"Қалтис савол" лойиҳасининг галдаги қаҳрамони ёш бўлишига қарамай, кинодаги имкониятлари қай даражада эканини кўрсатишга улгурган актриса Юлдуз РАЖАБОВА...
1. Юлдуз, муваффақиятингизни клиплардаги иштирокингиз таъминлаган. Шу сабаб томошабинлар сизни клипдаги актриса сифатида танишади. Буни "тамға” деб қабул қиласизми ё омад?
— Омадим! Агар илк қадамимни клипларда суратга тушишдан бошламаганимда бугун кинодаги фаолиятим қандай бўларди, билмадим. Шу боис томошабин мени клипдаги актриса сифатида танишини тўғри қабул қиламан.
2. Санъат оламига кириб келганингизга тўрт йил бўлди. Лекин бу муддатда актриса сифатида айтишга арзигулик марраларни забт эта олмадингиз?
— Томошабинлар шу фикрда бўлса, демак ростдан ҳам шундай. Лекин ижоддан сира тўхтаётганим йўқ. Биласизми, арзигулик маррани забт этмаганимнинг сабаби бугунги кунда актёрларнинг янги қирраларини очадиган омилларнинг йўқлигида. Масалан, ҳали кучли драматургия асосига қурилган сценарий менга етиб келганича йўқ.
3. Клиплардаги иштирокингиздан сўнг жиддий жанрдаги фильмларда суратга тушишингиз томошабин эътиборини қозониш учун қўйилган қадамми?
— Йўқ, актриса сифатида нималарга қодир эканимни синаш ва маҳоратимни чархлаш, тарбиявий аҳамиятга эга ролларни ўйнаш учун қўйилган қадам. Бу жараёнда томошабин эътиборига тушиш ҳақида сира ўйламаганман. Лекин юқоридаги омиллар қатори мухлисларнинг эътибори ҳам мен учун муҳим. Буларнинг бари менинг наздимда битта поғонада туради.
4. Юлдуз Ражабова учун фильмлардаги бош қаҳрамонлар ролини ижро этиш афзалми ё Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида оммавий саҳналарда иштирок этиши?
— Қалтис савол... (Ўйланиб) кино билан театрни бир-биридан ажратишни истамайман. Бироқ театр доим актёрлар учун биринчи ўринда турган. Жонли мулоқот маскани бўлган бу муқаддас даргоҳ саҳнасидаги иштирокимни афзал биламан, гарчи у оммавий саҳналардан иборат бўлса ҳам. Чунки театрга меҳрим бўлакча. Лекин кинода ҳам, театрда ҳам бирдек бор кучимни бериб ишлайман. Насиб этса, Ўзбек Миллий академик драма театрида ишлаш ниятим бор.
5. "Турист” ва "Хазон” фильмларида суратга тушишингизга нима туртки бўлган — сценарий ё режиссёр? Партнёрингиз сабаб эмаслиги аниқ, чунки нопрофессионал "актёр” билан суратга тушиш ўзингизга ҳам ёқмаса керак?
— "Хазон” фильми илк тажрибам эди. Сценарий ёққани учун бу кинокартинада суратга тушишга рози бўлганман. Чунки ишни нимадандур бошлаш керак-ку. "Турист”да эса профессионал режиссёр Аюб Шаҳобиддинов билан ишлашга қизиққанман. Қолаверса, сценарий ҳам ёмон эмасди. Партнёрлар масаласига келсак, нопрофессионал "актёр” билан суратга тушиш ёқмайди. Чунки партнёр мени ҳис қилмаса, унинг "қолип”ига тушиб қоламан. Бу иккита фильм ижодимнинг илк поғонаси бўлгани учун ҳам партнёрларимнинг нопрофессионаллигига кўз юмганман.
6. Кинода сизга муносиб "турмуш ўртоқ” — Йигитали Мамажонов, Дониёр Ҳафизов, Фаррух Соипов?
— (Кулади) билмасам... Уччовининг ижросини ҳурмат қиламан. Дониёр билан курсдош бўлганмиз. Дўстона муносабатимиз сабаб, Дониёр билан партнёр бўлиб ишлаш осонроқ.
7. Актрисалар орасидаги муносабат кўнгилдагидек эмас, дейишади. Сиз ҳам шу "қозон”дасиз...
— Ҳамма актрисаларимизнинг ижоди ўзига яраша. Тўғри, кўпчилик актрисалар билан яқиндан мулоқотда бўлмайман. Лекин иш юзасидан кўришиб қолсак, рисоладагидек салом-алик қиламиз. Шахсан ўзимга нисбатан салбий қарашларни ҳис қилмаганман. Актрисалар Зарина Низомиддинова, Гулчеҳра Эшонқулова, Асал Шодиева, Нигина Анорбоева, Суғдиёна, Ситора Алимжонова билан дўстона муносабатдамиз.
8. Ўзбек тилида равон сўзламасангизда "Турист” фильмидаги қаҳрамонингизни ўзингиз овозлаштиргансиз. Бошқа актриса сизга овоз беришини қабул қилолмайсизми?
— Йўқ нега энди? Бошқа фильмларимдаги қаҳрамонларимга Дилдора Бекжанова овоз берган. Дилдора опанинг овози менга жуда ёқади. Рости, дубляж қонун-қоидаларини тўла ўрганиб, сўнг ўз ролларимни овозлаштирсам, дейман. Йўқса, тажрибам йўқлиги, нопрофессионаллигим билан фильм даражасини тушириб қўйишим мумкин.
9. Ҳозир Тошкент Давлат санъат ва маданият институтининг магистратура босқичига ҳужжат топшириб, педагог бўлиш ниятингиз бор экан. Бу келажак учун заҳирами?
— Ҳозир Тошкент Давлат санъат ва маданият институт қошида очилган театр труппасида актриса бўлиб ишлаяпман. Тан оламан, режиссёрлар актёр-актрисаларга нисбатан бевафо бўлади. Вақт ўтиб, фильмларга чақирмай қўйишганида тушкунликка тушиб қолмаслик учун ўзимга ҳозирдан заҳира "девор”и ҳозирлаб қўймоқчиман.
Махсус савол!
10. Райҳон УЛАСЕНОВА, актриса: — Суҳбатларингиздан бирида "Шоу-бизнесни бошқача тасаввур қилгандим. Кўча-кўйда сизни таний бошлаганларидан кейин обрўнгизга путур етказмаслик, шаънингизга доғ туширмаслик ҳақида қайғураркансиз.”, дегандингиз. Масалан, мен ҳам санъатдаги илк қадамларимда ҳар хил вазиятларга дуч келганман. Бироқ таслим бўлмай, ўз тасаввуримдаги "олам”га эришишга интилганман. Нохуш вазиятлар ҳамма касбда ҳам бўлади. Ё санъат соҳасини танлаганингиздан афсусдамисиз?
— Йўқ, афсусдамасман. Санъат соҳасига кирганимдан сўнг шаънимга путур етказмаслик масъулияти икки карра ошганини ҳис қилиб, ўзимни йўқотиб қўйгандим. Лекин ҳозир ўзимни қўлга олдим, бари ортда тажриба бўлиб қолди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://darakchi.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|