Муаммо
"Шарманда қилдинг, иккинчи сен билан меҳмонга бормайман!!!” Ёшгина жувон уч ёшлар чамасидаги ўғилчасининг қўлидан силтаб-силтаб олиб кетяпти. Бола эса тинмай "Обейиииинг!” деб йиғлайди. Таниш манзара. Бундан бир неча йил аввалги воқеа эсимга тушиб кетди.Эр-хотин болаларни маданият ва истироҳат боғига олиб боргандик. Ярим кун боғни айланиб, ҳамма арғимчоқларда учиб бўлгач ҳам иккиси "яна качели учамиз” деб ерга думалаб йиғлашган ва бизни росса шарманда қилишганди. Ўзимни шу қадар ожиз сезгандимки...
Ўшанда ўғлим беш, қизим икки ярим ёш эди. Анча вақтгача болалар билан бирон жойга чиқишга қўрқиб юрдик. Ўйлардикки, бошқа боққа олиб бормасак, болалар бундан ўзига яраша тўғри хулоса чиқаришиди деб. Бир йилдан сўнг юрак ютиб боққа борсак, яна шу аҳвол. Шунда мен нимада хато қилганимизни тушуниб қолдим. Биз болаларни кўпроқ одамлар орасига олиб чиқишимиз керак экан. Ўшанда улар жамоат орасида ўзини тутишнинг маълум қоидалари борлигини англашаркан.
Муносабат
ҳамма гап муносабатда! Айрим ота-оналар, хусусан, тарбияда максимализм тарафдорлари боланинг жамоат орасидаги арзимас инжиқликларию ўзини тутишдаги камчиликларини ҳам улкан, глобал бир муаммо деб биладилар. Ё ўша заҳоти бу муаммо билан курашишга тушиб кетадилар (болани одамлар орасида койиш, изза қилиш) ёки ундан қочадилар (умуман уни жамоат орасига олиб кирмаслик). ҳар иккиси ҳам нотўғри ёндашув. Аввало, ўзингизни босиб олинг, ҳурматли ота-оналар. Биринчидан, маълум ёшгача ростан ҳам бола билан меҳмондорчиликка бормаган маъқул. Боришга тўғри келиб қолса, атрофдагилар боласи тарбиясиз экан, деб ўйлашидан қўрқманг. Улар ҳам бола бўлишган, фарзанд катта қилишяпти. Кичкинтой, табиийки, дастурхондаги кўзига чиройли кўринган нарсаларга қўл узатади. Бу боланинг "кўзи очлигидан” эмас, қизиқувчанлигидан далолат. ҳозирги тўкин замонда "кўзи оч” боланинг ўзи қолмади ҳисоб. Бола янги нарсани ушлаб, очиб, татиб кўргиси келяпти. Бу табиий ҳол. Энди ана шу табиий ҳол, яъни инстинктларини жиловлашни ўргатиш эса тарбиянинг, яъни сизнинг вазифангиз. Тўғри, бунга осон ва тез эришиб бўлмайди. Сабр...
Фурсат
Вақт ўтиши билан ҳаммаси ўзгарди. Масалан, ҳозир ўғлим ва қизим билан бемалол бирор жойга боришим мумкин. Чунки энди каттаси саккиз, кичиги беш ёшга тўлиб, анча гапга тушунадиган бўлиб қолишган. ҳамма нарсанинг ўз вақти бор, гап ана шу вақтни кута билишда. Болалар 5 – 7 ёшларга келиб, тарбиялаб бўладиган, гап гапирсангиз тушунадиган, шарт қўйиб, эвазига у-бу нарса ваъда қилсангиз, шартлаша оладиган ёшга етади. Фақат, албатта, ваъдангизнинг устидан чиқишингиз керак. Яна бир гап, биринчи болани одобга ўратиш қийинроқ кечади, кейингилари катталаридан ўрнак олиб кетаверади.
Чора
Хўп, болани, барибир, меҳмондорчиликда ўзни тутишга ўргатиш керакку?! Қандай қилиб? Биринчидан, буни уйда репетиция қилиб бориш лозим. Кичкинтой ва ўйинчоқлари иштирокида меҳмонга бориш саҳнасини яратинг. Тасаввур қилингки, у мезбон, сиз ёки бирон ўйинчоқ "дастурхонга ҳадеб қўл чўзаверадиган одобсиз” меҳмон. Вазиятни бироз бўрттиришингиз ҳам мумкин. Бола ҳолатни ташқаридан кўрса, тўғри хулосани ўзи чиқаради. Кейин ролларни алмаштириб, уни меҳмонга айлантирасиз ва хулосаларини текшириб кўрасиз.
Унутманг, ҳеч қачон болани одамлар орасида уриб, жеркиб, уялтирманг. У нотўғри ҳаракат қилса, алдаб четроққа олиб чиқинг, тушунтиринг. Тарбия соатини эса фақат уйда ўтказинг. Агар меҳмонга борган хонадонингизда кичкинтойнинг тенгдошлари, ўртоқлари бўлса-ку, жуда яхши. Шунда у сизни ҳам, дастурхонни ҳам тамомила унутади ва ўйинга шўнғиб кетади.
Руҳшунос Шаҳноза Халилова тавсиялари асосида Шаҳноза СОАТОВА тайёрлади.