Ҳар бир аёлга эркак кишини тарбиялаш бахти насиб этади. Эрини бўлса керак деб адашманг! Тарбияловчимиз, албатта, ўз ўғлимиз бўлади! Негаки турмуш ўртоғингизни бизга қадар онаси оқ ювиб-оқ тараб, ўз дунёқараши билан улғайтиради. Ўзи тан оладими, йўқми, ҳар қайси эркак оз миқдорда бўлса-да, ҳаётга онасининг кўзлари билан боқади, волидаси каби масалага ёндашишга ҳаракат қилади. Агар бунинг уддасидан чиқа олмаса, очиқчасига «маслаҳат оши»ни пиширади. Бу эса унинг хотинига ёқмаслиги турган гап. Бугун қайнона-ўғил-келин учлиги муносабатларига кўзгу тутамиз.
1-вазият. «Дарров қайнонамни чақиради…»
Камол, 28 ёш: — Аёл кишининг эрига қарши фикр билдиришини жуда ёмон кўраман. Мен оқни қора деб кўрсатсам, рафиқам шуни тасдиқлашини хоҳлайман. Аммо хотиним бундаймас. Ўзи «ўқиганни оламан» деб туриб олган мен аҳмоқман. Унинг ҳам ўзига яраша фикри бўлиши ва ўшани тўғри деб туриб олиши мумкинлигини ҳеч ўйламабман. Оддийгина нарсада ҳам фикримиз бир-бирига тўғри келмай, уришиб кетамиз. Бир гапдан қолай, демаётганини кўришим билан онамни чақираман ва ўзим хонадан чиқиб кетаман. Ойим билан гаплашгач, ўзига келиб қолади. 2-3 кун қовоқ уюб юришига эътибор бермайман, шу билан масала ҳал!
Фароғат опа, 55 ёш: — 35 йиллик турмушим давомида бирор марта уйимдан баланд овоз чиқишига йўл қўймаганман. Оила обрўси ҳақида ўйлаш менинг вазифам. Ўғлимни бақир-чақирини эшитиб, жим ўтирар эканманми? Менга ким ҳақ ёки ноҳақлигини фарқи йўқ, муҳими, келиним билан ўғлим тинч ўтирса бўлгани. Масалани жимгина ҳал қилмаганидан кейин, кириб ўзим ҳаммасини жой-жойига қўйиб чиқаман.
Марғуба, 24 ёш: — Эрим билан орамиздан гап қочадиган бўлса, ётоқхонада мени индамай эшитади-да, кейин меҳмонхонага чиқиб олиб, сўкишни бошлайди. Бу қилиғидан кейин ўртамизда нималар бўлаётганини қайнона-қайнотам тугул, қўшнилар ҳам билиши шубҳасиз. Гап талашиб қолсак, кунми-тунми фарқи йўқ, «Она, мана буни қаранг», деб қайнонамни бошлаб келади. Бир-икки марта жиддий масалалар юзасидан кўчада гаплашиб кўришга ҳаракат қилгандим, онасига қўнғироқ қилиб, ҳаммасини айтиб берди. Шундан кейин турмуш ўртоғимга бўлган ҳурматим йўқолди. Ахир эркак дегани ҳам шундай бўладими?..
Азизбек АХРОРОВ, руҳшунос: — Куёв бола ҳамманинг ҳам ўз фикри бўлади. У тўғри ёки нотўғри фикр бўлишидан қатъи назар ҳурмат қилиш ва эшитиш керак. Иш, кўча ва дўстлар даврасидаги муаммоларингизни ҳам ойингиз билан бирга ҳал қилмайсиз-ку?! Шахсий муаммоларингизни онангиз иштирокисиз ечинг! Сиз отасиз ёки ота бўласиз. Кейинчалик улар сизни ҳурмат қилиши ва сизни идеал инсон деб билиши учун, сиз эркак бўлишингиз керак. Ҳозир оиладаги эркаклик позициясини онангизга бериб қўйгансиз. Эртага ўғлингиз сиз билан эмас, онаси билан маслаҳатлашса чидай оласизми? Эр-хотин ўртасидаги мажбурият ва вазифаларни бўлишиб олинг. Ва уларга қатъий риоя қилинг! Гапингиз ва ҳаракатларингиз бир-бирига монанд бўлсин! Рафиқангиз сизни ҳурмат қилиши учун қарорингиз ўзгармаслигини кўрсатинг.
КЎЗГУ нима дейди? — Қайнонажон, сизга қойил! Оилани тинчини ўйлабсиз, барака топинг! Бироқ уйда жанжал овози чиқмагани билан, оилада муаммолар бўлмаган дея олмайсиз. Сизнинг тинчлик тарафдори эканингизни ёқлаймиз. Аммо бу келини оғзини куч билан ёпиш билан эмас, балки масалани ҳал қилиш билан амалга ошиши керакмасми? Бир қиз ўғлингиз ортидан келинингиз бўлиб турибди, хизматингизга мудом шай. Агар у эрини ҳурмат қилмай қўйса, билингки, сиз ҳам униг олдида қадрсиз бўлиб қоласиз. Катта фожеанинг олдини тўсинг, ўғлингиз оиласига аралашишни бас қилинг!
Келинпошша, эрингиз билан кўчада ҳам, уйда ҳам гаплашибсиз, натижа доим бир хил. Муаммони эрни аралаштирмай, балки қайнонангиз билан ҳал қиларсиз... Аёлни аёл тушунади, қайнонагиз билан яқин бўлсангиз, жанжалнинг олдини оласиз. Қайнона аралашмайдиган масалаларга эса эрингизга ёқадиган томондан ёндашишга ҳаракат қилинг. Эрингиз ўзини қанчалик эркакдек ҳис қилиши кўп борада сизга боғлиқ. Унинг эркаклик фазилатларини улуғланг.
