Хонанда Райҳон Ғаниева концерти ҳақидаги танқидларга муносабати, уни бошқа ҳамкасблари билан солиштиришлари, оиласининг бузилиши ва келажакдаги режалари ҳақида "Sayyod” сайтига берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Райҳоннинг оиласи бузилишига унинг оиладаги лидерлиги, босим ўтказгани сабаб бўлган, шунинг учун ҳам у бу ҳақда гапиришни истамайди” деган гапларга нисбатан Райҳон:
"Оилада умуман босим ўтказмаганман. Аминманки, вақт ҳамма нарсани даволайди, ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Нима бўлган тақдирда ҳам, фақат вақт кўрсатади, ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини. Мен шахсий ҳаёт шахсийлигича қолишини истайман. Оила муқаддас, уни пиар учун ёки бошқа муҳокамалар сифатида ишлатиб бўлмайди. Агар одамлар буни шундай тушунган бўлса,бу уларнинг танлови. Мен эса пок оилавий муносабатлар тарафдориман. Нима бўлган тақдирда ҳам мен бу инсондан(Йигиталидан) фарзандларим учун миннатдорман. Бугун фарзандларим мен учун ҳамма нарса. Мен уларсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман, уларни дунёга келтиргунча бўлган ҳаётим худди бўлмагандек.
Мен ҳеч қачон қандайдир манфаат учун турмушга чиқмаганман. Мен бахтли бўлиш учун оила қургандим. Охиригача бирга бўлишни истагандим. Фарзандаримнинг отасиз яшашини ҳеч қачон истамаганман. Отасиз ўсиш нима эканлигини яхши биламан. Чунки отам бевақт оламдан ўтган. Бу мен учун катта руҳий травма бўлган. Шунинг учун ҳам болаларим мен босиб ўтган йўлдан ўтишини умуман хоҳламаганман. Фақат шу сабаб ҳам мен ҳеч қачон ажрашмаган бўлардим. Мен онаман ва мен ўзим ёки у ҳақда эмас, биринчи навбатда болаларим ҳақида ўйлайман. Бироқ шундай вазият бўлдики, биз мана шу қадамни ташлашга мажбур бўлдик. У(Йигитали)уйимизда доимо кутилган меҳмон. Фарзандаларим отаси билан мулоқотда бўлишини ва кўпроқ биргаликда вақт ўтказишини истайман. Кутганим бўладами, йўқми бу энди унинг танлаш ҳуқуқи.
Мен ҳам аёлман. Ҳамма аёллар каби мен ҳам оиламни сақлаб қолишга уриндим. Ота-онам менга берган тарбиясига кўра, ажрашиш-мен учун энг даҳшатли нарса. Айниқса ўртада болаларинг бўлса,сен уларнинг психикаси, келажаги учун масъулсан. Бунинг устига фарзандларим-ўғил болалар”,– деди.