин соҳа териси кўчаётганидан шикоят қилишади. Бунинг бир қанча сабаблари бўлиши мумкин. Эҳтимол, соч учун шампунь ёки тери учун махсус воситалардан фойдалангач, яхшилаб чайинмаган бўлишингиз, кечқурун суртилган кремни артмай, қуёшга чиққан бўлишингиз мумкин. Қуёш таъсирида ушбу воситалар терига зиён етказиши ҳеч гап эмас. Демак, душ қабул қила туриб, терингизда ювиниш воситалари қолмаганига эътибор қаратинг.
3.Дарахтлар саломатликка фойда
Сердарахт ва салқин жойлардаги ҳавода 200 дан ортиқ биологик фаол моддалар мавжудлиги аниқланган. Улар юрак қон-томир тизими фаолиятини яхшиланишига, юрак уришини бир меъёрда сақлашга, организмнинг турли инфекция ва токсинларга қарши курашувчанлик қобилиятини оширишга ёрдам беради. Маслаҳатимиз, сердарахт масканларда тез-тез сайр қилиб туринг. [ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi!]
4.Чивинлар "хужуми”дан сақланиш учун
Агар сизга чивинлар тинчлик бермаётган бўлса В12 витаминидан истеъмол қилинг. У инсон танасига тушгач ҳашаротларни ҳайдовчи махсус "ифор” ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Шу орқали зараркунандаларни атрофингиздан ҳайдашингиз мумкин. Іавотирланманг, инсонлар бу исни туйишмайди.
5.Эрталабки қуёш сарвқоматлигимиз гарови
Олимларнинг аниқлашича, эрталабки қуёш метаболизм (моддалар алмашинуви)ни фаоллаштиради. Қомати ҳақида қайғурганлар саҳар туриб, 30 дақиқа сайр қилгани маъқул.
6.Офтоб куйдирганда
Кун бўйи офтобда юриб терингиз куйган бўлса, муздек сут ёрдамга келади. Матони муздек сутда намлаб, куйган жойга босинг. Бу компрессни тез-тез янгилаб туриш тавсия этилади.
7.Чивин чақса
Барча саъй-ҳаракатларингизга қарамай, чивинларнинг ўлжасига айланган бўлсангиз, "маҳаллий оғриқсизлантирувчи” ҳисобланган муз бўлакчаларини жароҳат жойига босинг. Агар музни дамланган чойдан тайёрлаб қўйсангиз, янада фойдалидир. Чунки чой таркибидаги танин моддаси яранинг яллиғланиб, шишиб кетишидан ҳимоялайди.
8.Терлаш зарарлими
Табиийки ёзнинг жазирамаси ҳар биримизни терлашга мажбур қилади. Натижада, организмимиздан тер билан бирга турли токсинлар ҳам ажралиб чиқади. Бундай шароитда шифокорлар кунига бир неча бор душга тушишни тавсия қилишмоқда, агар бунинг имкони топилмаса нам сочиқлардан фойдаланиш ҳам мумкин.
9.Герпесдан ҳимоя
Узоқ вақт давомида қуёш нурлари остида юриш иммунитетнинг заифлашишига, бу эса ўз навбатида герпес пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Шу сабабдан қуёш нури остида кўп вақт қолиб кетманг ва ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилувчи лаб бўёғи ёки бальзамдан фойдаланинг.
10.Ультрабинафша нурлар катарактага сабаб бўлади!
Олимларнинг кузатувларига кўра, тўғридан-тўғри кўзга тушган бундай зарарли нурлар катаракта хасталигига олиб келиши мумкин экан. Бунга йўл қўймаслик учун ҳар гал кўчага отланганингизда кўзойнагингиз ёнингизда эканлигига амин бўлишдан эринманг.
11.Тош устида оёқ яланг
Оёқ кафтларида биологик фаол нуқталар жойлашган бўлиб, сайр қилганда бир муддат пойабзални ечиб қўйиш, албатта, бу нуқталарни фаоллаштиради. Шу орқали яланг оёқ юриш организмга фойдали таъсир кўрсатади. Бундан ташқари яссиоёқликнинг олдини олишга ҳам кўмаклашади.
12.Аллергияга йўл очманг
Агар сиз кир ювишда турли майинлаштирувчи ва юмшатувчи воситалар (кондиционер)дан фойдаланишга одатланган бўлсангиз, ёзда улардан эҳтиёт бўлишга тўғри келади. Чунки кондиционер таркибидаги кимёвий моддалар қуёш таъсиридан, ишқаланиш туфайли организмга тушиб, аллергия қўзғатиши мумкин.
13."Тиш ва суякларим мустаҳкам бўлсин” деганлар
Қуёш нурлари орқали организм Д дармондорисига тўйинади, бу модда эса суяклар ва тишни мустаҳкамловчи кальцийнинг сингишига ёрдам беради. Шунинг учун ёзда сут махсулотларидан кўпроқ тановул қилиб, тез-тез сайрга чиқинг.
14.Узоқларга тикилинг
Ишингиз туфайли кун давомида компьютер экрани қаршисида ўтиришга тўғри келяптими? Бунда кўз яқинга тикилишга ўрганиб қолади, шу сабабли узоқ-узоқлардаги ёқимли манзараларга тикилишни одатга айлантиринг. Бир узоққа, бир яқинга қараш ҳам кўз учун ўзига ҳос машқдир.
15.Антиоксидантлардан ғамлаймиз
Антиоксидантлар терига ультрабинафша нурларнинг зарарли таъсирини камайтириш хусусиятига эга. Демак, таркибида С, Е дармондорилари, бетокаратин, руҳ ва мисга бой махсулотлардан кўпроқ истеъмол қилинг.
Саодат тайёрлади.