Баъзида вақт тўхтаб қолгандек туюлади. Соат миллари шунчалик имиллайдики, дунёларга сиғмай кетасиз. Эсланг, мактабда ҳеч ўзлаштира олмайдиган фанингиздан назорат иши олишган соатларни? Ёки кимнидир орзиқиб кутаётганингиздаги ҳаяжонни. Гоҳида эса аксинча, кунлар учиб ўтгандек. Ҳеч қачон тугамаслигини истаган дамларингиз кўз-очиб юмгунча сизни тарк этади. Хўш, машҳурларимиз асрга татиган кунлари ҳақида нима дейишади?
«Келинлик либосини кийган куним…»
Зуҳра СОЛИЕВА, актриса:
— Тўйим куни. Келин бўлиб, ер чизиб ўтиришдан жуда зериккандим. Тўйларга бориб, келинсаломлар айтиб юрганимда вақт тез ўтарди-да.
«Ғолиб бўлганимда...»
Дилниёз ҒАФФОРОВ, «Элдидо» гуруҳи хонандаси:
— Хурсандчилик онларини тез ўтиб кетади, дейишади. Менда эса аксинча. Масалан, ҳозир 2007 йил, 19 ёшимда ёш ижрочилар Республика кўрик-танловида гран-при соҳиби бўлган қувончли онимни эсладим. Кутиш, муваффақиятга эришиш ва бошингизнинг кўкка етиши сонияларни йилларга узайтиргандек бўлади.
«Юзимга табассум қайтгунча...»
Озод РАВШАН, радиобошловчи:
— Менинг фикрича, қувончли кунлар оқар сувдек, уларга тўймай қоласиз, қўмсаб яшайсиз... Оғир ва аламли кунларнинг бир сонияси ҳам ортиқча! Жудаям ҳиссиётларга берилувчан инсонман, кўнгилсизликларни юрагимга яқин оламан ва уларнинг ўтиб кетиши учун баъзида бир ухлаб туришим ҳам камлик қилади.
2014 йилнинг ноябр ойида жарроҳликни бошимдан ўтказдим, фикру хаёлим уни тезроқ ўтиши ва яна юзимга табассум қайтишида эди... Айнан операциягача бўлган 1 соат ичида вақт бир ой муддатга тўхтаб қолгандек эди гўё...
«Ҳамон кутаяпман....»
Наримон СУЛТОХЎЖАЕВ, клипмейкер:
— Бу кунни қанчалик орзиқиб кутаётганимни билсангиз эди. Зўр кино суратга олиб, унинг катта экранларда премьерасини томоша қилган куним мен учун минг йилга тенг кун бўлади. Ҳа!
«Бахтли онлар...»
Муҳиддин АЛИ, фотосуратчи:
— Интизорлик билан кутадиган кунларим олди доимо шундай ҳолатга дуч келаман. Дейлик, болалигимда ёзги соғломлаштириш оромгоҳига жўнашдан аввал ҳар кун жуда узоқ ўтгандек туюларди. Мактаб даврида эса 1 сентябрь тунида вақт тўхтаб қоларди гўё. Сабаби эртаси куни ўқиш бошланади-да. Баxт куним ҳаётимдаги энг узун ва энг баракали кун бўлган. Атрофимда барча яқинларим, дўстларим, меҳмонлар ташрифи, тўй удумлари, тантаналар — бари бир кунлик узоқ вақтни қамраб олган воқеа сифатида хотирамга муҳрланган.
«Бунақаси бўлмаган...»
Шаҳзода МАТЧАНОВА, актриса:
— Йўқ, шу пайтгача ўтган кунларимнинг ҳеч бирида вақт тўхтаб қолгандек туюлмаган. Доим кунларим янада узун бўлишини истаганман…
«Фазода ўтган дамларим...»
Одил АҲМЕДОВ, футболчи:
— Бошқа давлатдан ўз юртимизга қайтаётганим куним. То манзилга етгунча бир йилим самолётда ўтгандек туюлади. Соғинган онларингиз яқинлашганда, соат миллари тошбақадек ҳаракатланади-да...
«Болажонимни қўлимга олгунимча...»
Муножат АЛИМБОЕВА, актриса:
— Илк бора кўзим ёриганда, то «наркоз»дан чиқиб, болажонимни бағримга босгунимча бўлган вақт асрларга чўзилгандек туюлган. Ўзим ҳушимга келолмаяпман-у, тезроқ юрагимнинг бир парчасини қўлимга олишни истаб, кўзларимни очишга уринардим. Илк муродимни қўлларимга беришганида унинг жажжи қўлчаларидан ўпиб, чексиз бахтни ҳис қилганман.
«Кутиш бекати...»
Йигитали МАМАЖОНОВ, актёр:
— Ҳаётимизда бундай вазиятлар кўп бўлади. Айниқса, ниманидир ёки кимнидир чин дилдан кутсак, қайсидир масала тезроқ ечимини топишини истасак, сабрсизланиб, мақсадамизга тезроқ эришишни хоҳласак. Эсимда, бир марта жуда қаттиқ касал бўлиб уйда ётиб қолгандим. Ўн кунча кўчага чиқиш мумкинмас. Менинг эса ўйнаб-кулиб юрган ҳаётимга ошиқаман. Ўшанда ўзиям ўн куним ўн йилдек чўзилган.
МУХЛИСА тайёрлади.