ЛАЙФХАК –оддий кундалик юмушлар ёки кутилмаган вазиятларни мураккаблаштирмай, ҳал этиш усули. Уйда, ишда ёки кўча-куйда ҳар эҳтимолга қарши керак бўлиб қолиши мумкин.
Телефонда сўзлашаётганда суҳбатдошингизнинг исм-шарифини аниқлаштиринг. ҳатто, уни танимасангиз ва биринчи марта гаплашаётган бўлсангиз ҳам. ҳар эҳтимолга қарши телефон рақамини сақлаб қўйинг. Бунинг учун «сақлаш» буйруғини бажарсангиз бўлгани.
Агар уйда чироқ ўчиб қолса, албатта, шамдан фойдалансиз. Борди-ю, шам ҳам топилмаса-чи? У ҳолда ингичка макаронни 5 дақиқа оловда ушлаб туринг. Макарон аста ёниб, кичик аланга ҳосил бўлади.
Иш жойингизда қулай пойабзалингиз бўлсин. ҳарна керак бўлиб қолади. Агар баланд пошнали туфли ёки этик оёқни оғритса ёки сиқса алмашиш учун олиб қўйганингиз асқотади.
Маникюр қилгач, шошилинч ишингиз чиқиб қолса, лак суртилган тирноқни совуқ сувга солиб туринг. 5 дақиқадан сўнг бўёқ қотади.
Сумкангизда уяли аппаратни қувватлантирувчи мослама бўлсин. Биттаси уйда иккинчиси ишхонада ёки сумкангизда бўлса, ҳар қандай вазиятда уяли телефонингиз ўчиб қолмайди.
Тўшак ёстиқлари пучқайиб қолганлиги ёқмаётган бўлса, 30 дақиқага очиқ ҳавога олиб чиқинг. Қуёш нурида яхшилаб тўлишади.
СМС ёзаётиб, уни бошқа рақамга жўнатиб юборсангиз «энди нима қиламан» дея ташвишланманг. Дарҳол уяли аппаратнинг «созлаш» бўлимига кириб, «авиарежим»ни ишга солинг. Шунда адашиб йўлланган СМС манзилга етиб бормайди. Сизга эса бу ҳақида «Failure to deliver» хабари келади.
Газланган ичимликлар ёки шарбатларни қисқа фурсат ичида муздай кўринишга келтириш учун идишини нам сочиққа ўранг-да, яххонага қўйинг. 15 дақиқада яхдек бўлади.
Микротўлқинли печдан фойдаланадиганларга таниш ҳолат: қурилмага қўйилган идишнинг маркази четига қараганда яхши исимайди.Муаммони ҳал этамиз! Таомни ликоп марказига камроқ, четига эса кўпроқ қилиб жойлаштиринг. Шунда таом яхши исийди.