"Даракчи" газетасининг "Мулоҳаза" лойиҳаси қаҳрамонига ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ. Боиси Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Номозов ижодининг ўзи у ҳақда "сўзлайди”. Кескин суҳбатдан қочмайдиган профессионал хонанда шоу-бизнесдаги камчиликлар, ТЎЙЛАРДАГИ дабдабабозлик, манманлик, кимўзарга тўй қилиб, сохта обрў топиш, тўқликка шўхлик қилувчилар хусусида атрофлича фикр юритди...
— Дабдабали тўйлар ҳақида гап борганида ўзингизнинг тўйингиз кўз олдингиздан ўтадими? Бугунги дабдабали тўйлардан сизники нимаси билан фарқ қилган?
— Касбимиз бевосита тўйлар билан боғлиқ. Бугун тўй бошлаб қўйганлар билан учрашсангиз, бир неча ойдан бери кўзида уйқу йўқлигини айтади. Аслида тўй қилишнинг ҳеч ҳаловатсиз ери йўқ. Тўйим ўша давр учун эл оғзига тушган файзли ўтган тўйлардан бўлган. Уч юз киши меҳмон бўлиб келган. Санъаткор бўлганим учун кўпгина ҳамкасбларим ҳам боришган. У вақтларда қишлоқларга хонандаларнинг бориши ҳақиқий шов-шув эди. Ўртаҳол оила эдик, келин-куёв учун тахтадан гўёки стол ясалган, дастурхон вазифасини пилланинг тагига ёзиладиган қоғоз ўтаган. Устида қовун-тарвуз, помидор-бодринг, ёпган нон бор эди, холос. Урф-одатлар режиссёр Мелис Абзаловнинг "Чимилдиқ” фильмидагидек ўтган (кулади). Қишлоқ тўйларидаги асосий дабдаба, бу — машиналарнинг керагидан ортиқлиги. Қишлоқнинг торгина кўчаларидаги пойгалар, ҳаддан ортиқ меҳмон чақириш, ўзини бир кунга бой қилиб кўрсатишдан нима фойда? Шу боис тўй ўтказиш давлат сиёсати даражасигача чиқди. Бундан биз — ўзбек халқи уялишимиз керак.
— Фарзандларингизнинг тўйини ҳам дабдаба билан ўтказганмисиз? Охири кўринмайдиган санъаткорлар, стол тўла егулик, ҳашаматли торт, келин-куёвнинг шоҳона ўриндиғи, вальс...
— Ҳаётим давомида жуда кўп тўй қилдим. Тўғри, ўз вақтида дабдабали тўй қилгим келган. Лекин бугун соддагина тўй қилиш тарафдориман. "Маҳмуд Номозовнинг тўйига юзта санъаткор келди”, деса бу лофмас. Боиси баъзилари ҳурмат юзасидан келган, қолганлари меҳмон бўлиб, қайси санъаткорнинг келиб-кетиши менинг қўлимда эмас-да. Лекин ортиқча сарф-харажат қилган эмасман. Сиз санаб ўтган одат тусига айланиб қолаётган ҳолатларни фарзандларимга чеклолмаганман.
— Бу борада сиз катталарнинг ҳам айбингиз бор, фарзандингизга чеклов қўя олмайсиз.
— Тўй олди фарзандларимнинг кайфияти тушкун бўлмасин, деганмиз-да. Лекин бугун ўзлари "бекор қилган эканмиз, шунча харажатнинг нима кераги бор эди?” дейишади. Ўша вақтда буни уқдиролмаганман, лекин вақт ўтиб хатоларини ўзлари англаб етишди. Тўй ҳақида кучга кираётган қарорлар ҳам бугун ота-оналарга фарзандларининг орзу-ҳавасини четга суриб, дабдабани тўхтатишга асос бўлади. Ҳамма нарсада меъёр яхши!
— Тўйларимизда турк, араб, форс, рус, инглизча қўшиқлар куйланади. Ўзбекнинг тўйида ўзбекча қўшиқларни эшитишга хоҳиш ҳам йўқ. Профессионал санъаткор сифатида ғашингиз келмайдими?
