— Фарзандимни икки ёшигача эмиздим. Эмизишни тўхтатганимдан кейин кўкрагимнинг шакли ўзгарганини сездим. Буни тўғрилашнинг имкони борми?
Нигора, 23 ёш, Бухоро вилояти
Муштарий саволига жавоб ҳамда кўкрак шаклини тиклаш борасидаги тавсиялар ҳақида олий тоифали шифокор, маммолог Севара МУФТИЗАДЕ таништиради.
Эмизган аёлларнинг дарди бир...
Лактация ҳамда давомий кўкрак сути билан гўдакни озиқлантириш натижасида кўкрак птози юзага келади. Бу ҳолат фарзандини эмизган аёлларнинг деярли барчасида учрайди. Аёл боласини эмизаётганида кўкрак безлари сутга тўлади, ҳажми катталашади, кўкрак териси чўзилади. Эмизиш жараёни бутунлай тўхтатилгандан сўнг эса сут безлари аввалги ҳолатига қайтади, ҳажми кичраяди, бироқ чўзилган кўкрак териси қисқармайди, аксинча осилиб қолади. Агар бу ҳолат аёл киши учун катта аҳамиятга эга ва у кўкрак шакли ва ҳажмини тиклашни хоҳласа, буни турли усуллар билан амалга ошириш мумкин.
Уқалаш муолажаси
Кўкрак соҳаси учун мўлжалланган махсус уқалаш муолажасини ҳар куни икки ой давомида бажариш лозим. Уқалаш учун бодом, кокос ёки канакунжут ёғи ҳамда бироз бўш вақт зарур. Иккала қўл кафтингизга озгина ёғдан олинг, бир қўлингиз кўкрак устида, иккинчиси эса остида бўлсин. Енгил айланма ҳаракатлар билан кўкракни 3-5 дақиқа давомида уқаланг. Муолажанинг самараси сезиларли бўлиши учун уни турли машқлар билан бирга амалга ошириш ҳам мумкин.
Жисмоний тарбия!
Ушбу ҳолатда энг яхши жисмоний машқ бу — сузишдир! Маслаҳатимиз ҳафтасига 2-3 марта 1 соатдан ҳовузда сузинг. Сузиш вақтида қуйидаги машқларни бажариш кўкрак шаклини тузатишда асқотади:
Девордан итарилиш — ҳовуз деворига юзингиз билан қараб туриб, девордан ҳовузнинг ўрта қисмига қараб, қўлингиз билан гавдангизни 10 марта итаринг;
ҳиндча рақс — қўл кафтларингизни ҳинд халқи саломлашадиган каби кўринишга келтиринг. Дам кафтингизга босим беринг, дам бўшаштиринг. Бу машқни 10 марта такрорланг;
Ҳовузда сузиш вақтида кўпроқ елка ва қўлларингизни ҳаракатлантиринг.
Теридаги тиртиқлардан хавотирланманг!
Шифобаҳш гиёҳлардан тайёрланган аралашмадан кўкрак шаклини тиклаш жараёнида қўллаш теридаги тиртиқлардан халос бўлишда қўл келади. Аралашмани тайёрлаш учун 10 томчи розмарин, лаванда, ясмин ва апельсин ёғи ҳамда лимон шарбати, шунингдек, 100 мл. жожоба ёғини бир идишда яхшилаб аралаштириб, 24 соат давомида қоронғу жойда сақланг. ҳар куни уйқудан аввал бу аралашмани кўкрак терисига суртишни унутманг.
Уй шароитидаги усуллар фойда бермаса...
Мезотерапия — кўкрак шаклини тиклашга ҳамда теридаги тиртиқларни текислашга ёрдам берадиган биологик актив моддаларни тери остига юбориш усули. Аммо бу муолажанинг таъсири вақтинча эканлиги айтиб ўтмай иложи йўқ.
Кимёвий пиллинг — мевалардан олинган махсус кислоталар ёрдамида теридаги тиртиқлар текисланади. Аммо кўкрак шакли асл ҳолига қайтмайди.
Лазер терапия — лазер нури ёрдамида кўкрак тери усти «текисланади», бу муолажада ҳам кўкрак шакли илгариги ҳолатига қайтмайди.
Пластик жарроҳлик — юқорида саналган машқ ва муолажалар ёрдам бермагандагина қўллаш тавсия этилади. Амалиётнинг кўлами аёлнинг кўкрагидаги муаммолари, хоҳиши ва саломатлигини инобатга олган ҳолда белгиланади. Анестезия, албатта, қўлланилади, фақат унинг турини шифокор тайинлайди. Айнан шу муолажанинг таъсири аёлда бир умрга сақланиб қолади.
Ҳар қайси ҳолатда ҳам кўкрак шаклини илгариги ҳолатига қайтариш ёки ундан ҳам яхшироқ қилиш учун узоқ муддат, сабр ва маблағ талаб қилинишини айтиб ўтмасак бўлмас. Қунт билан ўз устингизда ишласангиз, ўзингиз истагандек гўзалликка эга бўлишингиз турган гап!
Дилноза МИРТОЛИПОВА
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|