Ўзбекистонда 2019 йил 1 январидан бошлаб хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) берилиши тўхтатилган ва унинг ўрнини хорижга чиқиш биометрик паспорти эгаллаган. Унинг амал қилиш муддати – 10 йил.
Ҳужжатни олиш учун фуқаро доимий рўйхатдан ўтган жойлардаги ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига («паспорт стол»), хорижда эса Ўзбекистоннинг консуллик муассасаларига мурожаат этиши лозим.
Паспорт ариза берилганидан сўнг 10 иш кунида, хорижда эса дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда берилади.
Бунда тўланадиган давлат божи Ўзбекистон фуқаролари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 баравари (267 600 сўм), фуқаролиги бўлмаган шахслар учун 1 баравари (223 минг сўм) этиб белгиланган.
Хорижга чиқиш паспортини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1 ариза-анкета;
2 биометрик паспорт ёки ID-карта ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
3 давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;
4 ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўйича бўлимининг маълумотномаси – ҳарбий хизматга мажбурлар учун;
5 илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (мавжуд бўлган тақдирда);
6 ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
7 ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги – вояга етмаганлар учун;
8 фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти – вояга етмаганлар учун.