— Мени хизматга чақирган киши тўйида фақатгина Маҳмуд Номозовнинг қўшиқларини тинглашга мажбур. Чунки "талаб бўляпти”, деб мисқоллаб йиғилган обрўни бир лаҳзада совурадиганлардан эмасман. Ҳатто тўйларда тартибсизликлар бўлса, дарров танбеҳ бераман. Ҳақиқатда миллий қўшиқлар билан ўтган тўй файзли бўлади. Биласизми, тўйхонага кирганимда устоз санъаткорлар ўтирган бўлса, минг шошаётганимга қарамай, улардан аввал қўшиқ куйлаган эмасман. Бугун айрим тўйларда ҳурмат тугул, салом-алик ҳам қилишмайди. Хонандалар орасида ўзаро ҳурматни шакллантириш керак. Камига ҳамма тўйхонада бир хил репертуар. Танбеҳ берсанг, "кўролмаяпти”, деб ўйлайди. Профессионал хонандалар "дод”, дейдиган даражага етди. Санъаткорлар — бир оила. Аслида оиламиздаги камчиликларни гапиришнинг ўзи жуда оғир ва уят. Яқинда Қозоғистонга тўйга бордим, учта қўшиқчи қиз ёнимга келиб ўтирди. Очиғи, даврада уларнинг шу қадар мақтови келтирилдики, Маҳмуд Номозов ҳеч кимдек туюлди-да (кулади). Қаерда таҳсил олганини сўрасам, "қанақа таълим, нима деяпсиз? Тайёр қўшиққа оғзимизни қимирлатиб турибмиз, холос”, дейди. Кўпгина тўйларда машҳур хонандаларнинг фонограммасига оғиз қимирлатиб турадиганлар йўқ эмас. Бу санъатнинг устидан очиқ-ойдин кулиш-ку. Бундай ҳолатлардан ҳайратланаман. Маблағ етакчилик қиляптими, демак шоу-бизнес ҳеч қачон санъат даражасига чиқмайди!
— Бугун халқ артисти ҳам, ҳаваскорлар ҳам битта давра ва саҳнада турибди, бу адолатданми?
— Бу икки тоифани ажратиш шарт. Тўй борасида бунга тўй эгалари, концертда эса ташкилотчилар, телевидениеда раҳбарлар масъул. Профессионал ва ҳаваскорларни битта поғонага қўйиш санъат фидойиларининг обрўсини тушириб юборяпти. Масалан, телевидениеда ҳар икки тоифадаги хонандаларнинг қўшиқлари айланиши учун маълум вақт белгиланиши керак, ҳозирги ҳолат адолатдан эмас. Кўрсатув ижодкорлари ҳам "кўрсатувимга кимни чақиряпман ўзи?” деган саволга жавоб топиши шарт. Бу албатта савия қай даражада эканини белгилаб беради.
— Шоу-бизнесдаги камчиликларни изга солиш борасида жўяли таклифларингиз борми?
— Албатта! Шифокор, ўқитувчи каби кўплаб соҳа вакиллари маълум вақтда малака оширишга боришади. Лекин негадир санъаткорлар бундан мустасно. "Ўзбекконцерт”да бўлган йиғилишда шу мавзуни ўртага ташлагандим. Лекин таклифларим мажлисларда қолиб кетяпти, амалга кўчмаяпти. Ўзбекистон Давлат консерваториясини тамомлаб, "Ўзбекконцерт”га лицензия олиш учун келган ҳаваскорга "малака ошириб келсанг, лицензия берилади”, дейиш керак. Қолаверса, хонандаларни ҳар беш йилда ўн беш кунга малака оширишга юбориш керак. Бу таклифни илгари сураётганимнинг боиси ёш хонандаларнинг бирортаси китоб ўқимайди, сиёсат, хонанданинг унга дахлдорлиги нимадан иборатлиги ҳақида тушунчаси ҳам йўқ. Ёш хонандаларнинг бари матн ёзадиган "шоир”ларнинг ортидан мўмай пул кўтариб югуради. Бирортаси Муҳаммад Юсуф, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг китобини варақламайди. Иқбол Мирзонинг кимлигини танимайди ҳам, Эшқобил Шукурни назарига илмайди. Чунки шеър билан матннинг фарқига бормайди, савия йўқ-да. Тошкент вилоятининг педагогик кадрлар малакасини ошириш институтида мусиқа ўқитувчиларига уч йилдан буён дарс бераман. Аввал ўқитувчи бўлганим учун бу борада тажрибам етарли, мазкур масалада гапиришга ҳам ҳақлиман. Ёшларни танқид қилиш осон, лекин уларни айблаш, уришиш эмас, йўл кўрсатиш, хонанда маданият, маърифат тарқатувчи соҳа вакили эканини уқдириб, тарбиялаш керак, холос. Ҳозир ёшларга "малака оширишга борасан”, дейилса, бормасликнинг йўлини ахтара бошлашади. Бир бор малака оширса, фойдасини билгач, ўзи бажонидил борадиган бўлади.
— Мажлис ҳақида сўз очдингиз. Президентимиз эстрада соҳасида энг асосий камчилик дея — аксарият ижрочилар фаолиятида талабчанлик ва масъулият, ижтимоий жараёнларга дахлдорлик туйғуси тобора пасайиб кетганини таъкидлагандилар. Яқинда Маданият вазири "Ўзбекконцерт”да ўтказган учрашувида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова ва сизнинг номингизни тилга олиб, айтилган вазифани бажармаганингизни, ортингиздан вазирнинг ўзи излаб юрганини айтганди. Балки, тўйлар билан овора бўлиб, байрамга қўшиқ ёзишга вақтингиз бўлмагандир?
— Рости, мен учун оғриқли танбеҳ бўлди. Аввало ижод, бу — дурадгорлик эмас-да, икки куннинг ичида тайёр маҳсулотни қўлига тутқазсанг. Санъат, бу — ижод! Қўлимга шоир Усмон Азимнинг шеърини бериб, "Ҳосила билан бахшичилик йўналишида дуэт қилинглар. Фақат худди "лазги”дек шўх бўлсин”, деган талабни қўйишди. Ҳосила Раҳимова ва Маҳмуд Номозов иккита алоҳида шахс.
