Туве Янссон "Ҳамманинг ҳам баъзида яхши бир ҳикоя эшитгиси келади” деган экан. Агар яхши ҳикояларга эҳтиёж сезаётган бўлсангиз, хизматингизга тайёрмиз.
Ирим
Бир пайтлар, бўлажак эрим билан ҳали уйимиз ҳам, машинамиз ҳам бўлмаган даврда у менга гулдаста олиб келди. Оддийгина, унча янги бўлмаган бу гулдастани у ёнилғи қуйиш шохобчасида сотиб олганди.
— Биласанми, — дедим унга сўлий бошлаган атиргулларнинг гулбаргларини текислар эканман, — биз эзотерикларда бир ирим бор, совға қилинган гулдаста қанча узоқ вақт сўлимай турса, ўзаро муносабат шунчалик мустаҳкам бўлади.
Бечора ошиғим ҳар оқшом уйимга келар ва уч ҳафта ўтса ҳам сўлимай турган гулдастани тўйиб ҳидларди. Шундан сўнг у менга гулдаста сотиб олган жойидан гуллар олиб келиб совға қиладиган бўлди. Унинг барча ҳадя қилган гуллари узоқ вақт сўлимай турарди.
Кейин турмуш қурдик, фарзандли бўлдик, уй сотиб олдик. Бир куни у менга бир сирни очди – узоқ вақт сўлимай турган гуллар сабабли у бизнинг муҳаббатимиз мустаҳкамлигига, севгимизга ҳеч нарса раҳна сола олмаслигига ишонч ҳосил қилибди.
Мен ҳам унга бир сирни очдим. Ҳар куни ўша дўкондан янги гул сотиб олиб, сўлий бошлаган гулларни алмаштириб қўйганимни айтдим.
Биз эзотерикларда бир ирим бор – нимага ишонсанг, ўша нарса амалга ошади.
Оддий афсунгарлик
Офисда компьютер бузилиб қолди. Устани чақиришди. Уста келиб, компьютерни тузатиб кетди.
Бу қандай бўлганини офисдаги ходим ҳикоя қилиб беряпти:
"Уста келди, компьютерга диққат билан тикилиб турди, нимадир деб шивирлади, ўтирадиган курсимни ўн марта айлантириб, компьютеримни озгина сурди, яна нимадир, деб пичирлади ва кетди. Мана, ишлаяпти. Ҳақиқий сеҳргар экан”.
Устанинг ҳикояси:
"Компьютерни тузатиб бериш учун чақиришди. Ўша компьютерни ишлатадиган ходим эса жойида тек ўтиролмайдиган, доимо курсисини айлантириб ўтирадиган йигит экан. Компьютер сими стулнинг оёғига ўралашиб қолибди. Мен йигитга эшиттирмасдан уни роса сўкдим, симни курси оёғидан бўшатиб, компьютерни нарироққа суриб қўйдим. Чиқиб кетган симни уладим ва яна бир марта сўкиниб, у ердан чиқиб кетдим”.
Тенгликнинг фойдаси
Иқтисодиёт профессори бир куни бутун бир гуруҳни қандай йиқитгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Гуруҳ социализмнинг яхши эканлигини, ҳеч ким камбағал ҳам, бой ҳам бўлмаслиги, ҳамма тенг бўлишини айтиб профессор билан баҳслашибди. Профессор дебди: яхши, унда социализмнинг фойдалилиги борасида гуруҳда тажриба ўтказамиз. Ҳамманинг олган баҳосини қўшиб, ўртача баҳони чиқарамиз, ҳаммага бир хил баҳо қўйилади, ҳеч ким "аъло” ҳам, "икки” ҳам олмайди.
Биринчи назорат ишидан сўнг баҳоларнинг ўртачаси чиқарилибди ва ҳамма "яхши” баҳо олибди. Зўр ўқийдиган талабаларнинг жаҳли чиқибди, ўқимайдиган талабалар эса хурсанд бўлишибди. Иккинчи назорат ишида эса ўқимайдиганлар деярли ўқимай қўйгани, яхши ўқийдиганлар эса ўқимасдан ҳам яхши баҳо олиш мумкинлиги учун камроқ ўқиганлари оқибатида ҳамма "ўрта” баҳо олибди. Бундан ҳеч ким хурсанд бўлмабди.
