------------------------------------
-Митти қорбобочаларингизга нима совға қилдингиз?
-Улар менинг қуёнчаларим! Машиначалар, велосипедлар, караоке-роботлар... Уларга ҳар доим ўйинчоқлар харид қилгим келади. Синглим "Бунча ўйинчоқни нима қиласиз?” деб ҳайратда. (кулади). Мен эса бу ҳайратга парво қилгум йўқ!
-Фарруҳ Зокиров санъаткорлар базмида ночор санъаткорлар учун фонд очиш борасида таклиф билдирди. Балки сиз ҳам қўллаб-қувватларсиз?
-Нега йўқ? Бу савоб-ку?! Меҳрибонлик уйларига, беморларга эътиборлимиз. Кексаларни унутиб қўйяпмиз. Бизнинг ҳам кези келиб қаришимиз бор...
-Кўпчиликнинг фикрича, турмуш ўртоғингиз билан муносабатларингизга нуқта қўяётганингиз концерт олди пиар! Шунга ойдинлик кирита оласизмим?
-Пиар дейишларига сабаб, "тўйининг эртаси куни ажрашиб кетишади” деган гап-сўзлар анча олдин болалаганидир. Бироқ, бу гапларнинг концертимга умуман алоқаси йўқ. Ҳозирги вазиятга тўхталсам, мураккаб. Нималар содир бўлаётганини эса бирма-бир оммага дастурхон қилиш ниятим йўқ. Бу шахсий ҳаётим. Ички муносабатлар.
-Турмушнинг "мушт”и ва ширинини ҳам тотишга улгурдингиз. Хулоса қилишингиз учун татиган аччиқ- чучугингиз етарли. Сизнингча, оилани қайси омиллар мустаҳкамлайди?
-Ҳурмат. Эр-хотиннинг ўзаро ҳурмати. Ҳар қандай вазиятда ҳам уни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак. Ҳурмат йўқолса, мустаҳкамлик қулайди...
-Сиз яхши рафиқа бўла олдингизми?
-Хотин сифатида менга боғлиқ ҳамма нарсани бажардим. Эрим учун ўз вақтида овқатини ҳозирладим, кийимларини дазмолладим, кирини ювдим... Уйимни сариштали ва шинам тутдим. Кўп аёллар каби эримдан қанча пул топаётганини сўрамадим. Нима бўлишидан қатъий назар уни тушунишга ҳаракат қилдим. Айб изламадим, уни турли важлар билан бошини оғритмадим. Тўғри ёшимизда фарқимиз 12 йил. Мен ҳам у каби ёшдаги давримни кўз олдимга келтириб, тўғри ва адолатли муносабатда бўлишга интилдим...Хуллас, турмушимда жуда мураккаб вазият юзага келди...Ажрашишга қарор қилдим.
-Яхши келин бўла олдингизми?
-Қайнонам учунми? Қайнонам Москвада истиқомат қилади...
-Сиз учун идеал оила борми?
-Қариндошларим орасида бор. Тўғри, келишмовчилар ҳар қандай оилада учрайди. Назаримда, муҳаббат ва ишонч асосида қурилган оила жуда мустаҳкам бўлади. Эр ва хотин ўзи учун эмас, кўпроқ оиласи учун қайғурса, у ҳар қандай тўфонга чидай олади. Ҳурмат йўқолса, муҳаббат ўз-ўзидан йўқоларкан!
-Шабнам Сурайё билан интервью қилганимда, у севги изҳорлари ва муҳаббатга ишонмаслигини айтди. Сизда севгига бўлган ишонч ўз кучидами?
-Албатта. Севгига ишончим йўқолса, қўшиқ куйлашдан тўхтаган бўлардим. Муҳаббатнинг чеки йўқ. Аллоҳга, Ватанга, оилага, фарзандга...Севги фақат эр-хотин ўртаси билан чегараланмайди-ку, ахир! Шу қадар турфа, шу қадар ажойиб туйғу!
-Шу кунларда ёлғиз қолганингизда нималар ҳақида ўйлаяпсиз?
-(Ўйланиб). Олдин келажак ҳақида ўйлардим. Бироқ, келажак сен қандай ўйлашингдан қатъий назар, тақдирда ёзилгани каби содир бўлишини тушундим. Шунинг учун ҳозирим, бугуним билан роҳатланишни истайман. Олдинлари ачинсам, ҳозир лаҳзаларимга ошно тутинаман. Ҳаётимда, атрофимда қанчалар қийин ҳолат бўлмасин, бахтли онларимни барибир топишга уринаман. Негатив нарсаларни хаёлимдан чиқариб ташлайман. Худога шукур! Ҳа, муаммо бор. Ҳа, ҳаммаси фақат оқ чизиқлардан ё ҳар қаёққа сочилган атиргул япроқларидан иборат эмас. Бироқ, гўзаллик, яхшилик, бахтли дамлар кўпроқ. Вақт ўтган сайин яхшиликнинг қадрига етиб бораяпман.
