Уларнинг яқинларига 8 маслаҳат
Нохушлик юз бериб, яқинларингиздан бири ногиронга айланди... Афсуски, бундай ҳодисадан ҳеч ким суғурталанмаган. Аммо ҳаёт давом этмоқда. Сиз учун ҳам, яқин инсонингиз учун ҳам... Тушкунликка тушиш билан бирор яхши нарсага эришмайсиз, ўзингизни қўлга олинг. Ногирон деган номни олганига кўниколмай юрган жигарингизни ҳаётга қайтаришга шошилинг. Бунда қуйидаги маслаҳатлар сизга асқотади, деган умиддамиз...
1. Сунъий девор қурманг!
Яқин инсонингиз ва ўзингизни жамиятдан узоқлаштирманг. Ортиқча гап-сўз, атрофдагиларнинг раҳмдиллиги баъзан кўнгилга тегиши мумкин. Айнан шу нарсалардан ҳимояланиш учун сунъий девор барпо этилади. Бу эса атрофдагилардан беркинишдан ташқари, ногирон кишининг оила аъзоларидан узоқлашишига ҳам сабаб бўлади.
2. Унга қараш сизга малол келмасин!
Болакай, қария ва ногирон... Уларнинг барчаси ўзганинг парваришига муҳтож кишилар. Бироқ фақатгина ногирон сизнинг ёрдамингизни рад этиши мумкин, у яқинларига малол келишдан қўрқади. Унга сиздан ўзга меҳрибончилик қила олмаслиги мумкин, парвариш қилар экансиз бу сизга оғирлик қилса-да, буни сездирмасликка ҳаракат қилинг...
3. "Ўтиравер, мен бажараман”, деманг!
Бу энг кенг тарқалган хатолардан бири. Уй олдидаги дўкончага нон учун чиқиб келиш, картошка тозалаш, ҳаттоки уйдаги кичик юмушларни ҳам бажаришига ишонмай, "Қўявер, ўзим тезроқ қиламан!” деган гапни асло оғзингизга олманг. Яқинингиз ўзини кераксиз инсондек ҳис қилмасин. Бу бора-бора "ҳамма менга хизмат қилиши керак”, деган фикр дунёга келишига сабаб бўлиши мумкин.
4. Ўтмишни ёдга олманг.
Агар ўшанда "айтганимга қулоқ солганингда”, "ўзингни эҳтиёт қилганингда”, "тез ёрдам эртароқ етиб келганида” каби турли сабабларни қайта-қайта гапиравериб, ўтмишдаги мудҳиш кунни ҳадеб эслайверманг. Шуларсиз ҳам унга қийин. Етти мучаси соғ бўлмаса-да, ёнингизда тирик ўтирганига хурсанд бўлинг. Ногиронлик яшашга халақит берадиган тамға эмас, ҳаётга бўлган қизиқишини оширинг.
5. Миннат қилманг!
Эртадан-кечгача атрофида парвона бўлаётганингиз учун у сиздан бир умр миннатдор бўлади. Ҳар икки гапининг бирида "раҳмат” айтаётгани сизга камлик қилганидек, яна миннат қилишга шошилманг. Шифохонада тепасида ўтирганингиз, кичкина боладек овқатлантирганингиз ва юришни ўргатганингиз учун у сизга осмондаги ойни олиб берсинми? Соғ-омон бўлганида у сизни бошида кўтариб юрган бўларди... Бу дунёда қилган яхши ишларимизнинг жавобини эртами-кечми олишимизга ишониб яшанг.
6. "Қаршингизда ногирон турибди!”
Бу гапни айтиб, одамларда раҳм-шафқат уйғотишга, автобусда жой беришларига, шифокор ҳузурига навбатсиз киришга уринманг. Сиз ишимиз тезроқ битади, деб ўйласангиз ҳам, ногирон кишига унинг камчилигини омма олдида намойиш қилаётганингиз оғир ботиши турган гап.
7. "Қани, югурдикми?!”
Ўйламай айтилган гап шундай қўрқинчли нарсаки! Сиз учун бу катта аҳамият касб этмас, бироқ югуриш у ёқда турсин, бировнинг ёрдамисиз юра олмайдиган одам учун оғир ботиши аниқ.
8. Хоҳиш-истак унда ҳам бор!
У балки юролмас, гапиролмас, кўра олмас, лекин у ҳамон тирик. Демак, унда хоҳиш-истак, умид ва ... дид бор. У билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш жараёнида бир оғиз бўлса-да, ундан нимани хоҳлаётгани ҳақида сўрашни унутманг. Тоза-озода кийинишига, тартибли кўринишига бепарво бўлманг. Ҳаттоки, эрталабдан кечгача уйда ўтирса ҳам!
Унутманг, асосийси ҳаёт давом этмоқда...!