2014 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоаси антиқа ишқибозлари билан ажралиб турди. Оилавий футбол мухлисларининг ҳар бири қўлига 12 тадан суюкли жамоасининг байроқчаларини қистириб, футболчиларни қўллаб туришди. Бу қадар ташаббус кўрсатиш улар учун чўт эмас. Чунки ҳар бирининг қўл панжаларида 12 тадан бармоқ бор. Ҳа-я, оёқларида ҳам худди шунча. Қаҳрамонларимиз бразилиялик "Ортиқвой”лар.
Насл сурган мутация
Бразилиянинг Агуас Кларас шаҳрида истиқомат қилувчи Да Силва оиласининг 14 нафар аъзоси қўшимча қўл ва оёқ бармоғига эга. Яъни ҳар бирида 24 тадан бармоқ бор. Маълум бўлишича, мутация тўрт авлодда кузатилган бўлиб, насл сураётгани билан генетикларни ўйлантириб қўйган. Зеро, тиббиётда полидактилия номи билан юритиладиган ушбу хасталикнинг барча оила аъзоларида кузатилиши камдан-кам учрайдиган ҳолатдир. Статистик маълумотларга кўра, ушбу касаллик юзта чақалоқдан иккитасида учраши мумкин. Туғма ривожланиш нуқсони саналган ортиқча бармоқ кўпинча қўл-оёқ панжаси қаторидан ташқарида жойлашган бўлади. Аммо Да Силваларда бундай эмас. Ҳатто бир қарашда олтинчи бармоқни пайқамайсиз ҳам.
Баъзилар ортиқча бармоқни жарроҳлик йўли билан олдириб ташлайди. Бироқ Да Силвалар хонадонида "олтинчи” сўзи ноодатий талаффуз этилмайди ва шу пайтгача ҳеч ким жарроҳлик ҳақида сўз очган эмас.
"Олтинчи бармоғимнинг борлиги рўзғор ишларида асқотади. Фақат боғни парваришлаш учун махсус қўлқоплар бироз ноқулай-да. Анъанавий бичимдагилари билан иккита бармоғимни бирлаштиришимга тўғри келади. Умуман олганда мен ўзимни хаста ҳисобламайман” — дейди йигирма саккиз ёшли Ана Каролина.
Футбол бўйича чемпионатда иштирок этиш ғояси Ананинг онаси Сильвия Сантосга тегишли. У сабабли бутун дунё олти бармоқлилар оиласи ҳақида хабар топди. Сильвиянинг оммавий ахборот воситаларига ҳавола этган ҳужжатларида Серверо де Буйтраго шаҳрининг 50-йиллардаги тарихи акс этган. Ҳужжатда ёзилишича, ўша пайтларда шаҳар аҳолиси орасида олтита бармоқлилар кўп бўлган. Туғма ривожланиш нуқсонининг оммалашаётгани олимларни хавотирга солиб, бир қанча тиббий кўриклар, кузатувлар олиб борилган. Маълум бўлишича, Сильвиянинг ота томонидан бувиси олти бармоқлиларнинг дастлабки вакиласи бўлган. Отаси эса шаҳардаги биринчи мусиқий клуб асосчиларидан бўлиб, турли мусиқа асбобларида моҳирона куй ижро этишни билган.
Да Силва оиласига тегишли маълумотлар аниқлангач, олимлар мутация насл сургани ва кейинги авлодларда ҳам такрорланиш эҳтимоли борлигини айтишган. Мутахассислар фикрича, замонавий тиббиёт имкониятлари анчайин такомиллашган бўлса-да, ирсий касалликларни бутунлай бартараф этиш чоралари тўлиқ ўрганилган эмас.
Да Силваларнинг "қариндош”лари
Бизнес мактабининг битирувчиси Харамб Ашок Кумтекар жами 26 та бармоққа эга. Шулардан 12 таси қўлида (ҳар бир қўл кафтида 6 тадан) қолган 14 таси оёғида (ҳар бир оёқ кафтида 7 тадан) жойлашган. Харамбда ҳам полидактилия хасталиги бор. Бармоқларнинг ортиқчалигини айтмаса, бошқа ҳеч қандай безовталик ёки оғриқлардан шикоят қилган эмас.
Гуантанамо вилоятидан бўлган Эрнандес Гарридони исми билан атасангиз, танишмайди. "Йигирма тўрт” дейишингиз билан эса дарров таърифини келтириб, ҳатто бирга тушган суратларни ҳам кўрсатишлари мумкин. Эрнандес бу ерларда маҳаллий юлдуз ҳисобланади. Қўл ва оёғидаги 12 бармоқ ёрдамида кокос дарахтига бемалол чиқа олади.
"Шаҳзода Достоннинг маликаси”
Форс шаҳзодаси Достон ҳақидаги фильмда бош қаҳрамон Тамина ролини Голливуднинг ёш актрисаларидан бири Жемма Артертон ижро этган. Акрисанинг ташқи кўринишида шарқони латофат ҳамда ғарбликларга хос виқор борлигини режиссёрлар кўп бор таъкидлашади. Айни дам юлдузлик зинапоясидан тобора юқорилаётган актриса қўл панжасида 12 та бармоқ билан туғилганини эса кўпчилик билмаса керак. Отасидаги полидактилия касаллигини мерос олган Жемма актрисалик карьераси ҳақида жиддий қарор қилгач, ортиқча бармоқларни жарроҳлик йўли билан олдирди. Муолажа замонавий технологиялар ёрдамида бажарилгани боис нуқсон ўрни умуман билинмайди.
"Олтинчи бармоқ ташқи кўринишимга дахл қилмайди” деганлар орасида Голливуд актрисаси Холли Берри, машҳур телебошловчи Опра Уинфрини кўриш мумкин. Туғма нуқсон билан дунёга келган хонимлар таналаридаги ноодатийликдан заррача уялишмайди.
Интернет материаллари асосида ЮЛДУЗ тайёрлади
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://darakchi.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|