Тезкор замонда яшаяпмиз. ҳар кунимиз бир-бирини қувиб ўтиб кетяпти. Китоб ўқиш, кино кўриш у ёқда турсин, ҳаттоки, ота-онамиз, яқинларимиздан хабар олиш учун бир соат, қўнғироқлашиш учун, борингки, 5 дақиқа топишимиз мушкул бўляпти. Илгари дардимиз, қалб кечинмаларимизни дўстларимиз, ёр-биродарларимиз даврасида ўртоқлашган бўлсак, энди замона зайли билан ижтимоий тармоқдаги профилимизга пост сифатида ёзиб қўяпмиз. Буни кимдир қоралар ҳам балки... Аммо юракни бир зумга бўлса-да жунбушга келтирадиган воқеалар интернет оламида кам эмас. Уларнинг айримларини сиз билан бўлишамиз.
Саҳоватнинг чеки йўқ
«Кечки пайт ишдан қайтаётгандим. Уйимиз йўлагида катта эълон илиб қўйилган экан: «ҳурматли қўшнилар! Бугун тахминан соат 15:30ларда йўлакда 20 минг сўм тушириб қолдирилган бўлиши мумкин. Агар кимнингдир кўзи тушган бўлса, илтимос, тўртинчи қаватда 18-хонадонда яшовчи Сурайё холага олиб келишингизни сўраймиз». Чўнтагимдаги пулимни санадим, 22 минг чиқди. Ундан 20 мингини олдим-да, тўртинчи қаватга кўтарилдим. Эшикни Сурайё холанинг ўзи очди, сўраша туриб қўлимдаги пулга бир қараб олганини сездим. ҳол-аҳвол сўраб бўлгач, қўлларини дуога очди. Кейин эса «Эртага набираларимиз келадиган эди, ун олгани дўконга чиқиб, пулни тушириб қўйибман. Йўлакда халтамни очганим эсимда, шунга уйнинг атрофида йўқотиб қўйдим, деб ўйладим. Болам, пулингни олмайман! Уч соат ичида етти киши келиб, йирима минг топиб олганини айтди, сен саккизинчисисан! Умрингдан барака топ!» Холанинг дуолариданми, эшитган гапларимданми, нечундир руҳим енгиллашганини сездим».
Мангу хотира
«Дарс қилиб ўтиргандим, ўн яшар синглим аста хонамга мўралади. Унга бир қарадим-у, ўз ишимда давом этдим. Орқамдан келиб, менга ҳалал беришдан қўрққандек оҳистагина қучди. «Сизни жудаям яхши кўраман... Сиздан ойимнинг ҳидлари келади...» деди. Кўзимдан беихтиёр ёш ёқди. Оғир хасталик сабаб онам бу дунёни тарк этганига яқинда икки йил бўлади. Суратларига икки кун қарамасам, юзларини унутиб қўйгандек бўламан, синглим эса уларнинг ҳидларигача эслар экан...»
Улкан бахт
«Эрталабдан эрим билан тортишиб қолдик. Бир қарашда кичик масала эди-ю, аммо анчагина асаббузарликка сабаб бўлди. Хўжайиним зарда қилиб ишига жўнаворди, мен ҳам гўдагим билан истироҳат боғини сайр қилишга чиқдим. Ўриндиқларнинг бирида, олтмиш беш-етмиш ёшлар атрофидаги чол-кампир ўтирарди. Яқинлашганимда уларнинг суҳбатларидан парча қулоғимга чалинди: «ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган ишни уддаладик, биз — қариликни гаштини бирга сураяпмиз!» Очиғи, ўзимдан уялиб кетдим, чеккароққа ўтиб турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилдим».
Тарбиянинг ғаройиб усули
«Ишга кетаётиб, йўлда қизиқ бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Светофор олдида тўхтаган машиналардан бирининг ойнасидан елим халтага солинган ахлатни йўлга ташлаб юборишди. Машиналар яшил чироқда юришни бошлаганида кичик йўлакда велосипед ҳайдаб кетаётган ўсмир йигит тўхтаб, ўша халтани қўлига олди. Кейинги светофоргача тез ҳайдаб яна машиналарга етиб олди-да, бундан бироз олдин ахлат ташлаган машина ойнасини чертиб, машинада ўтирган йўловчиларга елим халтани қайтариб берди...»
