Бугун шаҳримиздаги масжидлардан бирининг олдидан ўтиб кетаётгандим.
Масжид олдидаги катта йўлнинг бўйига қўйилган эҳсон қутисига кўзим тушиб қолди.
Қутининг пул соладиган тирқишидан икки дона беш минглик пулнинг қирғоғи шундайгина кўриниб қолганди.
Атрофда қўриқчи йўқ, болажонлар эса бир-бирлари билан қувлашмачоқ ўйнаб юришарди.
Таажжуб, шундай олдиларида, назоратсиз жойда нақд ўн минг сўм турибди, нега олишмади ёки кўришмадимикан?
Шу хаёл билан бозорга бордим, харидларимни битириб, бир соатдан сўнг ортимга қайтдим.
Қути турган жойга бордим ва машинадан тушиб қутига яқинлашдим.
Атрофдаги болалар эса парвойи фалак, эътибор ҳам қилишмади.
Болаларнинг эътиборини тортиш учун баланд овозда: «Болажонлар, қандайсизлар?» деб сўрашгандай бўлдим.
Болалар чуғурлашиб жавоб беришди-да, ўйинда давом этишди.
Сабрим чидамади.
– Эй болажонлар, қани, олдимга келинглар-чи, гапим бор.
Тўртта бола югургилаб олдимга келишди.
Танишдик, 3-4-синфларда ўқишар экан.
– Хўўш, қани, ким менга шу қути тирқишидаги пулни олиб бера олади?
Болалар бир-бирларига ажабланиб қарашар ва менга эса ачингандай қараб жим бўлиб қолишди.
– Ким олиб берса, ярмини бераман.
Бирданига қовоқлари солинган болаларнинг орасидан дадилроғи бир қадам менга яқинлашиб:
– Опоғдада, бу пулга тегиб бўлмайди, бу пуллар масжидники, ким ўғирласа, кўзи кўр бўлиб, қўллари қалтироқ бўлиб қолади.
– Ким сизларга шундай деди?
– Уйдагилар ва масжиддаги намозхон опоғдадалар айтишган.
– Баракалла, болалар, катталарнинг айтганларига қулоқ солганинглар учун ҳов анови морожнийхонадан сизларга морожний олиб берайми?
– Ўша морожнийнинг пулини бераверинг.
«Гап йўқ», дедим-да, беш минг бердим.
Бола беш мингни олди-да, шошилиб масжид қутисининг тирқишидан ташлаб юборди.
– Ҳой бола, бу морожнийга эди-ку.
– Опоғдада, қаранг, масжидимиз ҳалиям битгани йўқ, морожний керакмас.
Болажонлар бу қилган ишларидан хурсанд бўлишиб югурганларича мендан узоқлашишди.
* * *
Ҳа, бу маҳаллага қиз берган ва бу маҳалладан қиз олган хонадон барака топсин!
Ҳаром ва ҳалолни ажратадиган қилиб тарбия берганлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|