Афсуски, гўзаллик сабоқларини мактабларда ўргатишмайди. Майли, улар ўргатишмаса, мана, биз бормиз. Сиз сўраган саволларга асло бефарқ эмасмиз. Мутахассисларимиз ҳам уларга жавоб беришга доим шайлар. Бу гал муштарийларимиз йўллаган саволларга «SUG`DIYONA» аёллар клубининг малакали мутахассиси, тажрибали визажист Олеся Савоськинадан жавоб оламиз.
«Пардоз ажин тушурадими?»
— Қизим 23 ёшда. Юзига сурмагани қолмади. Жавони турли тонал крем-у воситаларга тўлиб кетган. «Юзингга ажин тушиб кетади» десам ҳам, қулоқ солмайди. Ахир пардоз деганини 40 ёшдан кейин қилиш керак эмасми?
Малика
— Ҳа, косметик воситалар муддатидан илгари ажин тушишига сабаб бўлиши мумкин. Агар улардан нотўғри фойдаланилса! Тонал восита тери катакларида тиқин ҳосил қилиши ҳаммага маълум. Айтайлик, кечқурун пардоз тўғри ювилмаса, тўпланиб қолаётган тиқинлар терига кислород етиб боришига тўсқинлик қилади. Натижада ҳуснингизга бевақт ажинлар соя сола бошлайди. Аммо бу косметик воситанинг эмас, сизнинг хатоингиз саналади. Бугунги кунда «make-up»ни ювиш учун махсус воситалар ҳар бир дўкон растасида мавжуд. Айнан ўшалардан фойдаланиш керак. Бундан ташқари, фойдаланиш муддати ўтган воситалар туфайли ҳам терига зиён етади. Қизингизга эскирган воситалардан воз кечиш кераклигини тушунтиринг. Яна кўпинча уларни суртишда фойдаланадиганимиз спонжларнинг кирланиши оқибатида ҳам тери касалликлари юзага келади. Юз терисига тонал воситаларни суртгач, ажин пайдо бўлиши ҳақида бирор илмий манбада маълумотлар учрамайди. Демак, ажинларга пардоз-андоздан эмас, аксинча парваришлаш қоидаларини билмасликдан келиб чиқади, деб ўйлашга асос бор.
«Лабим катта кўринмасин!»
— Дугонам лаб бўёғи ёйилиб кетмаслиги учун лабининг четига қалам суртади. Мен эса лабларим катта кўринишидан уяламан. Қалам лабларимни катта кўрсатмаслиги учун нима қилсам бўлади?
— Биласизми, ҳозирги кунда ёйилиб кетмайдиган лаб бўёқлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Бироқ улар анча қиммат туради. Бўёқ ёйилиб, ҳозиргина овқатланиб чиққанингиздек таассурот уйғотишини истамасангиз, албатта, контур қаламлардан фойдаланинг. Аслида лабнинг атрофи қалам ёрдамида чизилганида катта кўринмайди. Аксинча чегараларнинг аниқ ва тиниқлиги лаб шаклига урғу беради, холос. Фақат контур қаламлардан тўғри фойдаланишни ўрганиб олсангиз бўлгани. Яна бир маслаҳат, агар бўёғингиз узоқроқ сақланиб туришини истасангиз, қаламни бутун лаб юзасига суртиб, сўнг помададан фойдаланинг.
«Ёғли тери учун махсус тонал восита борми?»
— Юзим ёғли, тонал кремлардан фойдаланишни истайман. Аммо иссиқ кунда улар юзимни янада ёғлироқ кўрсатади. Бу воситанинг махсус турлари ҳам бўладими?
— Албатта, иссиқ кунларда тонал воситалардан фойдаланиш бироз мушкул. Агар иссиқ кунларда у ноқулайлик туғдираётган бўлса, ББ кремларга мурожаат қилишингиз мумкин. Ёки компакт пудралардан фойдаланишни тавсия этаман.
Упа турларидан тўғри фойдаланинг
— Компакт ва уваланувчи упаларнинг фарқи нимада?
