"Тери канаси" шундай хасталик борлигини билармидингиз? Номи анчайин ваҳимали туюлади. Аммо уни уй ҳайвонларида учрайдиган кана билан адаштирманг. Биз билган канадан фарқли ўлароқ, у ўта кичик ҳажмли бўлади ва қон сўриш хусусиятига ҳам эга эмас. Бироқ анча-мунча ноқулайликлар туғдириши ҳеч гапмас. Тиббиёт тилида демодекоз деб номланувчи ушбу хасталик ҳақида дерматолог шифокор Нодира АКБАРОВА маълумот беради.
Белгилари
Юзингиз қичишиб, териси қалинлашяптими, яллиғланиш ва хусунбузарлардан чарчадингизми? Ияклар, пешона, кўкрак ва умуртқа атрофида шиш ва қизаришлар борми? Кўз атрофида ачишиш, қовоқда эса қизариш, қичишиш ва шиш пайдо бўлдими? Кипригингиз тўкилиб, кўз атрофида оқиш ажралмалар пайдо бўлиши ҳам тери канаси ҳасталигининг аломатларидан ҳисобланади. Юз терисида ўз-ўзидан майда яра тошиши ҳам жиддий аломат саналади. Агар юқоридаги белгилар сизни анчадан буён безовта қилиб келаётган бўлса, албатта, дермотолог шифокорга мурожаат қилинг.
Сабаблари бисёр
Бир эслаб кўрингчи, яқин ўртада гормонал крем ва мазьлардан фойданганмидингиз? Ёки эндигина касалдан бош кўтардингизми? Балки нотўғри овқатланиб, асабни эговлайдиган ташкилотда ишларсиз? Ёки ҳаммом ва солярийларнинг доимий мижозимисиз? Агар юқоридаги вазиятлар сизга бегона бўлмаса, хасталикни қўзғатувчилар тўрига илиниб қолишингиз эҳтимоли юқори. Юз терисидаги бу муаммо асосан терининг ёғ алмашинуви бузилганида, стресс ва иммунитет тушиб кетганидан пайдо бўлади.
Ҳуснбузарни сиқишга шошилманг
Бу микроскопик каналар терининг ёғ қатламида ёки туклар илдизида, тери ҳужайралари билан озиқланиб кун кечиради. Хаддан ортиқ кўпайиб кетганида эса тери яллиғланиб, хуснбузар тошади. Мана шундай пайтда хуснбузарларни сиқишга чоғланган қўлингизни дарров ортга қайтаринг. Акс ҳолда, бу каналарга терининг каттароқ худудни эгаллашига ёрдам берганингиз қолади холос.
Аниқлаш учун
Бир қанча таҳлиллар топширишга тўғри келади. У кўзга кўринмас даражада кичик бўлгани туфайли (0,4-0,5мм.), бор-йўқлигини катталаштириб кўрсатувчи микроскоплар ёрдамидагина аниқлаш имконияти мавжуд. Бунинг учун эса косметикадан ҳоли, тоза теридан бироз наъмуна олиш керак бўлади. Айрим ҳолатларда қоннинг умумий биокимёвий таҳлили ҳам буюрилиши мумкин.
Давоси борми?
Одатдан тери ости канасини дермотолог шифокор аниқлаб, турига қараб даво чораларини тавсия этади. Бу хасталик асосан дори-дармон воситалари билан даволансада, қўшимча сифатида косметологик ва физиотерапевтик муолажалар ҳам тавсия этилади. Совуқ азот ёрдамида амалга ошириладиган крио уқалаш яхши самара беради. Шунингдек, ундан бутунлай халос бўлиш учун юз терисини кунига икки бор тер, ёғ ва чангдан тозалаш тавсия этилади. Доимий равишда пилинг муолажасига мурожаат қилиш, уй шароитида гоммаж ва скраблардан фойдаланиш, хуллас терини тоза сақлаш лозим. Бундан ташқари қон томирларини кенгайтирувчи иссиқ буғли муолажалар, ҳаммом қабул қилиш таъқиқланади. Таркибида асал сақловчи ниқоб ва кремлардан ҳам вақтинча фойдаланмаганигиз маъқул.
Эҳтиётингизни қилинг!
Оналаримиз бежизга "Дугонангнинг упасидан фойдаланма, лаб бўёғини суртма” деб таъкидлашмас экан. Микроорганизмлар аксарият ҳолларда айнан шу воситалар орқали юзга ўтиши мумкин. Бундан ташқари касаллик ташувчиси билан ўпишиб кўришиш ҳам юқиш хавфини орттиради. Айниқса, каналарнинг кўпайишига пар ёстиқлар катта хисса қўшади. Шу сабабли беморларга синтепонли ёстиқларда ётиш тавсия этилади.
Камола тайёрлади.