— Нозим ака, сиз билан кўришиб турганимдан беҳад хурсандман.
— Раҳмат! Бу дейман, жиддий тайёрланган кўринасан. Шаштинг баланд. Марҳамат, қулоғим сенда.
— Яқинда янги фильмингиз «Зарб» экранларга чиқди. Айтишларича, таниқли доирачи ва унинг ҳаёти ҳақидаги воқеалар ҳаётдан олинган экан.
— Ҳар бир фильм сюжети ҳаётий воқеаларга асосланади. «Зарб»га келсак, аниқ бир воқеага таянган ҳолда ишланди деёлмайман. Суратга олиш жараёнида профессионал доирачини таклиф этдик. У ўз ижод фаолияти давомида юз берган турли жараёнларни сўзлаб берди. Эшитганларимизни фильм сценарийсига киритдик. Натижада бир қанча ҳаётий воқеалар тўплами ҳосил бўлди.
— Режиссёрлар орасида ўз актёр ва атрисалари гуруҳи билан ишлаш деган одат бор экан. Сизда ҳам шундайми?
— Юлдуз, бу менинг орзум! Қани энди, доим биргаликда ишлайдиган актёр-актрисалар гуруҳи бўлса. Гуруҳ таркибига пардоз устасидан тортиб, бастакор, либослар бўйича рассом, оператор ҳам киритилса. Буни режиссёр кимгадир ўрганиб қолган ёки ўзини ортиқча уринтиргиси келмайди, деб тушуниш керакмас. Шунчаки, режиссёрни ярим оғиз гапидан тушунадиган, айнан унинг услубини кўрсатиб бероладиган актёр-актрисалар билан ишлашни истардим. Баъзида бир хил гуруҳ билан ишласангиз, образлар такрорланиб қолади дейишади. Йўқ, мен бу фикрга қўшилмайман. Актёрлар ўша-ўша бўлгани билан сюжет ўзгаради. Масалан, жаҳон киноматографиясида ўз номига эга Курасавани олсак. Ижодидаги 80 фоиз фильмларда битта актёрни кўрамиз. Іатто, улар шартнома ҳам тузишган экан, бошқа режиссёрларнинг картиналарида суратга тушмаслик ҳақида. Бизда эса буни бошқача талқин қилишади.
— Демак, фильмларингизда сизга маъқул келган санъаткорлар таклиф этилади. Хўш, «Зарб»даги актёр-актрисалар ижросидан 100 фоиз кўнглингиз тўлдими?
— Агар режиссёрнинг суратга олган фильмидан 100 фоиз кўнгли тўлса, у учун ижоддаги ҳаёт тугади ҳисоб. Чунки кейинги изланишлар учун туртки қолмайди. Менимча, ижодкор одамнинг ўз ишидан қониқмаслиги нормал ҳолат. Агар кўзлаган мақсадингга эришиб, чўққини забт этсанг, руҳан «ўласан». Боиси бошқа мақсад, интилишинг қолмайди. Ижод эса ҳамиша олға бориш, изланиш, янгилик яратишга ундайди. «Зарб»да роль ижро этган актёр-актрисалар ижросидан мамнунман. Агар бирор эътирозим бўлса, бунга фақат ўзим айбдорман. Чунки актёрларни мен танлаганман, улар билан ўзим ишлаганман. Агар фильм кутилган натижа бермаса, бу ҳам менинг айбим. Зеро режиссёр кема капитани, у бутун экипажни қирғоқ сари бошлаб боради. Іақиқий режиссёр табуреткадан санъат асари ярата олади. Агар у ўртамиёна режиссёр бўлса, картина омадсизлигида албатта кимнидир айбдор қилиши турган гап.
— «Кичкина табиб», «Ўтов» «Афғон»да сизни ғурурли эркак, мард инсон, фарзанди учун хамма нарсадан кечишга тайёр ота қиёфасида кўрамиз. Қаҳрамонларингиз кучли характерли. Хўш, сиз уларни доим оқлайсизми? Инсон ана шундай яшаши осонми?
— Кучли инсон бўлиш ҳам иқтидор. Албатта, бундай характер билан яшаш осон эмас. Аммо ўз нуқтаи назарисиз яшаш ундан ҳам қийин. Іар бир қаҳрамоннинг ўз ҳақиқати, ҳаёти бор. Уларни оқлаш ҳам, қоралаш ҳам мумкин эмас.
— Режиссёр ва актёрликдан ташқари мультипликаторсиз. Шу ҳақда ҳам гапириб берсангиз.
— Ишонсанг, ҳеч қачон мультипликатор бўлишни хоҳламаганман. Тўғри, мультфильмларни яхши кўраман. Аммо суратга олишни хаёлимга ҳам келтирмаганман. 1979 йил ўзбек мультипликация студияси раҳбари мультфильмга режиссёрлик қилишни таклиф этди. Таваккал қилиб рози бўлдим. Ўшанда илк суратга олган мультфильмим омадли чиққан. Кейинчалик бу борада фикрларим ўзгарди. Мультфильмга кичик асар сифатида қараб бўлмас экан. Чунки унда ҳамма нарса, ҳар бир элемент бирма-бир чизилади. Мультфильм кинога қараганда анчайин машаққатли иш. 3-4 дақиқалик мультфильмда ҳам кўп нарса айтиш мумкин.
