Нега айримлар барча муаммоларнинг калити «ақча» деб ҳисоблайди ва ижтимоий тенгсизлик, порахўрликнинг илдиз отишига ҳисса қўшади? Сўнг «Қаёққа борма, ҳамма пул бер, дейди», деб нолиб ўтиради. Давлат ва жамиятни айбдор қилади. Аслида, пора бераётган ҳам, олаётган ҳам қандайдир структура эмас, одамларнинг ўзи, яъни ўзимиз-ку! Мавзуни ёритишдан аввал пора олиш ва бериш ҳақида юртдошларимизнинг фикрини ўрганиб чиқдик. Уларнинг мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда хулосаларимизни баён қиламиз.
Муқаддас динимизда пора гуноҳи кабиралардан саналади.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексида пора олиш (210-модда), пора бериш (211-модда) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш (212-модда) жиноятлари учун энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган.
«Совғами ёки?..»
Хайрулла Бекматов: — Суюнчи, ҳадя, назир каби халқимиз орасида кенг тарқалган, бир-биримизга яхшилик илиниш каби одатларимиз бор. Одатда, совға кимгадир ўзаро ҳурмат ифодаси сифатида тақдим этилади. Ишни битириш учун берилганини эса пора, деб аташ керак. Одамлар «чин дилдан» деган самимиятни салбий иллатга айлантириб юборишди. «Атаганим бор, ака», деб турганингиздан кейин навбатдан олдин ишингизни битиришга уринишади. Пора бермоқчи бўлсангиз, оладиган одам, албатта, топилади. Чунки, нафс деган бало ҳаммада бор, кимдир буни енгади, кимдир эса йўқ. Энг яхшиси, олувчи ҳам берувчи ҳам бўлмай, ишни қонун йўли билан, белгиланган тартибда амалга ошириш керак!
Бизнинг фикр:— Іа, биринчи навбатда совға ва порани фарқлаб олиш лозим. Совға ҳеч бир ният ва тамасиз, холис берилсагина, ҳадя ўрнида қабул қилинади. Бунинг учун байрам саналари, туғилган кунлар етарли. Пора эса ўзинг муносиб бўлмаган нарсага эришиш ниятида берилади. Пора бераётган одам «чин дилдан» деб қанчалик таъкидламасин, уни олаётган одам нима учун берилаётганини тушуниб туради. Виждони ва эътиқоди уйғоқ, ҳеч бўлмаса, қонундан қўрқадиган одам «чин дилдан» берилаётганини чин дилидан рад этади.
«Фойда қиламан деб, зарар кўрманг!»
Дурдона Алимова:— Пора беришни ёқтирадиганлар бор. Миқдорини ҳам ўзлари белгилаб олишади. Масалан, кимдир кимгадир қанча бериб, боғчага боласини жойлаштирган бўлса, улар ҳам шунчадан қистиришади. Қарабсизки, бу «удум»га айланиб кетади. Аслида буни порасиз ҳам амалга ошириш мумкин-ку! Боғчага жойлаштиришдан аввал тиббий кўрик талаб этилади, лекин баъзилар ҳамшира ёки шифокорга пул бериб, ёлғондан тиббий кўрик хулосасини олишади. Болани ҳар бир мутахассис кўригидан ўтказиш ҳам бепул, ҳам ҳар қандай ота-она учун фойдали!
Бизнинг фикр: — Демак, ҳамма жиҳатдан ютиш учун аввало ўзимизни тарбиялашимиз керак экан! Белгиланган тартиб ҳамма учун бир хил ва унга ҳар биримиз амал қилсаккина, олдимизда тўсиқ қолмайди. Агар сиз ҳаммасини қонуний ҳал этмоқчи бўлсангиз-у, тўсқинлик қилишса, шикоят қилиш, мурожаат этиш, ариза ёзиш, қонуний асос талаб қилишга ҳақлисиз. Баъзи жойларда сизга киприк қоқмай «арзимаган қанчадир» тўлашни сўрашса, квитанция талаб қилинг. Ҳар қандай тўлов, агар у мажбурий бўлса, муҳр босилган қоғозда бўлади.
«Миннатдорчилик билдираяпман, холос!»
Ноила Умарова: — Фарзандимга меҳнати, вақти, куч-қуввати, билимини сарфлаётган ўқитувчи, тарбиячилари, устозлари, шифокорларга қўлимдан келганча, совға-салом (пул кўринишида бўлса ҳам) қилишга ҳаракат қиламан. Бу миннатдорлигим белгиси. Боғчага қизимни жойлаштираётганимда мудира «Агар имкониятингиз бўлса, боғча тўсиқларини бўяш учун бўёқ олиб берсангиз», деди. Буни пора деб ҳисобламайман. Чунки бўёқни уйига олиб кетмаслиги аниқ. Туғруқхонадаги суюнчиларга келсак, шундай мўъжизани дунёга келтирган дояларни рағбатлантирмасак, уят бўлар!
Бизнинг фикр: — Мактабгача таълим муассасига ота-оналар кўнгилли тарзда моддий кўмак бериб туришлари мумкин. Бироқ бу халқ тилида машҳур — «ихтиёрий-мажбурий» шаклда бўлмаслиги лозим. Очиғини айтиш керак, сўровимизда иштирок этган оналарнинг аксарияти туғруқхонада суюнчини асосан сўраб олишлари, ўз хоҳишинг билан, имкониятингга қараб берганингда эса кам эканини уялмай айтишар экан. Одатда ҳеч ким бир-бирига шунчаки қимматбаҳо совға, суюнчи бермайди. Ҳозир фарзанд туғилганда биргина шифокорга берилаётган суюнчига эса бемалол тилла узук олиш мумкин. Ўзингизни қийнаб, бошқалардан кам бўлмай деб катта пул беришга уринманг. Нафс шундай нарсаки, у борган сари иштаҳа очиради. Туғруқхоналардаги бундай ҳолатнинг юзага келишига ҳам, аввало, аёлларнинг ўзлари сабабчи.
