Андижон шаҳридаги «Олтин водий» тўйхонасида шу йилнинг 29 ноябр куни катта концерт дастури намойиш этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Абдуллаева ҳамда хонанда Ойхон Эшонхонова томошабин тўла муҳташам залда «Эл аро инсон азиз» номли дастур асосида қўшиқлар гулдастасини инъом этдилар. Қарсак устига қарсак.
Буни қарангки, «Водий тантана медиа» масъулияти чекланган жамияти томонидан яъни, унинг етакчиси Озодбек Мирзаев ташаббуси билан уюштирилган концерт тадбири зарур ҳужжатлар асосида расмийлаштирилмади. Рухсатномасиз ташкил этилган тадбир учун сотувга чиқарилган чипталар давлат солиқ инспекциясида рўйхатданўтказилмаган эди.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 306-сонли қарори билан тасдиқланган «Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида Низом»да шундай деб кўрсатилган: «Хўжалик юритувчи субект чипталар, талонлар, чекларни ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш учун аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш бошлангунга қадар давлат солиқ хизмати органларига мурожаат қилади. Давлат солиқ хизмати органлари кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни икки кун муддатда рўйхатдан ўтказади.»
Яна бир меъёрий ҳужжатга эътиборингизни қаратамиз: Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрда «Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 354-сонли қарор билан тасдиқланган «Концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш тартиби тўғрисида Низом»да концерт-томоша тадбири ушбу Низомга мувофиқ берилган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Концерт-томоша тадбирларини ташкил этишга рухсатнома берилиши учун вилоят марказларида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Ҳақли савол туғилади: Концерт тадбирини ташкил қилувчилар бундан бехабар эдиларми?
Вилоят давлат солиқ бошқармаси, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси вилоят бўлими ҳамда Андижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳамкорликда ушбу концертнинг тўғри ташкил этилиши, сотилган чипталарнинг нақд пул тушуми юзасидан мониторинг-хронометраж тадбирини амалга оширдилар. Икки маҳал ўтказилган тадбир давомида иштирокчилардан олинган чипталар саноқдан ўтказилиб, ҳар бири 50 минг сўмдан эканлиги, жами 600 нафар фуқарога сотилганлиги маълум бўлди.
«Водий тантана медиа» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Озодбек Мирзаев тушунтириш хатида 3 кун муддатда томошадан тушган 30 миллион сўм нақд пул маблағлари банк кассаларига топширилиши юзасидан расман огоҳлантирилганлигини билдириб, йўл қўйилган хато учун узр сўради.