Фасллар руҳиятимизга таъсир ўтказмасдан қолмайди. Куз фасли ҳаёт, борлиқ, ўтмиш ва келажак ҳақида ўйлашга, бироз фикр юритишга ундаши ҳам сир эмас. Куз ёмғири, қуёшнинг совуққа таслим бўлмасдан кулиб боқиши, жимжитлик бизни маҳзунлик сари етаклайди. Ўйлаб кўринг, об-ҳавонинг қовоғига қараб, уч ойни тушкун кайфиятда ўтказмоқчимисиз? Ҳечам-да, биз бунга йўл қўймаймиз! Куз эшик қоқаётган паллада бизнинг таклифлар билан танишиб чиқсангиз, бас!
Ўзингиз учун!
Қуёш нурларидан баҳра олинг
Ёз бўйи тоққа чиқдингиз, боғу бўстонларни сайр қилдингиз, шарқираган сувларда чўмилиб, баҳри дилингиз очилди. Энди куз тароватини ҳис қилинг. Ёлғиз ўзингиз хазонлар оралаб, нимжонгина новдаларидан узилай-узилай деяётган япроқларнинг шивирини эшитиб, сайр қилинг! Кулиб турган қуёшга тик боқинг, булут ва хазонлар орасидан мўралаб, юзингизга ёғилган нур дилингизни барча чарчоқ ва ғуборлардан тозалайди. Қўрқманг, куз қуёши куйдирмайди!
«Мен ҳаммангизни яхши кўраман!!!»
Кузнинг шириндан-шакар мевалари билан сумкангизни тўлдириб, дўстларингиз ва яқинларингиз ҳолидан хабар олинг. Самимий суҳбатлар қуринг, бирга тушган суратларингизни томоша қилиб, яхши хотираларни ёд этинг. Ёки эски қадрдонлар бир йиғилиб, кичик базм уюштиринг. Бежирим стол атрофида, чақ-чақлашиб суҳбат қурганга нима етсин? Кўрасиз, бу сизга хотиржамлик бағишлайди. Тушкунлик устидан ғолиб келасиз, дилингиз яйрайди.
Вақт сизни кутиб турмайди
Ҳар кунгидек ишдан чиқишингиз билан «Боламни боғчадан олишим, овқат тайёрлашим, кир ювишим керак», дея уйга шошилманг. Юмушларни бир кунгина турмуш ўртоғингиз гарданига юкланг. Ахир бу кунлар ҳам ғанимат. Ишдан чиқиб, бироз яёв юринг, йўл-йўлакай бирор ўриндиққа ўтиринг-да, ёқтирган китоб ёки журналингизни варақланг. Ҳажвий ёки романтик асарлар ўқисангиз ҳам бўлади. Вақтга аҳамият берманг, у барибир сизни кутиб турмайди. Уй юмуши ва рўзғорнинг ҳеч туганмас ғала-ғовури билан ҳам вақт елдек учиб бораверади. Бу фақат ўзингиз учун, ҳаётни қадрлашингиз, табиатдан завқ олишингиз учун керак!
Ўзингизни янгидан кашф этинг!
Дугоналарингиз биргаликда дўкон айланишга ёки овқатланишга боринг. Агар турли баҳоналар билан сизни рад этишса, ҳеч ҳам хафа бўлманг! Бу ўзингизни англашингиз учун қулай имконият. Энг севимли либосингизни эгнингизга илиб, отланинг. Дўконларни айланинг ва нимани ёқтирсангиз, ўшани харид қилинг. Ахир ёнингизда «Ранги сенга ярашмади», дея танқид қилувчилар йўқ. Фақат ўзингизнинг истагингиз бор, холос. Шинамгина қаҳвахонага кириб, истаган ширинлигингиз ёки таомингизни буюртиринг ва паққос туширинг.
Бутун оила жам бўлиб
Сайрга чиқинг!
Оила бекаси сифатида ташкилий ишларни ўз қўлингизга олинг. Болалар зерикканини баҳона қиласизми ёки ҳавонинг ажойиблигиними, хуллас, жуфтингизни оилавий сайрга чиқишга кўндиринг. Болаларга ҳам эркинлик беринг, истаган ўйинларини ўйнашсин, сиз эса жуфтингиз билан дилдан суҳбат қуринг. Анчадан буён бундай имкониятга эга бўлмагандирсиз. Асло иш ва уйдаги муаммоларни гапирманг. Шунчаки дилингизни очинг, кечинмаларингиз, фарзандларингиз келажаги ҳақида гаплашинг! Ёмғир шитирласа, дарров уйга қайтманг, соябонни олинг-у сайрни давом эттираверинг. Ишонамизки, бир неча ойга татигулик қувонч билан қайтасиз уйга!
Цирк ва театр эсдан чиқмасин!
