Хонанда Леди Гаганинг Оскар мукофотига номзодлиги продюсер Линда Перри томонидан "ғирромлик” деб баҳоланди. Бу ҳақда The Hollywood Reporter нашри ёзмоқда.
Леди Гага Дайан Уоррен билан бирга "Қўриқхона” фильмидаги Til It Happens to You треки учун Оскарга номзод сифатида кўрсатилган. Перрининг тахминига кўра, Леди Гага композициянинг ёзилишида иштирок этмаган, у шунчаки қўшиқни ижро этган. АҚШ киноакадемиясининг қоидаларига мувофиқ, олтин ҳайкалча қўшиқ ижрочиларига берилмайди.
Уоррен ижро этган демодан маълум бўлишича, Леди Гага, Перрининг таъбирича, "қўшиққа бир нечта янги сўз киритган, холос”.
Перрининг тахмин қилишича, Уоррен қўшиқни реклама қилиш мақсадида Леди Гагани ҳаммуаллиф деб белгилаган.
Орадан бир муддат ўтгач, продюсер бу сўзлари учун узр сўради ва қўшиқнинг яратилишини бевосита кузатмаганини тан олди.
Уоррен, ўз навбатида, композиция Леди Гага билан "ўзига хос ҳамкорлик” меваси эканлигини таъкидлаб ўтди.