«Ёлғиз қолганда фикрингни, кўпчилик орасида тилингни жиловла», дейди донишмандлар. Тил — буюк восита. Ҳаммаси ундан қандай фойдаланишга ёки уни қачон жиловда ушлашингизга боғлиқ. Оилада тилни тия билмасликнинг тўрт ёмон кўриниши бор. Қуйида ана шулар ҳақида гаплашамиз. Мақола асосан келинлар, бўлажак келинлар ҳамда уларнинг оналарига бағишланади.
1. Ғийбат
Шу кунларда ижтимоий тармоқда бир аудио ёзув айланиб юрибди. Келин нақд 20 дақиқа онаси билан уйидагиларни ғийбат қилади, ҳасратидан чанг чиқади. Она эса унга ҳаёти силлиқ кечиши учун айрим «усуллар»ни ўргатади. Суҳбатнинг телефон диктофонига ёзиб олинаётганидан иккиси ҳам бехабар. Энг ачинарлиси, бу она билан турмушга чиққан қиз суҳбатининг типик намунаси. Ушбу суҳбатни эшитган оналар ҳам, қизлар ҳам телефонда гаплашаётганда тилни тийиш керак экан деган, хулосага келишгани табиий. Аммо бизнинг мақсадимиз уларни «умуман тилни тийиш керак» деган хулосага олиб келишдир. Деворнинг ҳам қулоғи бор. Қиз онасига гап ташишни бошладими, келинлик уйининг ички ишларига, муаммоларига бегона одамни (гарчи у ўз онаси бўлса ҳам) аралаштирди деганидир. Бу ўринда ташқаридан яхшироқ кўринади, деган гап умуман тўғри келмайди. Оилавий ишлар ташқаридан умуман кўринмайди, чунки тўн илиғи эгасига билинади. Қиз онасига ўз муаммоларини юклаб, улардан халос бўлмайди. Аксинча, онанинг ҳам руҳиятига кўчган муаммо энди хамиртуруш солинган хамирдек кўпира бошлайди. Ўзи, балки эри ёрдамида уларни ҳал қилгани тузук эмасми? Қайнона, қайинбўйинлар билан келиннинг яхши бўлиб кетишига умид бор, аммо қудалар ўртасидаги дарз кетган муносабатнинг тикланиши амри маҳол. Келинларимиз оила аъзоларини яқин қариндошларига ёмонлаётганларида, уларни ғийбат қилаётганда масаланинг шу томонини ўйласалар, яхши бўларди. Эртага ҳамма ишлар изига тушиб, оилага киришиб кетганларидан сўнг қудаларни бир-бирига яхши кўрсатолмай ҳалак бўлиб қолмасинлар яна.
2. Гап қайтариш
Қайнона ҳеч қачон гап қайтарган келинини яхши кўрмайди. Шунинг учун донишманд оналар қизларига «хўп бўлади» дейишни ўргатишади. «Хўп» дейиш, яъни «йўқ» демаслик, хўп сўзидан кейин ўз фикрини айта билиш дипломатиянинг асосий қоидасидир. Қайнонанинг гапларига эътироз билдиришга шошилманг, агар у киши нотўғри гапираётган бўлса, «Хўп бўлади, ойижон, фақат...» деб юмшоққина қилиб фикрингизни айтинг. Буни уддалай олмасангиз, ҳеч нима деманг-у, ўйлаганингизни амалга оширишнинг бошқа йўлини топинг. Муроса қилмасангиз бўлмайди. Қайнона билан муносабатда эса энг яхши муроса йўли, бу — тилни тия билиш. Баъзи келинлар «Ундай дедим, бундай дедим, ичимдаги айтиб олдим,» деб мақтанишади. Лекин шу ўринда қайнона билан муносабатларда битта позицияни бой берганларини билишмайди. Келинлар, қулоғингизга зиракдек илиб олинг, қайнона билан муносабат қуришда аччиқ гапдан жуда зиқна, ширин сўзга сахий бўлиш — энг яхши усул. Хуллас, тилингизни тийинг, қулоғингиз тинч бўлади.
