Шайхлардан бири дейди:
Бир биродаримиз масжидга бомдод намозини ўқиш учун келиб, у ерда ўтирган ва дуо қилаётган бир кишини кўрган экан. Афтидан, у одам маст бўлиб, кечаси масжидга кириб ухлаб қолган. Қулоқ солса, ҳалиги масжидда ўтирган одам «Илоҳим, менга Фирдавс жаннатингни ато эт», деб дуо қилаётган эмиш.
Бу биродар унинг олдига келиб:
– Сен маст ҳолингда жаннатни сўраяпсанми, шу маст бошинг жаннатга лойиқми? – деб сўради.
Одам унга қарамаёқ жавоб берди:
– Сенга нима? Сендан сўраяпманми?!
Нақадар чиройли жавоб берганини кўряпсизми?
Сизга нима, сиздан сўраяптими?! Агар Аллоҳ унинг дуосини қабул қилса, Жаннатул Фирдавсга муносиб бўладиган «бош» бериши ҳам ҳеч гап эмас.
Бу воқеадан "ичиб юрса ҳам бўлаверади, Аллоҳ кечиради, муҳими ихлос билан сўраш” деган гап келиб чиқмайди. Аксинча, чин дилдан сўралса, Роббимиз энг паст, палид ишлардан нажот бериб, Ўзининг йўлига – Сиротул мустақимга солиб қўяди. Охир-оқибат ўша одам сўраган нарса – Жаннатига дохил қилади. Зеро Аллоҳ ўз Каломида "дуо қилинглар, қабул қиламан” деган-ку!
Ахир Юнус алайҳиссалом денгиз тубида, кит қорнида Аллоҳга дуо қилмаганмиди?! Аллоҳ унинг дуосини қабул қилиб, унга нажот берган эди-ку! Ва бу дуони мусулмонларга фазилат қилиб берди. Кимки Юнус алайҳиссаломнинг дуоси билан дуо қилса, ўша мусулмондаги зарар кетиб, ғам-андуҳи арийди. «Зулматларда туриб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим», деб нидо қилди. Бас, унга ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» (Анбиё, 87-88).
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Роббингиз ҳаёли ва каримдир. У Зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса, уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади», дедилар».
Дуо катта ёки кичик, эътиборли шайх ёки оддий одамнинг тилидан бўладими, фарқ қилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг: «Аллоҳим, Сендан ўзга ибодатга лойиқ ҳеч бир зот йўқ. Ўзинг яккаю ёлғизсан. Сен туғмаган ва туғилмаган ва Сенга ҳеч бир нарса тенг келолмайдиган Улуғ Зотлигингга иймон келтириб сўрайман!..» деяётганини эшитиб: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у билан дуо қилса, дуоси ижобат бўладиган ва у билан сўраса, бериладиган Аллоҳнинг улуғ исмлари билан сўради», дедилар.
Қўлингиз, қалбингиз ва умидларингизни осмонга кўтариб, ғурурингиз ва кибрингизни ерга пасайтириб, Буюк Яратувчингиз қаршисида нақадар заиф ва ҳақир инсон эканингизни изҳор этиб, Унга муножот қиласиз.
Инсон ўзидаги табиий ожизлик сабабли қадим-қадим замонлардан буён унинг истакларини қондиришга қодир бўлган бир илоҳга суянади. Ана шу илоҳига яқин бўлиб, ундан ўзи эҳтиёж сезган турли нарсаларни беришини сўрайди, содир бўлишини хоҳламаган нарсаларидан, турли ёмонликлардан эса паноҳ тилайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас» (Аъроф, 55).
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|