Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги Пайшанба Сиёб маҳалласида яшовчи драматург Шокир ака Аҳроров "Буюк тарих бағридан, буюк келажак остонасигача” шиори остидаги югуриш бўйича шахсий марофонини ўтказди. Буни у Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишлади. Шокир ака 22 август куни эрталабки соат 10 да Самарқанднинг Регистон майдонидан югуриб чиқиб, 27 август куни соат 2120да Тошкентнинг Новза метросига етиб келади. 28 август куни эрталаб Амир Темур хиёбонида уни Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий матбуот маркази вакиллари кутиб олишади.
БОЛАЛИГИДА СПОРТЧИ БЎЛИШНИ ИСТАГАНДИ, АММО...
Шокир ака 50 ёшда. Болалигидан спортчи бўлишни орзу қилган. Спортга бўлган қизиқиши уни Самарқанд шаҳридаги А.Т.Макаренко номли физкультура техникумига етаклаб келди. Ўқиб юрган кезлари спортнинг енгил атлетика тури бўйича Қашқадарёда ўтказилган республика мусобақасида чемпионликни қўлга киритиб, спорт устаси номзоди бўлди. Лекин ижодга бўлган иштиёқи баланд келиб, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факльтетида таҳсил олади.
Киноихлосмандлари унинг асарлари асосида суратга олинган "Қабрдан қайтган умр” сериали, "Шаббона”, "Ширингина армоним”, "Чимилдиққа отилган ўқ”, "Шаҳарлик олифта” фильмлари орқали яхши танишади.
— Ўзингизга қайси соҳани яқин оласиз, спортними ёки ижодни?
— Спортни ҳам, ижодни ҳам яхши кўраман. Югураётган пайтимда ижодимни хаёлимда пишитаман.
— Ушбу марофонни ташкил қилишдан мақсадингиз нима эди?
— Мақсадим соғлом турмуш-тарзини ҳамда ушбу спорт турини оммавий тарғиб қилишдан иборат.
— Бунга қадар ҳам шундай тарғибот ишлари билан шуғулланганмисиз?
— 1993 йилда мамлакатимиз ҳудудини 22 кун деганда велосипедда айланиб чиққанман.
— Менимча, манзилга велосипедда етиб боришдан кўра, югуриб бориш қийинроқ бўлса керак...
— Агар югуриш техникасига амал қилсангиз хоҳлаган манзилгача югуриб етиб боришингиз мумкин.
— Тонгдан-тунгача шерикларсиз югуриб, зерикиб кетмадингизми?
— Юртимизнинг гўзал табиати манзаралари, турли ҳудудлардаги одамларнинг турмуш-тарзи, урф-одатлари, хатти-ҳаракатларидан завқланаман, илҳомланаман. Уларни томоша қилиш, кузатишдан зерикмайман. Айтайлик, марофоннинг иккинчи кунининг ниҳояси Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани далаларига тўғри келди. Атроф фақат полизлардан иборат. Ундан анқиётган қовун-тарвузларнинг ёқимли иси димоқни қитиқлайди. Шу тун қовунчиларнинг чодирида бўлдим. Улар билан тун ярмигача мириқиб суҳбатлашдик. Кейин Сирдарё вилоятидаги Сардоба туманидаги чойхонада, Бахт шаҳридаги вокзалда, Чиноздаги чойхонада тунадим. Шундай қилиб кунига 60 киллометр масофани босиб 5 кун деганда буюк тарих бағридан буюк келажак остонасига етиб келдим. Фурсатдан фойдаланиб, йўлда менга меҳр-оқибат кўрсатган ҳамюрталаримизга ўз миннадорчилигимни билдираман.
"БИР ЮГУРИШДА 60 КМ. МАСОФАНИ БОСИБ ЎТАМАН...”
Йўлга чиққанимдан сўнг Жиззих вилоятининг Ғаллаорол туманига етмасдан "Чодир” чойхонаси бор, ўша ерда биринчи марта нафас ростладим. Ҳар куни эрта тонгги 5:00 дан то кун ботиб қоронғи тушгунча 60 километрдан югурдим.
КЕЙИНГИ МАРРА ПАРИЖ
Шокир ака билан гаплаша туриб бу инсоннинг ғайрат-шижоати ҳали 20 ёшли йигитларникидек эканига гувоҳ бўлдик. Сабаби бу инсоннинг югуриш борасидаги режалари анча катта экан. Қаҳрамонимизнинг таъкидлашича, агар ҳомий топилса, Франциянинг Париж шаҳригача велосипедда бормоқчи. "Бу ижодимда ҳам ўз самарасини беради, албатта”, дея қўшиб қўйди Шокир ака. Биз ҳам Шокир ака Аҳроровга омад тилаб қоламиз.
Инобат Эрназарова суҳбатлашди