Чин дўстлик
«Тўрт ой аввал сочим тўкилишни бошлади, бутунлай калга айланиб қолдим. Агар эллик яшар амаки бўлганимда ҳам бу ҳол алам қилмасмиди, ахир мен қиз боламан, унинг устига саккинзинчи синф ўқувчиси бўлсам... Шифокорлар даволансам, бир йил оралиғида сочларим қайта ўсиб чиқишига ишонтиришди. Мен эса мактабга бормай қўйдим, кўчага чиқиш у ёқда турсин, деразадан ҳам ташқарига қарамайдиган бўлдим. Кеча эса мен учун кутилмаган воқеа юз берди. Синф раҳбарим билан бирга синфдошларим мени йўқлагани келишди. Ўн нафар синфдошим сочини калга олдирган эди. ҳайратланарлиси эса яна иккита дугонам сочини калта қилдириб ташлаганди...»
«Йиғламанг, ойижон!»
«Холамнинг қизи ярим йил аввал атвтоҳалокат туфайли ёруғ дунёдан кўз юмди. Яқинда онам билан бирга холамни йўқлагани бордик. Қизидан кейин ҳар доим кўзлари йиғидан қизариб юрадиган холам бу сафар бизни кулиб кутиб олди. Табассуми ортида дард яширингани билиб турардик. Онам билан иккимизнинг унга ғалати қараётганимиз сезилдими, ўзи гап бошлади: «Ўтган ҳафта туш кўрибман. Сарвинозим 7 яшар қизча ҳолида экан. Қўлида сувга тўла иккита челакни кўтариб олиб, қйиналиб юриб келаяпти. «Вой қизим, нега бу оғир челакларни кўтариб юрибсан, уларнинг ичида нима?» десам, менга маъюс боқиб, «Сизнинг кўз ёшларингиз, ойижон...» деди. Чўчиб уйғондим ва бошқа энди йиғламайман деб ўзимга ўзим сўз бердим!»
Виждон азоби
«Бугун тўрт яшар ўғлим у билан машиналар пойгаси ўйинини ўйнашимни таклиф этди. Рози бўлиб, «Қани машиналарингни бир кўрай-чи?» деганимда унинг ҳайратланганини кўриб, уялиб кетдим. ҳар доимгидек «Мени тинч қўй, чарчаганман» дейишимни кутган-да бечора болам...»
Совға
«Шаҳар марказида очилган янги катта супермаркетга дугонам билан сайрга бордик. У ерда реклама акцияси вақтида ўйинчоқ ютиб олдик. Биздан сал нарида ота-бола турарди, саккиз-тўққиз ёшлар атрофидаги болакайнинг ногиронлигини сезиш қийин эмасди. Дугонам билан ўйинчоқни унга совға қилганимизда «Раҳмат» деб жавоб берди. Отасининг кўзлари ёшланди. Билсак, 2 ойдан бери гапирмай қўйган болакайнинг бу биринчи сўзи экан...»
«Меҳрибоним!»
«Яна бақириб, бақириб чиқиб кетди... Мен эса хонанинг бир бурчагида ғужанак бўлиб ўтирибман. Калтакнинг оғриғидан ҳамма ерим оғрияпти. Юрагим аламданми, азобданми, тўлиб-тошиб кетаяпти. Кўз ёшларим аллақачон қуриб бўлган. Отасининг важоҳатидан қўрқиб, ошхонадаги хонтахта тагига бекиниб олган 3 ёшли қизим ёнимга келди-да, қорнимни аста силади. «Қўйқиб кеттими?! ҳеч қаейинг оғйимаяптими? Дадамиз яхши, укача, туғилганингда яна бақийса, иккаламиз бийга бейкинамиз, хўп?!» Қўшни хонада бу гапларнинг барчасини эрим эшитиб турганини билардим...»
Яхши одамлар
«Акамга ўн уч ёшдалигида «оқ қон» ташхисини қўйишди. Кимётерапия вақтида ёлғиз ўзи шифохонада ётмасин деб отам ишхонасидан таътил олди. Бу даволаниш нақ бир йилга чўзилди. Отамга эса ана шу вақт давомида ишхонасидан тўлиқ ойлик бериб туришди. Орамизда яхши одамлар кўп, уларнинг борига шукр!»
Дилноза МИРТОЛИПОВА
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|