Театр — маданий ҳордиқ чиқариш учун ажойиб танлов. Актёр-актрисаларнинг жонли ижросини томоша қилишга ҳеч ким бефарқ бўлмаса керак. Агар болаларингиз ҳали ёш бўлишса, цирк намойиш этиладиган бирор кунни аниқланг. Боларингиз болаликни цирксиз ҳис қила олишмайди, ахир!
Меҳмонларни чақиринг!
Анчадан буён кўрмаган қавм-қариндошларингизни меҳмонга чақиринг ёки ўзингиз уларникига ташриф буюринг. Улар ҳам, сиз ҳам бир дилдан суҳбатлашиб, кўнглингизни очасиз. Агар алоҳида истиқомат қилсангиз, ҳар икки томонни бирдек чақириб, бир дастурхон атрофида йиғилинг. Ширин таомлар билан уларни сийланг. Ҳамма сиздан миннатдор бўлади. Ўзингиз ҳам!
Гўзаллик ва саломатлик
Барча текширувлардан ўтинг!
Йил бўйи сизга озор бериб келаётган хасталикдан қутулишнинг вақти етди. Шифокорга бориб, барча текширувлардан ўтинг. Ахир бу ёғи шамол, ёмғир, булутли кунлар. Захира витаминларингиз кузни қаршилашга етадими? Балки бирор муолажа қилишингиз, тишларингизни турли касалликлардан қутқаришингиз лозимдир. Хуллас, нима бўлганда ҳам, тиббий текширувни кечиктирмаганингиз маъқул.
Ойнага бир қаранг!
Анчадан буён бир хил кўринишда иш ёки ўқишга қатнаётган бўлсангиз керак. Ўзингиз ҳам ён-атрофдагилар ҳам сиздан зерикишгани аниқ. Ахир ёзнинг иссиқ кунларида сочингизни бир хил йиғиштираверганингиздан жилоси ҳам қолмагандир. Бунинг устига, қуёш ҳар қандай сочга таъсир этмай қўймайди. Тезроқ гўзаллик салонига йўл олинг. Мутахассис билан маслаҳатлашинг, балки кокилларингизнинг бир қисми билан хайрлашиб, рангини ўзгартиришга тўғри келар. Юздаги доғ, сепкиллардан халос бўлиш учун айни пилинг мавсуми ҳам куз! Демак, фурсатни қўлдан чиқармаслик шарт (кейинги сонларимизда бу мавзу юзасидан тўлиқ маълумот берамиз).
Вой, ТЎЛИШАЯПСИЗ!
Зудлик билан бунинг олдини олишингиз зарур. Спорт билан шуғулланинг, фитнес ёки сузиш машғулотларига қатнанг, вақтингиз тиғиз бўлса, бироз эртароқ туринг-да югуринг.
Қилишингиз шарт
Ҳовли-боғларни саранжомланг!
Агар кўпқаватли уйда турсангиз, юмушингиз анча осон. Лекин шундай бўлса-да, қувур ва электрларни бир кўрикдан ўтказиб олинг. Томдан ёки юқори қаватдаги уйдан намлик ўтмаяптими, аниқлаштиринг. Кенг ҳовлининг бекаси бўлсангиз, гулларингизни гултувакка ўтказинг. Чунки ҳа демай совуққа бардош беролмай қолишади. Боғни обдон кўздан кечириб, ертўлага олиб қўйиладиган дастгоҳларни тозалаб жойлаштиринг. Боғни хазонлардан ва қуриган шохлардан тозаланг. Ариқлар йўналишини кўздан кечиринг, ёмғир ёққанда ҳовли этагига чиқиб кетиши мумкин. Том устини ҳам назардан четда қолдирманг! Таъмирталаб жойларни, албатта, тўғирлатинг! Уй юмушлари ҳам ёддан кўтарилмасин, пардаларни ювинг, ўрин кўрпаларни қуёшли кунда 1-2 соатга ёйинг, ойна ва ошхона буюмларини ҳам тозаланг.
Муҳими, тўйни қолдирманг!
Бахт тўйингизни нишонлаш учун ёзнинг иссиқ кунларида имконият бўлмаган бўлса, кузда ҳам бемалол ўтказишингиз мумкин. Об-ҳавонинг совушини сабаб қилиб тўйни кечиктирманг! Қайси фаслда бўлмасин, муҳими, сизнинг бахтингиз эканини унутманг! Майли, шамол бўлсин, булут қовоғини осиб турса ҳам, розимиз, истаса, ёмғир ҳам сизга қўшилиб кўз ёш тўксин! Аммо табиатнинг бундай инжиқликлари сизнинг кайфиятингизга асло таъсир ўтказолмасин. Унутманг, кузнинг ҳам ўз таровати бор.