2-вазият. «Эримнинг ишига ҳам хўжайин»
Умар, 33 ёш: — Болалигимдан ҳар бир муаммони онам билан ҳал қилишга ўрганганман. Ишонган одамим фақат волидам бўлганидан кейин шундай бўлади-да! Иқтисодчиман, онамнинг ҳам бу борада билими етарлигина. Икки-уч жойда ишлаб кўрдим, нимагадир менга ҳеч бири тўғри келмади. Онам ўша ишларга жойлашаётган вақтимдаёқ буни айтганди. Энди бундан буёғига уларнинг гапига қулоқ тутиб иш ахтараяпман. Нимагадир, 2 йилдан буён ўзимга моси учрамаяпти.
Ҳамида, 58 ёш: — Қўлимда 3 яшар болам билан ёш бева қолдим. Бор куч-ғайратимни шу ўғлимга бағишладим. Ўқиди, маълумотли бўлди, уйланди. Худога шукр, болам ўзидан кўпайди. 3 набиранинг бувисиман. Шу вақтгача ўғлимга энг сара нарсаларни раво кўрдим. Яхши мактабда ўқиди, энг зўр институтга олиб кирдим. Келинни ҳам чертиб-чертиб танладим. Кийим-кечагию ош-овқати ҳам замоннинг олди. Шунга яраша яхши жойда ишлаб, кўп пул топишини хоҳлайман.
Сарвиноз, 30 ёш: — Эрталаб икки болани мактабга, учинчисини боғчага ташлаб, ишга келаман. Болаларни мактабдан укам уйга олиб бориб беради. Ишдан қайтаётганимда боғчага кираман. Уйга кела солиб, қозон осаман. Қайнонам-ку майли нафақада, эрим ҳам уйда ўтиради. Яна бирор нимадан кўнгли тўлмаса, сўкиб, қўл кўтаришни ҳам билади. Болаларнинг чиқими ҳақида бутунлай ўйламай қўйган. Оиласи ва фарзандлари ҳақида қайғурадиган эркак онасининг бир оғиз гапи билан ишдан бўшамасди. Икки йилдан бери телевизор томоша қилиб, диванда ястаниб ётгандан кўра, бозорда аравакашлик қилгани яхшимасмиди?..
Азизбек АХРОРОВ, руҳшунос: — Куёв, ўзингиз фарзандларингизни етаклайдиган бир пайтда онанинг этагига ёпишиб ўтириш тўғри эмас. Эркак киши озгина таваккалчи бўлади! Уч боланинг отасини қўл қовуштириб ўтириши уят эмасми? Онанинг гапини баҳона қилмай, ҳаракат қилишни бошланг! Ўлим — ҳақ! Эртами кечми, онангиз бу дунёни тарк этади, кейин сиз нима қиласиз? Агар касал бўлганингизда бошқа гап эди, соппа-соғ эркаксиз! Хотинингиз аёл бўлиб, оила учун ёниб-куяётгани сизнинг ҳамиятингизга тегмаяптими? Сўкиш ва уришга етаётган кучингизни ишлашга сарфланг! Ёки оила бошлиғи мақомини хотинингизга бермоқчимисиз?
КЎЗГУ нима дейди? — Қайнонажон, ўғлингизни ўқитибсиз, уйлантирибсиз, яна нима қилмоқчисиз? 33 ёшга кирган болажонингиз ҳозир ҳаракат қилмаса, қачон карьера қилади? Қачон бир ишнинг бошини тутади? Уни бир умр хотини боқадими? Вазиятни ўнглаш сизнинг қўлингизда, уни ишлашга мажбурланг. Оиласи ва сиз учун ҳаракат қилсин.
Келинпошша, барча оғирликни бўйнингизга олманг! Ўзингиз ҳам эрингизни тайёр ошга янада ўргатиб қўймоқдасиз. Ҳамма ишга улгурасиз, фарзандларингизни оғирлигини зиммангизга олгансиз. Мана, сизнинг хатоингиз қаерда! Бирорта ҳам оғирликни ҳис қилмаган эркакка, албатта, маза-да! Ғам-ташвишсиз яшаш кимга ҳам ёқмайди? Эрингизга маъсулиятни ҳис қилиши учун имкон яратинг. Балким, ўзингиз унга бирор иш топишга кўмаклашарсиз?
Хулоса ўрнида...
Ўғилми-қизми, иккови ҳам фарзанд. Іар бирига жонимиз баробар ачийди. Қизимиз кўзимиздан нари бўлгани учун ҳам, истасак-да, унинг оиласига аралашолмаймиз. Ўғлимиз ва келинимизнинг муносабатига эса ҳам гувоҳ, ҳам иштирокчи бўлишдан ўзимизни тийиб туролмаймиз. Мана шу бизнинг асосий хатомиз! Яхшиси, қайноналар кексалик гаштини суринг-да, муаммоларни эр-хотиннинг ўзига қўйиб беринг. Улар ҳозир тинч яшамаса, кейинчалик тил топишиб кетиши янада қийин бўлади. Қаерда жим туриб, қаерда йўл кўрсатиш кераклигини билинг. Шунда ўттиздан ошган ўғилнинг инжиқликларига, келиннинг қош-қовоғига чидашга мажбур бўлмайсиз.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|