3. Болани уришиш
Бола тарбиялашнинг ўзига хос усуллари бор ва бу ҳақда «Фарзандлар ва биз» рукнимизда мунтазам мақолалар бериб борамиз. Бу ўринда болани оила катталари олдида уришиш, «Ҳе, зотингга тормай...» деб бошланувчи қарғишларни қўллаш, катталарга жаҳл қилиб кичкинтойни силташ одатлари тўғрисида гапирмоқчимиз. Юқоридаги ҳолатлар сизга таниш бўлса, ўзингизнинг биратўла иккита шохингизга болта урасиз: биринчидан, боланинг кўнглини чўктирасиз, иккинчидан, оила катталари билан муносабатларни янада ёмонлаштирасиз. Ҳатто, фарзандингиз шунга арзийдиган иш қилганда ҳам, катталарга зарда қилиш ниятида эмас, уни шунчаки жазолаш учун бўлса ҳам, неварасини бувиси ё бобоси олдида уришманг. Тасаввур қилинг, дилбандингизни бошқалар уришса, сизга алам қилмайдими? Худди шундай, набирангиз ҳам уларнинг боласи, уни силталаш орқали бувию боболарнинг юзига тарсаки тортгандек бўласиз. Тўғри, жаҳл чиққанда ақл кетади. Шунда, масалан, ошхонага кириб битта пиёлани синдирворинг (одамнинг кўнгли сингандан, битта чинни сина қолсин). Унинг ўрнини тўлдириш осонроқ. Албатта, ҳазил! Яхшиси, жаҳлингиз чиқа бошладими, ё боладан, ё катталардан узоқроққа кетинг, нимадир юмуш билан ўзингизни чалғитинг. Орадан маълум вақт ўтгач, совийсиз, ва албатта, ўзингиздан миннатдор бўласиз.
4. Ёлғон сўзлаш
Биз бузғунчи, парчалагувчи, сўндиргувчи ёлғон ҳақида гапираяпмиз. Улар одамларни яраштирмайди, яқинлаштирмайди, камларни тўлдирмайди, ёмонларни яширмайди. Бу ёлғон фитналар бошлайди, ишончни ўлдиради, энг муқаддас ришталарни узади. «Ҳақиқат очиқ-ойдин ва қисқа, ёлғон эса жуда серсўздир» деган эди бир донишманд. Чиндан ҳам инсон қанча кўп гапирса, билингки, шунчалик кўп алдайди ҳам. Оилада ёлғон ишлатиш эса оила аъзолари ўртасидаги ишончнинг йўқолишига олиб келади, орада ғулғула пайдо бўлади. Мен зарурат бўлса-бўлмаса, ёлғон гапираверадиганларни ҳам, ёлғонга жуда зарур бўлганда мурожаат қиладиганларни ҳам биламан. Аммо умуман ҳеч кимни алдамайдиган инсонни кўрмадим. Биринчи турдагиларни ҳамма танийди, чунки ёлғоннинг оёғи калта, тез аёнлашади ва эгасини ҳам фош қилади. Камроқ гапиринг, келинлар. Ёлғонингиз камаяди. Акс ҳолда уйи ёнган чўпондек, рост гапингизга ҳам ишонмай қўйишади, сиздан кўп шубҳаланишади, изингизни пойлашади, ҳар гапингизга исбот талаб қилишади. Сизга шу керакми? Билингки, янги келинннинг асосий вазифаси «пок, ростгўй ва чаққон экан» деган баҳо олиш. Шу сабабли уйдагилардан яшириб ота уйига бориш, эрга айтмай, бирор ёққа кетиш ёки қайнонаю қайнотани огоҳлантирмай турмуш ўртоғим ёнимда-ку деган ўйда у билан шаҳарни сайру томоша қилиб юриш ярамайди. Эрингиз ўзим ота-онамни огоҳлантириб қўяман деса ҳам, сиз келин сифатида уларнинг олдидан ўтиб, бир рухсат сўранг. Алдаб кетсангиз, бир кун, албатта, миси чиқади ва турмуш ўртоғингизга эмас, сизга ёмон бўлади. Ахир ким ҳам ўз фарзандини айбдор қиларди, албатта, келиндан кўришади барини. Оналар ҳам эри ва қайнона-қайнотасининг рухсатисиз қизларининг олдиларига келишини ҳеч қачон ёқламасликлари керак. Чунки фарзандингиз ҳозир синов муддатида, шу синовдан эсон-омон ўтиши кўп жиҳатдан сизга ҳам боғлиқ.
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|