Ҳомиладорлик даврида бўлажак она ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслиги шарт. Кун тартиби, овқатланиш ҳамда жисмоний машқларга эътибор билан ёндашган маъқул. Фойдали таомнома тузиш, янгича кун тартибига риоя этиши муаммо бўлмаслиги мумкин. Аммо учинчи қоида борасида ўйланмай иложимиз йўқ. Хўш, бўлажак оналар учун жисмоний машқлар қанчалик муҳим? ҳомиладорликдан аввал спорт билан шуғулланмаган аёлга машқларнинг нима кераги бор? ҳомилага таъсири бўлмайдими? Келинг, бу саволларга малакали мутахассислардан жавоб оламиз.
Мутахассис: олий тоифали шифокор, гинеколог Зумрад СОБИРОВА, фитнесс мураббийи, спорт устаси, Тошкент Бодибилдинг ва фитнес федерацияси Вице президенти Ольга АХПЕРЖАНЬЯНЦ
ТАВСИЯ ЭТИЛАДИ, ЧУНКИ...
Организмда қон айланиши яхшиланади, демак ҳомила кислород танқислигидан азият чекмайди, унинг ривожланиши учун кислород етарли даражада бўлади. Иштаҳангиз яхшиланиб, мазали егуликларга ружу қўйган бўлсангиз-да, ортиқча килограммлар ташвишини қилмайсиз. Ундан ҳам яхшиси эса, туғруқдан кейин қоматингизни асл ҳолига тез қайтара оласиз. Терида тиртиқ ва целлюлит пайдо бўлиш хавфи камаяди. Шишлардан хавотир олмасангиз ҳам бўлаверади. Аксарият ҳомиладор аёлларни қийнайдиган қабзият муаммоси бартараф бўлади, ҳаракатнинг кўпайиши ўз навбатида овқат ҳазмини яхшилайди. Кун сайин ортиб бораётган оғирликларга бел бардошлироқ бўлади. Бундан ташқари, жисмоний машқлар остеохондрозга қарши профилактик чораси ҳамдир. Мунтазам спорт билан шуғулланилганда тўғри нафас олиш ҳам ўрганилади, бу эса туғруқ жараёнида асқотиши шубҳасиз!
Спортнинг фойдали эканини билдик, аммо унинг айнан қайси тури билан шуғуллаган маъқул?
БЎЛАЖАК ОНАЛАР УЧУН МАХСУС 8 СПОРТ ТУРИ
1. Эрталабки жисмоний машқ
Янги кунни қарши олишда бажарилган мураккаб бўлмаган машқлар организмга қувват бағишлайди. Шунингдек, ёқимли мусиқа садолари остида шуғулланган бўлсангиз, кайфиятингиз кўтарилади, моддалар алмашинуви тезлашади, иш фаоллиги ошади. Асосийси эса соғлиқ мустаҳкамланади.
2. Ҳомиладорлар аэробикаси
Малакали мураббий назорати остида бажарилган енгил жисмоний машқлар туғруқ жараёнида иштирок этувчи мушакларнинг чидамлилигини оширади, ҳомилани кислород билан таъминлайдиган юракни мустаҳкамлайди. Аэробика шишлардан азият чекувчи бўлажак оналар учун муаммонинг амалий ечимидир.
3. Юриш
Ижобий жиҳатлари талайгина: ҳамма учун фойдали, махсус кийим ёки жиҳозларни талаб этмайди, истак бўлса, бас! Юриш машқи учун маблағ сарфлашга ҳожат йўқ. Бу шунчаки сайр эмас, бир маромда тез-тез қадам босиш лозимлигини унутманг. Мунтазам юриш билан шуғуллансангиз, юрак касалликлари ҳамда варикоз сизга бегона бўлади! Қорин деворларидаги мушаклар мустаҳкамланади. Бунинг учун кун давомида 3 км. масофани босиб ўтиш тавсия этилади. Аммо организмингизга қулоқ тутишни унутманг, чарчаган заҳотингиз машқни тўхтатинг.
4. Сузиш
Агар шифокорингиз рухсат берган бўлса, туғруққача ҳовузда сузиш машқини бажарсангиз бўлаверади. Сув муолажаси умуртқа поғонаси, бўғимлар ва бел мушакларидаги оғирларни камайтиради. Бу спорт тури кайфиятни кўтариши билан ҳам ажралиб туради.