Учинчи назорат ишида эса барчага қониқарсиз баҳо чиқибди.
Оқибатда гуруҳдагилар бир-бирлари билан баҳслашиб, жанжаллашиб кетишибди.
Тинчликни соғинган ит
Бир куни ҳовлимизга қари, чарчаган ит кириб қолди. Бўйнидаги тасмаси ва шишиб турган қорнига қараганда унинг эгаси бўлиб, яхши боқишарди. Ит ёнимга индамай яқинлашди ва мен уни силадим. У ортимдан эргашиб уйга кирди. Астагина остонага бошини қўйди ва ухлаб қолди. Бир соатдан кейин уйғониб эшик томон юрди. Эшикни очиб уни чиқариб юбордим.
Эртасига у яна ҳовлимда пайдо бўлди, мен билан "саломлашиб”, кечаги жойига бориб ётиб олди ва бир соатча ухлади. Бу ҳолат бир неча ҳафта давом этди. Мен қизиқсиниб "Ҳар куни уйимга ухлагани келадиган бу ажойиб итнинг эгаси ким?” деб хат ёзиб, уни итнинг тасмасига қистириб қўйдим.
Эртасига ит бўйнидаги тасмага қистирилган жавоб хати билан кириб келди: "Бизнинг олтита боламиз бор, улардан иккитаси ҳали уч ёшга ҳам тўлмаган. Итимиз тинчгина ухлашни истайди. Эртага итимиз билан бирга мен ҳам уйингизга борсам бўладими?”
Имконият ҳаммага берилади
Эълонда шундай ёзилганди: "Денгиз бўйидаги уч қаватли вилла сотилади. Бассейн ва боғи бор. Нархи 1 доллар”.
— Бемаънилик! — минғирлади дайди ва газетани ирғитиб юборди.
Кўчада егулик излаб юриб, деворга осилган эълонга кўзи тушди: "Денгиз бўйидаги уч қаватли вилла сотилади. Бассейн ва боғи бор. Нархи 1 доллар”.
"Адашиб ёзишганмикин?” ўйлади у ва йўлида давом этди. Шоҳкўчага чиққач, катта қилиб ёзилган эълонни кўрди: "Денгиз бўйидаги уч қаватли вилла сотилади. Бассейн ва боғи бор. Нархи 1 доллар”.
Дайди ўйланиб қолди. У бундай эълонни қайси аҳмоқ ёзганлигини билишга қизиқди ва текшириб кўрмоқчи бўлди. Унинг чўнтагида бир долларидан бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ эди. Эълондаги манзилга бориб, виллага кўзи тушди. Эшик қўнғироғини чалди. Эшикни бир гўзал аёл очди.
— Кечирасиз, эълон бўйича келувдим. Бу ҳазилми?
— Нима деяпсиз! Асло, ҳазил эмас.
— Нархини айтаман: 1 долларми?
— Ҳа. 1 доллар. Агар сотиб олишни истасангиз, марҳамат, кириб кўришингиз мумкин.
Кўрганларидан қувончга тўлган дайди сўнгги долларини аёлга берди ва муҳташам вилла соҳибига айланди. Лекин барибир унинг нархи нима учун бунчалик арзонлигини билишга қизиқди. Аёл унга жилмайганича жавоб берди: "Марҳум эрим ўлимидан олдин қилган васиятида ушбу виллани сотишимни ва пулини унинг маъшуқасига беришимни айтган. Эримнинг васиятини бажаришим керак-ку. Эълон ярим йил осилиб турди ва биргина сиз ушбу эълонга қизиқиб келдингиз. Хайр”. Аёл шундай деб кетди.
Хулоса: Имконият ҳаммага берилади! Фақат амалга ошмайдиган нарса ҳам рўёбга чиқиши мумкинлигига ишониш керак холос.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|