-Муниса Ризаева ва Тоҳир Содиқовнинг "Ёшлар” каналидаги чиқиши ижтимоий тармоқларда роса муҳокама бўлмоқда. Бу икки юлдузни кулгуга қолдирган видео кўп эстрада хонандалари уялиб қолмасликлари учун ҳам миллий қўшиқларимизни ҳам куйлаб, ўрганиб туришлари кераклигини ёдга соладиган бир дарс бўлди-ёв?!
-Балки, улар тўғрироқ куйлашга уриниб кўришганидан шундай туюлгандир?! Ҳар бири ўзи ҳис қилганича куйлади. Бироқ, мен ТВда кўрмадим...Нима бўлишидан қатъий назар, ўтгани ўтган йилда ўтди. Ҳозир янги йил! Янги концертимда мен ҳам халқ қўшиқларимиздан попурри куйлайман. Устимдан кулишса, бошқа куйламайман (кулади). Мен ҳам ўз услубимда куйладим. Уйда ҳам ўзимча куйлайман: "Эрта билан тураман, наҳори нашта...(куйлай кетди).
-Яқинда бир мусиқий кечада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистдан Ватан ҳақидаги қўшиғини куйлаб беришини сўрашди. У эса куйлашни истамади. Мухлислар ранжиди... Хонандаларнинг мухлисларини ранжитишга ҳаққи бормикан?
-Йўқ. Биз санъаткорларни машҳур қилаётган мухлислар-ку?! Уларсиз киммиз? У хонандани ҳам ўша пайдаги ички ҳолатини ҳам тушуниш керкдир?! Ахир хонанда – программалаштирилган робот эмас-ку, сўрашганини куйлаб кетаверадиган!? Сиз айтаётган қўшиқчи жонли куйлагани боис, овозида ҳорғинлик сезгандир...
-Бироқ, у ўша пайтда деярли барча қўшиқларини фонограммада куйлади. Бу ҳаммага яққол сезилди...
-Кейинги саволга ўтсак майлими?! (кулади).
-Санъаткор гонорарига яраша кийиниб, ўзига қараб, эл хизматларига келса, жуда мақсадга мувофиқ бўларди. Ярим ялонғоч ё йиртиқ жинси шим, ҳатто айримлари кўкраги ташқарига чиқиб кетгудек тарзда келишдан уялмайди ҳам...Бу нимаси?
-Ҳар кимнинг ўз йўли бор. Мен ҳамиша ўз ишимга масъулиятли бўлишга интиламан. Саҳна учун доим энг чиройлисини, энг яхшисини танлайман. Бу менинг ишим, ноним. Шунинг учун ишимга пул сафрлашни қизғонмайман.
-Тўйларда "бирров” талашиб қолишади. Сиз бундай вазиятда қандай йўл тутасиз?
-Ҳар доим дақиқама-дақиқа, ўз вақтида келаман. Бир марта 2 дақиқа кеч қолганимда, бошловчи қийналиб қолганини айтганди. Навбатимга тушмоқчи бўлган санътакорларга эса тушунтираман. Аниқ режада юрганим учун бошқа тўй эгалари олдида ноқулай вазиятга тушишни истамайман!
-Гаури Хон эри Шоҳруҳ Хоннинг "Янги йил билан” фильмига продюсерлик қилди. Анжелина Жоли ҳам эри Брэд Питтнинг янги фильми харажатларини ўз бўйнига олди. Мадонна ҳам собиқ эрига молиявий ёрдам берган. Балки сиз ҳам Йигитали ижросидаги янги фильмга пул тикарсиз?
-Йўқ!
-Бу қатъий жавобми?
-Ҳа.
-Балки, фикрингиз ўзгариб қолар?
-Ўзгармаслиги аниқ!
-Ўзингиз учун сизни ранжитганларнинг "қора рўйхат”ини тузганмисиз?
-Йўқ. Чунки, дилимни қаттиқ оғритганларни ҳам вақт ўтиб, чин дилдан кечирим сўраса, юрагимда унга нисбатан хафагарчиликни унутаман!
-Демак, кечиримлисиз. Ажрашиш учун судга ариза ёзган эрингизни-чи? Уни кечиришга куч топишингиз шу қадар қийинми?
-Хафа бўлган инсонларимни кечириб, юрагимдан қўйиб юбораман. Турмуш ўртоғимга келсак, мен уни кечиришим мумкин. Бироқ, бошқа муносабат тикламайман!
-Концертлар, машҳурлик, бойлик... Ҳаммасини йўқотганингизда ҳам, сиз билан нима қолишини истардингиз?
-Тоза қалбим! Бу ҳаётга меҳмонмиз. Ҳозир ёшим 36 да. Ҳануз 25 ёшда юргандекман. Қаранг, вақт югуришини?! Кўз очиб юмгунча, 40, 50, 60 га ҳам кириб қоламиз... Энг муҳими, гуноҳга ботмасдан, юрагимизни тозалашга улгурмоғимиз даркор! Ҳамма нарса вақтинчалик. Тоза юракни сақлаш эса бош мақсаддир!
Жасур ҲАМРОЕВ
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|