5. Аквааэробика
Сузишдан ташқари сувда машқлар ҳам бажарилади. Фойдали жиҳатлари ҳам шунга яраша! Бир бошдан санаймиз: тери чўзилувчанлигини таъминлайди, варикозга қарши восита саналади, вазнни бир меъёрда ушлайди ҳамда тўғри нафас олишни ўргатади. Она қорнидаги ҳомиланинг туғруққа мос ҳолатни олишига кўмак беради.
6. Тоза ҳаводаги сайр
ҳомилани ўраб турган йўлдошни кислородга тўйинган қон билан таъминланиши учун кўпроқ сайр қилиш зарур. Чунки бу жараён ҳомиланинг соғлом ривожланишига сабаб бўлади. Эрталаб ва кечки уйқудан олдин сайрга чиқишни одатга айлантирган бўлажак она чарчоққа енгилмайди, ўзини яхши ҳис қилади ва уйқусизликдан азият чекмайди.
7. Пилатес.
Ягона шарти: машқ жараёнида мураббий иштироки зарур. Ана шунда шикастланиш ва чарчаб қолиш ҳолатлари кузатилмайди. Бу жисмоний машқ турида катта копток, турли ҳажмдаги гантель, арқон каби атрибутлардан кенг фойдаланилади. Айниқса, коптокда енгил сакраш кичик тос суякларини туғруқ жараёнида очилишига тайёрлайди. Пилатес машқи қоматни ортиқча вазндан асраши билан бирга гормонал фонни меъёрлаштиради ва томирларда қон айланишини яхшилайди. Пилатес туғруқдан кейин вазн ташлаш масаласи учун айни мос машқдир.
8. Йога
ҳомиладорлик вақтида жуда керак бўладиган хотиржамлик, хаёлни бир ерга жамлаш, асабийлашмаслик ва оғир-босиқликни айнан йога машқларни бажара туриб ҳис қилишингиз мумкин. Машқ давомида тўғри нафас олишни ўрганасиз, шунингдек, туғруқ жараёнига бўғимлар ва терини тайёрлаб ҳам борасиз.
Она ва боланинг саломатлигини мустаҳкамлаш, туғруқ жараёнининг оғриқсиз кечишини таъминлаш учун машқларни тўғри бажаришнинг ўзи кифоя қилмайди. Жисмоний фаоллик бехатар бўлиши учун, аввало, шифокор билан малаҳатлашиш зарур экани ёдингиздан чиқмасин.
ШИФОКОР КЎРИГИДАН ЎТИНГ
Сиз ҳозир икки кишининг саломатлиги учун маъсулсиз. Шу боис жисмоний машқларга киришишдан аввал гинеколог ва терапевт шифокорлар кўригидан ўтинг, уларнинг тавсиясига амал қилинг. Агар сизга спорт билан шуғулланиш ман этилса, шунчаки кўпроқ сайр қилинг.
МЕЪЁРНИ БИЛИНГ
Унутманг, сиз ҳозир чиройли қомат учун шуғулланмаяпсиз! Асосий мақсадингиз соғлом бўлиш экан, жароҳатланиш, чарчашдан ўзингизни асранг. Толиққанингизни сезишингиз билан машқларни аста-секинлик билан тўхтатинг.
ИССИҚЛИКДАН САҚЛАНИНГ
ҳаво айланиши яхши бўлмаган хонада машқ бажарманг. Акс ҳолда нафас олиш тизими ва юракка оғирлик тушиб, қон босимининг ошиши кузатилади. Шунингдек, машқлардан сўнг қайноқ душ қабул қилманг.
ПУЛЬС, НАФАС ВА ҲОМИЛА НАЗОРАТИ
Машқ бажарасизми ёки сайр қиласизми, юрак уриш мароми (пульсни) ни имкон қадар назорат қилиб туринг. Дақиқасига юрак 125 мартадан кўп қисқармаслиги даркор. Умумий аҳволингизда ўзгариш сезсангиз, машқни бирданига якунламанг. Бурун билан чуқур нафас олиб, оғиз орқали чиқаринг. Яна бир муҳим гап: машқ давомида ҳомила кўп ҳаракат қилаётган бўлса ёки қимирлаши сустлашиб сўнг умуман қимирламай қолса, шуғулланишни бас қилинг.
Дилноза МИРТОЛИПОВА
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|