— Бугун суратга олинаётган мультфилмларда миллийлик бўлса-да, болажонлар аллақачон Дисней ва ғарб мультфильмларига ўрганиб бўлишди. Бетман, Ўргимчак одамга тақлид қилишади. Уларни ўзимизнинг эртаклар билан жалб қила олиш қанчалик ҳақиқатга яқин, сизнингча?
— Болалар фақат бизнинг мультфильмларимизни кўришсин деб бўлмайди. Нега хориж мультфильмларини севиб томоша қилишади? Чунки аксарият телеканалларда айнан ғарб анимацион асарлари намойиш этилади. Ўзимизнинг миллий мультфильмларимиз ҳам бугун анча оммалашди. Ранг-баранг образлар билан бойитилди. Буни болалар қабул қилиши учун эса вақт керак. Іозирда «Нўхот полвон» номли тўлиқ метражли мультфильм устида ишлаяпмиз. Насиб қилса, кейинги йилга якунлаймиз.
— Ижодкорлар оиласида улғайганингизни ҳамма ҳам билмаса керак. Отангиз драматург, шоир ва ёзувчи Туроб Тўла. Иқтидорингиз болаликдан шаклланган экан-да?
— Отамнинг шеърлари ҳамон қўшиқ қилиб куйланади. «Мажнунтол», «Кўчалар» эшитгансан-а?! Отам моҳир сценарийнавис ҳам бўлган. У киши ёзган «Мафтунингман», «Нодирабегим» сценарийларини ўқиб улғайганман. Балки шунинг таъсири бўлгандир. Қолаверса, тоғаларим кинорежиссёр бўлишган. Ижодий муҳитда вояга етганим учун ҳам ҳеч иккиланмай актёрликни танлаганман.
— Танловингизни ота-онангиз қандай қабул қилишган?
— Жуда яхши. Отам аввалига рассом бўлишимни хоҳлаган. «Актёр бўлиб нима қиласан, ҳаловатинг бўлмайди», дерди. Аммо қарорим қатъийлигини кўриб, эътироз билдирмаган. Аммо бир думалаб 17 ёшимга қайтиб қолсам, актёр бўлмасдим. Кино, актёрлик, режиссёрлик одамни руҳан эзиб юборади. Машаққати оғир.
— Нега? Биз — шогирдларингиз, мухлисларингиз сизни жуда ҳурмат қиламиз, яхши кўрамиз. Сиздан ўрнак олишга, нималарнидир ўрганишга интиламиз, Нозим ака.
— Демак, бекор яшамабман.
— Негадир шахсий ҳаётингиз ҳақида кам гапирасиз? Мумкин бўлса, оилангиз тўғрисида ҳам сўзлаб беринг.
— Интервью вақти шахсий ҳаёт тўғрисида гаплашишни ёқтирмайман. У ўз номи билан шахсий бўлиб қолиши керак. Қисқагина айтадиган бўлсам, бир ўзим яшайман, уйланмаганман.
— Эркаклар йиғламайди дейишади. Сизнинг-ча ҳақиқатан ҳам шундаймикан?
— Нега эркаклар ҳам йиғлаб туради. Аммо сиз кўрмайсиз. Онгимизга «Эркак киши мард бўлиши керак, кўз ёш аёлларга хос» деган тушунча сингиб қолган. Менимча, кўз ёш руҳият, ички олам ифодаси. Асло ожизлик белгиси эмас.
— Ижодингизда тақдир мавзусига кўп тўхталасиз. Ўзингиз тақдирга ишонасизми? Уни ўзгартириш мумкинлигига-чи?
— Ҳамманинг ўз тақдири бор. Унинг ўзгариши эса вазиятларга боғлиқ. Айтайлик, йўл-йўлакай бошқа машинага ўтирсанг ҳам, тақдиринг ўзгариб кетиши мумкин. У доим бизни назорат қилади. Тақдирни донолик билан бошқариш мумкин, холос.
— Сиздан айнан шу жавобни кутгандим. Суҳбат учун раҳмат!
— Сенга ҳам! Келгуси сафар шу жой сеники бўлади. Бугунгидек, қатъийятли бўлишингни тилаб қоламан.
Хўш, суҳбат ҳақида қандай фикрдасиз? Сизнинг-ча, ёш актрисамиз ўзига юклатилган вазифани қай даражада уддалади? Фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз. Кейинги сонимизда эса Юлдуз Ражабова учун кутилмаган «совға»миз бор.
Дилдора Юсуфбекова ёзиб олди.
Фотомухбир: Фаррух АЛИЕВ
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|