— "Иккита қўчқорнинг боши битта қозонда қайнамайди”, демоқчимисиз?
— Йўқ, айтмоқчи бўлганим, бахшичилик йўналиши нимага асосланишини ипидан игнасигача биладиган, шунга умрини бағишлаган профессионалларга нима қилиш кераклигини уқдиришяпти. Бахшичилик билан Хоразм йўналиши бир-биридан йироқ. Қолаверса, сурхонча йўналишнинг устаси Усмон Азимнинг ёзган гўзал шеърини ерга ётиб олиб ўйнайдиган ўйинқароқ қўшиқ қилишнинг имкони йўқ эди. Шунда ҳам бош қотириб, дуэтнинг қораламасини тайёрлаб бердик. Энг қизиғи, ҳар куни "вазир эшитдиларми? Тўғри йўлдамизми ё ўзгартириш керак эканми?” деган саволга вазир ёрдамчиларидан жавоб ололмай хуноб бўлдик. Қарабсизки, мажлисда танбеҳ эшитиб турибмиз-да. Очиғи, дуэтнинг қораламасини берганимдан афсусландим. Айтмоқчи бўлганим, фольклор йўналишига соҳа мутахассислари бўлмаганлар аралашишига йўл қўймайман. Биласизми, қорақалпоқларга "қўшиғингни ё мусиқангни ўзгартирасан”, дейилса "тиш-тирноғи” билан курашади. Фольклор йўналиши ҳақида гап кетганда, мен ё Ҳосила курашмаса, ким курашади? "Исталган шеърни беринг, ўн беш дақиқада қўшиқ қилиб бераман”, деб доим мақтанган хонандаман. Лекин бу иложсиз талаб олдида ожиз қолдим. Яна бир мисол, тадбирлардаги йигитларнинг сурхонча рақсларини кузатган сурхонлик бир одам "Маҳмуд, сурхонлик йигитлар шундай рақс тушганини қаерда кўргансан, нега индамайсизлар?” деб танбеҳ берди. Ҳамма камчиликни бартараф этишнинг йўли осон.
— Нега унда шу вақтгача ечилмаяпти?!
— Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва "Ўзбекконцерт” томонидан етарлича эътибор қаратилиши керак. "Миллий қўшиқларимиз йўқолиб боряпти, замонавий "қўшиқлар” кўпайиб кетди”, дейишади. Лекин ўша мазмунсиз қўшиқларни телевидениенинг ўзи "прома” қилавериб, томошабинга сингдиряпти-ку. Аксинча, талаб даражасидаги қўшиқ куйланса, унга телевидение томонидан клип суратга олдириб, телевидение ҳисобидан "айлантирилса” бўлади-ку. Шоу-бизнеснинг қонун-қоидаси шундай фойдали томонга ишлатилса, натижани кўрасиз. Хонанданинг бир ўзи чирангани билан иш битмайди, қарс икки қўлдан чиқади. Хонандалар ҳам "телевидение ўз ҳисобидан клип олдириб, "прома”сини қилиб беради”, деган интилиш билан сифат учун ишлайди. Масалан, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг "Мендирман ўша” қўшиғи ва унга ишланган клипига жуда катта маблағ кетибди. Баъзилар бу маблағга олтмишта клип суратга олдиради. Шу қўшиқнинг "прома”сини аслида телевидение қилиши керак эди. Озодбек ҳаракат қилмаса, телевидениенинг ўзи бу клипни "айлантирмайди” ҳам. Телевидениенинг ходимларига "қаерда ишлайсиз?” деб савол берсангиз, "давлат каналида” деб мақтанади. Лекин мусиқий таълими йўқларнинг "қўшиқлари”ни "айлантиришади”, қани мантиқ? Уларнинг ижодкор сифатидаги ғурури қани? "Талабга жавоб берадиган қўшиқ ва профессионал хонандалар чиқади”, деган бошқача эмасми? Бу рейтингни белгилаб беради, ахир. Рости, Озодбекнинг интилиши ва мазкур қўшиғига қойил қолдим.
— Маҳмуд Номозов ҳам халқ артисти, керак бўлса, тажриба жиҳатдан устун. Шундай экан, қачонгача Озодбек Назарбековга қойил қолиб ўтирмоқчи, гапираётган сўзларингизнинг амалдаги исботи бўлиши керак-ку?
— Табиатимда тезкорлик йўқ, етти эмас, етмиш ўлчаб бир кесаман. Тўғри, балки баъзилар қўшиқларимни тушунмас, энг машҳур хонандалар рўйхатида ҳам эмасдирман. Лекин шу кунгача ижодий "тарихим”ни шунчаки куйланган ва кўчирма қўшиқлар билан тўлдирган ижодкор эмасман, шундай бўлиб қолади ҳам. Насиб бўлса, сиз назарда тутган қўшиқларни ҳам тақдим этаман.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot darakchi.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|