Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида содир бўлган ҳодиса акс этган видео бутун интернет оламини "портлатди”.
Kun таҳририятига август ойи охирида рўй берган ҳодиса видеоси тақдим этилди. Унда Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев тумандаги мактаб директорларини йиғиб, уларни бир қаторга териб, ҳар бирини калтаклаб чиққани тасвирланган. Видеода директорлардан айримларининг юзига бир неча бор тарсаки тушгани ҳам акс этган.
Видеодаги тасвирдан туман ҳокими мактаб директорларини Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб келмагани учун жазолаётганини тушуниш мумкин.
«Бечора районо мудирини итдек қиламан, аслида сен ҳам айбдор. Нега районингни ҳурмат қилмайсан?», дея бақиради ҳоким.
Директорлардан бирини уриш баробарида ҳоким «Ватан мустақиллиги сенинг мустақиллигинг эмасми? Байраммасми?» дея сўроққа тутиб, ҳақоратлашни давом эттиради.
Kun.uz манбасининг маълумотига кўра, туманда Мустақиллик байрами аввалига 25 август кунига белгиланган, кейин эса байрам тадбири 27 августга қолдирилган. Мактаб директорларининг айримлари байрам учун йиққан одамларини 27 август куни ҳам такроран байрам ҳудудига олиб кела олишмаган, айримлари байрам қайси кунга қолдирилганидан бехабар ҳам бўлишган. Натижада 27 август куни байрамда томошабин кам бўлган. Вилоят ҳокими эса байрам юқори савияда ташкиллаштирилмаган, деб Носиржон Эгамбердиевга хайфсан берган. Шундан сўнг, туман ҳокими мактаб директорларидан «аламини олган».
Эслатиб ўтамиз, Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод туманига 2016 йилнинг октябрида ҳоким этиб тайинланганди. У бунгача Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.