«Еган оғиз уялгач…»
Назокат Абдуқундузова: — Мураббий, ўқитувчиларга ўз вазифасини бажарганлари учун пул бериш, бу — пора. Агар қўшимча дарсларга ҳақ тўланса, бошқа гап. Ўқитувчиларга, шунчаки, берадиган пулимни болаларимнинг қўшимча дарсларига, китобларига, ривожланиши учун ўйинчоқларга сарфлаганим маъқул, деган хулосага келганман. Еган оғиз уялади, дейишади, агар пулдор ота-она боласининг ўқитувчисига совға-салом берса-ю, бошқа биров беролмаса, ўз-ўзидан ажратиш бошланади. Натижада туҳфангиз ҳам порага айланмайдими?
Бизнинг фикр: — Таълим муассасаларида берилган пора ҳеч қайси томонга яхшилик олиб келмайди. Боланинг тарбияси бузилади. «3» баҳога шунча, «5» баҳога шунча пул, ўқишга бормаган кунга мана шунча, каби «ўқитувчининг нархи» деган тушунча пайдо бўлади. Ўқитувчининг ўқувчилар олдидаги мавқеи, педагогик этикаси бир пул бўлади. Ўқувчи ёки талабанинг ҳаётий қарашларида «Іамма нарсани пул билан сотиб олиш мумкин» деган хулоса шаклланади. Ўз билими билан «4» баҳо олган ўқувчи «соққа»сини бериб «5» олган дўстидан, аниқроғи, адолатсизликдан нафратланади. Энг ёмони, бу юқумли, кейин у ҳам осонроқ йўлдан боришга қарор қилади. Сохта баҳолар натижаси ўзини кўп куттирмайди, жамиятга лаёқатсиз мутахассисни етиштириб беради.
«Соғликни сотиб олиб бўлмайди-ку!»
Дилсора Мирзааҳмедова:— Талаб қилиб сўралган пул, бу пасткашликдир. Бир сафар болам билан шифохонада ётганимда, ўзим гувоҳи бўлган ҳолат: ёшгина шифокор боласи томдан тушиб жароҳатланган онадан пул кутиб, яхшироқ қарамаган, муолажаларни атай чўзган. Аёл тамагир шифокорнинг устидан шикоят қилганидан кейин кўрсатган нағмаларини кино қилса бўларди.
Бизнинг фикр: — Биз кўп мурожаат қиладиган касб эгалари: ўқитувчи ва шифокорлардир! Энг шарафли соҳа вакиллари. Шунинг учун ҳам эътироф ҳам, эътироз ҳам етарли. Албатта, фидойи ва ҳалол мутахассислар фикрларимиздан ранжимасинлар, бироқ шифо истаб, жони оғриб келган одам, ёки фарзандининг яхши инсон бўлиб етишиши учун жонини ҳам бериб юборишга тайёр кишининг эҳтиёжмандлигидан фойдаланиш керак эмас. Сиз сўраманг, шунчаки унга тўғри йўлни кўрсатинг, ўз вазифангизни астойдил бажаринг.
Уялайлик!
Рухсора Саодатилло қизи: — Фарзандинг учун нимадир қилганингда, берган пулинг кўзингга порадек кўринмайди. Пора беришни хоҳламаса, бермаслик керак, тамом! Бирор иш билан кимнидир олдига борганда «Биздан ҳам қолиб кетмайди» каби гаплар билан авраш, сўнг эса оғриниб ўтиришдан аввал ўзимиз уялишимиз керак!
Гули Авазова:— Афсуски, одамларимизнинг ўзлари пора учун сунъий шароит яратадилар. Ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш ўрнига ишни пора бериб, ҳал қиладиганларни тушунмайман. Бу иллатнинг илдизини қирқиш учун ҳар биримиз ҳуқуқий саводхонлигимизни оширишимиз лозим.
Бизнинг фикр: — Іа, чиндан ҳам агар ҳар ким аввало ўз ишини, ўз бурчини адо қилса, ҳуқуқини англаган бўлса ва қай тартибда талаб қилишни билса, пора олиш-бериш каби иллатли жараённинг олдини олган бўлади. Бизда ўз ҳуқуқини талаб қиладиган одамга «жанжалкаш, ёзғувчи» каби тамға қўйиш одати бор. Собиқ шўро даврининг бюрократик тузуми одамларни ўз ҳуқуқини талаб қила олиш имкониятидан маҳрум қилди. Аммо энди, «Берсанг-ейман, бўлмаса-ўламан» қабилидаги ҳаёт ортда қолди. Іар ким ўз ҳаётининг фаровонлиги учун ҳаракат қилмоқда. Муҳими, бу ҳаракатнинг номи пора бўлмаслиги шарт, бошқаларнинг зарари эвазига ўзимизникини яхшилашга уринмайлик. Іалол яшаш ҳар бир мусулмоннинг, ҳар бир фуқаронинг асосий бурчи эканлигини унутмайлик!
Азиза ҚУРБОНОВА
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|