Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Олмазор тумани, Фаробий кўчасида содир этилган одам савдоси жинояти бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ.
2017 йил 21 август куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига фуқаро Ялгашева Умида Амировна ариза билан мурожаат қилиб, у август ойининг бошларида Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудида "Шаходат” исмли аёл билан танишиб қолганлигини, орадан бироз вақт ўтиб, ушбу аёл унинг "Зарина” исмли қизи борлигини, у ҳомиладор эканлигини, улар ушбу туғиладиган фарзандини 1.000 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар эвазига сотиш ниятлари бор эканлигини айтганини билдириб, мазкур шахсларга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Ушбу ариза асосида шу куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан жиноятчиларни қўлга олиш борасида тезкор тадбир режалаштирилиб, соат 14:00 ларда, Олмазор тумани, Фаробий кўчасида жойлашган "Макро” супермаркети автотураргоҳида Сатторова Шаҳодат Жумаевна ва Жўрақулова Зарина Шаҳоб қизи, 2017 йилнинг 16 август куни туғилган, ҳеч ҳандай шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган қиз чақалоқни 1.000 АҚШ доллари эвазига У.А.Ялгашевага сотган вақтларида ашёвий далил билан ушланганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Ж.Сатторова ва З.Ш.Журакуловаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни содир этганликда Ш.Ж.Сатторова ва З.Ш.Жўрақуловаларнинг айби тўлиқ исботланиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми "а” банди (одам савдоси, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсни олиш-сотиш) билан айблов эълон қилинди ва жиноятнинг оғирлилик даражасини инобатга олган ҳолда айбланувчиларга нисбатан "қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланмоқда.