Ўзбекистон ноёб жонивор — сайғоқлар сақланиб қолган дунёнинг атиги бешта мамлакатидан бири ҳисобланади.
Саҳро кенгликларида яшашга мослашган бу жониворлар табиат инжиқликларидан эмас, балки одамзоднинг ҳакалак отган нафси туфайли қирилиб кетаётгани аянчлидир. Улар нафақат гўшти, энг аввало қимматбаҳо шохлари учун браконьерларнинг ўлжасига айланмоқда.
Хусусан, Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари табобатида ҳозирга қадар кенг қўлланилаётгани боис сайғоқ шохлари мўмай даромад орттириш воситасига айланиб улгурган.
Сайғоқ ва жайрон миллий ва халқаро "Қизил китоб”га киритилган бўлиб, уни овлаш республикамизда таъқиқланган.
Афсуски, Ўзбекистонда сайғоқлар ва жайронларни асраш, улар яшаб, кўпаядиган ҳудудларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор берилаётганига қарамасдан, қонунга хилоф тарзда овланган бу ҳайвонларнинг шохларини яширин равишда олиб чиқишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда.
Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари сайғоқ ва жайрон шохларининг ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олишди.
"Қорақалпоғистон” темир йўл-чегара божхона пости ходимлари томонидан "Тошкент-Волгоград” йўналиши бўйича ҳараркатланаётган йўловчи поезди божхона кўригидан ўтказилганида, йўловчилардан бири фуқаро Ж.Тўхтасинов (мақоадаги исм-шарифлар ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимларининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилинмаган 8 дона сайғоқ ва 4 дона жайрон шохларини яширин равишда олиб чиқишга урингани фош этилди.
Шунингдек, ушбу поезднинг яна бир йўловчиси С.Абдуқодиров ҳам 7 дона сайғоқ ва 7 дона жайрон шохларини божхона назоратидан четлаб ўтиб, олиб чиқиб кетаётган пайтда тўхтатиб қолинди, дея хабар бермоқда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ахборот хизмати.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тегишли экспертларнинг хулосасига кўра, ушбу қонунбузарликлар ортидан табиатга етказилган зарар миқдори 97 млн. сўмдан ошган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ашёвий далил тариқасидан олинган мазкур ҳайвон шохлари эса Қорақалпоқ Давлат Ўлкашунослик музейига топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунига биноан ёввойи ҳайвонларни, шунингдек уларнинг қисмларини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш табиатни муҳофаза қилиш органлари берадиган рухсатномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасидан ғайриқонуний равишда олиб чиқишга уриниш чоғида ушлаб қолинган ёввойи ҳайвонлар, шунингдек уларнинг қисмлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда олиб қўйилади.