— Компакт упалар тонал кремнинг қуруқ кўриниши бўлиб, тери рангига мослаб танланади ва юзни тиниқлаштиради. Юз териси қуриб қолмаслиги учун аввал юмшатувчи крем, сўнг упа суртасиз. Уваланувчи упалар эса пардознинг якунловчи босқичи бўлиб, тонал воситанинг узоқроқ сақланиши, ёпишқоқ ҳолга келмаслиги учун айни муддао ҳисобланади. Юз рангини тиниқлаштирмаса-да, терига бахмал тус беради. Шунинг учун тери рангига айнан мослаш шарт эмас.
«Ёғли қалам танлашга ёрдам берсангиз...»
Карандаши-в-макияже
— Дўконлардаги қаламларнинг баъзилари ҳаддан ташқари ёғли бўлса, бошқалари қуруқ. Қўлга чизганда аниқлаш қийин. Уларнинг ёғлилик даражасини ёрлиғидан аниқлаш мумкинми?
— Одатда ёғли қаламлар ёрлиғида «waterproof» ёзувини ўқшингиз мумкин бўлади. Бу «сувга чидамли» дегани. Улар, айниқса, пастки қовоқни бўяш учун қулай. Чунки жароҳат етказмайди, бироқ қисқа муддатларда ўчиб кетиши мумкин. Шунингдек, кўз устига қалин чизиқ тортишни истасангиз, ҳеч иккиланмай «waterproof» қаламларига мурожаат қилаверинг. Осон бўялади-да. Қаттиқ қаламлар эса ингичка, нозик чизиқлар учун қулай.
«9 таси 1 да» кремларга ишонса бўладими?
— «5 таси 1 да», «9 таси 1 да» ёзувли кремларга ишонса бўладими? Улар чиндан ҳам бир вақтнинг ўзида шунча вазифаларни бажара оладими?
— Ҳар бир аёл терисига мос воситани топиш учун бир қанча кремларни синовдан ўтказишига тўғри келади. Бундай ёзувли кремларнинг таркибида нима бор-у нима йўқлигини аниқлаш мушкул. Шунинг учун аввал синаб кўриш лозим. Агар бундай крем терингизга ёқса, марҳамат, иккиланмай фойдаланишда давом этаверинг. Мабодо, ёқмаса, воз кечиш имконияти ўз қўлингизда. Фақатгина терисида камчилиги бор аёлларга кўп функционал воситаларга мурожаат қилишни тавсия этмайман. Масалан, юз терингиз қуруқ, демак, сиз учун кремнинг юмшатиш хусусиятини биринчи ўринда туради. «9 таси 1 да» деб ёзилган восита ҳам буни бир қадар уддалайди, албатта. Фақат вазифалари кўплиги ҳисобига муаммоингизни охиригача бартараф эта олмайди.
«Лабим бўёқ туфайли қуриб қолади...»
— Охирги пайтларда лабларим қуриб қолаяпти. Бунга бўёқ сабаб бўлиши мумкинми?
— Одатда ранги лабда узоқ сақланувчи ва жилосиз (матовий) лаб бўёқларида юмшатувчи компонентлар бўлмайди. Шунинг учун лабларнинг қуриши сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, биз яшайдиган иқлими шароити ҳам муаммога мойилликни оширади. Демак, лаб бўёғи суртишдан аввал бальзамлардан фойдаланиш лозим. Ёки уй шароитида зайтун мойига шакарни аралаштириб, скраб тайёрлаб суртинг. Ва яна бир муҳим қоида, лаб бўёғингизнинг яроқлилик муддатига ҳам эътибор қаратинг.
«Юзга энг аввал қандай восита суртилади?»
— «Фондейшн» нима дегани ва уни қандай танлаш лозим?
— Йўриқномасида «foundation» ёзувини кўрсангиз, қўлингизга олганингиз пардознинг асосини ташкил этувчи крем эканлигини билаверинг. Унинг ҳам бир неча хил ранглари бўлиб, масалан, юздаги қизаришларни яшил ранглиси, сепкил ва доғларни бинафша туслиси, сўлғин терини эса пуштиси «ниқоблайди». Аввал камчиликларингизни яширасиз-да, устидан терингиз рангига мос тонал крем суртасиз. Натижаси ҳайрон қолдириши аниқ.
МАФТУНА
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|