Маълумингизким, яқинда «ЗўрТВ» телеканалига фуқаролардан бири қўнғироқ қилиб, турк сериаллари намойиши тўхтатилишини талаб қилган, бу сериаллар ёшлар тарбиясига салбий таъсир ўтказаётганини айтганди. «Sevimli TV» бош муҳаррири Лола Шоимова худди шу мавзуда ўз фикрларини билдириб ўтди. Муҳаррирнинг айтишича, агар сериал ёқмаса, томошабиннинг қўлида пульти бор, бошқа каналга олавериши мумкин экан.
— Масалан, «Шум бола» фильмида ҳам аёлнинг эрига хиёнат қилиш, бегона эркак билан хуфиёна учрашиш саҳнаси бор. Шум болани ўғрилар ўз тарафига оғдиришга, ҳунарларини ўргатишга уриниш саҳнаси ҳам барчага маълум. Нега шу фильмни танқид қилишмайди? Турк сериаллари ҳам менталитетга, миллат шаънига тегувчи саҳналарни намойиш этаётгани йўқ. Негатив саҳналар бўлса, томошабин шуни кўриб тўғри хулоса чиқарсин деган ниятда фильмларга, сериалларга киритилади. Башарти кимгадир сериал ёки фильм ёқмаса, қўлида пульти бор, бошқа каналга олади, вассалом…
Шу ўринда бир гапни айтиш жоиз деб биламиз. Ўзбек режиссёрлари, продюсерлари енгил-елпи, уларнинг таъбири билан айтганда, «кассабоп» фильмлар яратишга мойил. Уларни томошабиннинг талаби ҳам, савияси ҳам умуман қизиқтирмайди. Агар яхшилаб разм солинса, дунё стандартларига жавоб бера олувчи фильм, сериаллар қилса бўладиган асарлар тўлиб-тошиб ётибди. Аммо режиссёрлар бу асарларга қараб ҳам қўйишмайди. Улар пулни бегона муаллифлар билан бўлишгиси келмайди. Шунинг учун сценарийни ҳам ўзлари, ёки ўзларига қарашли одамлар билан бирга яратиб қўя қолишади. Фильмлар, сериаллар эса умуман талабга жавоб бермайди. Улар тумтарақ саҳналардангина иборат. Бу ерда на актёр ижроси, на сценарий, на режиссёрлик иши кўринади. Ҳеч нарса йўқ. Ҳаммаёқ бўшлиқдангина иборат. Хўш, бу кинолар билан қандай қилиб дунё саҳнасига чиқиш мумкин? Дунё тугул Ўзбекистоннинг ичкарисидан чиқиб ҳатто Қозоғистонгача-да етиб бориб бўлмайди. Шундай экан, киночилар худди ўша баъзи фуқароларга ёқиб тушмаётган хориж фильм ва сериалларидан ўрганишса мақсадга мувофиқ бўларди. Тағин худо билади.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot darakchi.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|