Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хосият Ҳусанованинг ролларини кузатар эканмиз, кўпинча намунали уй бекаси, қаттиққўл қайнона ролларини ижро этишига гувоҳ бўламиз. Актрисани бугун "Ўзбегим ошхонаси” лойиҳасига таклиф этар эканмиз, фильмларда келинларга талабчан "қайнона”нинг ўзи пазандами деган саволимизга жавоб олмоқчи бўлдик. Демак бугун Хосият Ҳусанованинг актёрлик маҳоратини эмас, пазандалик иқтидорини синовдан ўтказамиз.
— Аслида ўзимни аъло даражадаги пазанда аёлман деб мақтанолмайман. Бироқ оила аъзоларимни ширин таомлар билан сийлаб туришни биламан (кулади). Уйдагилар кўпроқ хамирли таомларни яхши кўргани учун дам олиш кунлари ва байрамларда уларнинг хоҳишидан келиб чиқиб манти, лағмон каби уйғур таомларини пишириб бераман. Бугун ҳам "Даракчи” муштарийларига машҳур "Кўза шўрва”нинг тайёрланиш сирларини ўргатаман. Бундан ташқари уйғур таомларидан бири "Сумборо”ни пишириш сирлари билан ҳам бўлишмоқчиман Ўйлайманки, бу таомлар рецепти уй бекалари учун асқотади.
Биринчи таом — "Кўза шўрва”
Икки кишилик "Кўза шўрва” учун керакли масаллиқлар:
100 гр. гўшт.
100 гр. ивитилган нўхат.
2 дона картошка.
1 донадан қизил сабзи, пиёз, помидор, булғор қалампири.
Таъбга кўра туз ва зираворлар
Кўзани яхшилаб ювамиз, кейин гўштни ўртача катталикда 5 бўлакка бўламиз. Кейин пиёзни майдалаб тўғраб, гўшт ёнидан жойлаймиз. Устидан бир ярим ош қошиқ ивитилган нўхат қўшилади. Картошкани иккига, сабзини эса ярим думалоқ шаклда тўғраб кўзачадаги бошқа маҳсулотларга қўшамиз. Помидор ва булғор қалампирини ҳам ўртача катталикда бўлаклаб соламиз. Энг сўнггида эса сув, таъбга кўра зира, мурч, туз ва кашнич уруғини солиб, кўзачани 200 даража ҳароратда қизиб турган, газ печига жойлаймиз.
Муҳим!
"Кўза шўрва” таоми маҳсулотларини юқорида тилга оилнган тартибда жойлаштиришга аҳамият беринг. Чунки бу тартиб маҳсулотларнинг пишиш тезлигини инобатга олган ҳолда танланган. Масалан, гўшт сабзавотларга қараганда секин пишади, шу сабаб у кўзанинг энг тагига қўйилади.
Бу таом вақт кам пайтда тансиқ таом тайёрлаш керак бўлган пайтда жуда асқотади. Тезда барча маҳсулотларни кўзага жойлаб печга қўйгач, бемалол бошқа юмушлар билан машғул бўлиш мумкин.
ИККИНЧИ ТАОМ — "СУМБОРО”
Энди иккинчи таомга ундасак ҳам бўлади. "Сумборо” уйғур ошхонасининг энг мазали ва талабгир тоамларидан бири.
Бир кишилик "Сумборо” учун керакли масаллиқлар:
400 гр гўшт.
2 дона пиёз
Соя
Маринадлаш учун:
100 грам крахмал
хитой тузи, зираворлар.
1 дона тухум керак бўлади.
Гўштни парраклаб тўғраб, маринадлаш учун мўлжаланган зирраворлар билан яхшилаб аралаштирамиз. Кейин туз ва зираворлар сингиши ва юмшоқ бўлиб пишиши учун гўштни 10-15 дақиқа тиндириб қўямиз. Пиёзни эса тўрт бўлакка бўлиб, қатламлари орасини очиб чиқамиз.
Маринадланган гўштни товада қизиб турган ёғда 2-3 дақиқа қовурамиз. Сўнгра пиёзни ҳам солиб яна 2-3 дақиқа қовуришда давом этамиз. Кейин эса икки ош қошиқ соя ва 50-100 гр. қайнаган сувни қовурилаётган маҳсулотлар устидан қуямиз. Маҳсулотларни товани силтаган ҳолатда аралаштирамиз (қошиқ билан эмас). Бунинг оқибатида эса това тагидаги олов ёғ таъсирида ичига кўчади. Яъни, қовирилаётган гўшт ва пиёз ҳам устидан ҳам тагидан ёниб турган олов таъсирида пишади. Бу усул таомга ўзгача таъм бериш учун қўлланилади ва 10 дақиқа давом этади.
Тайёр бўлган таомни бодринг ва сабзи билан безатиб дастурхонга тортсангиз у яна ҳам иштаҳа очар кўриниш олади.
Муҳим!
Пиёз кўп қовуриб юборманг, сабзавот чала пишгани маъқул.
Соя қўшилгач, маҳулотларнинг сели чиқади ва шу сабаб таом чуқурроқ ликопчада тортилади.
САБЗАВОТЛАРГА БЕЗАК БЕРАМИЗ
Бу икки таомни ҳам витаминларга бой сабзавотлар билан танаввул қилинса яна ҳам фойдали бўлиши аниқ. Шу сабаб сабзавотларни оддий ва осон безатиш усулига ҳам тўхталамиз.
Бунинг учун 1 донадан бодринг, помидор ва булғор қалампири ва кўкатлар керак бўлади.
Бодринг ва помидорни 6 бўлакка бўламиз. Булғор калампирини паррак шаклида тўғраймиз. Бўлинган сабзавотларни ўз тасаввурингиздан келиб чиққан ҳолда безатишингиз мумкин. Мен бодринг ва помидор бўлакларини кетма-кетликда гул шаклида жойлаштиришни хушлайман. Кўкатларни 10-20 см. узунликда кесиб ликопнинг ўртасига қўйинг. Кўриб турганингиздек оддий маҳсулотларни ҳам дастурхонга чиройли безатиб, тортиш мумкин.
Алия Сулайманова тайёрлади
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://darakchi.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|