Британия Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши хавфи туфайли Киевдаги элчихонаси ходимларини кўчиришни бошлади. Қайд этилишича, британиялик дипломатларга тўғридан-тўғри таҳдид йўқ, аммо ходимларнинг ярмига яқинини олиб чиқишга қарор қилинган.
"Россиядан хавф кучайиб бораётгани муносабати билан баъзи ходимларимиз ва уларнинг оила аъзолари Киевдан олиб кетилмоқда. Британия элчихонаси очиқ қолади ва ўзининг асосий вазифаларини бажаришда давом этади”, – дейилади Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнотида.
Шанба куни Британия Москвани Украинада россияпараст сиёсатчиларни ҳокимиятга олиб келишга уринаётганликда айблади. Кремл буни тўғридан-тўғри дезинформация деб атади.
АҚШ Давлат департаменти ҳам Украинадаги Америка элчихонасида ишлаётган ходимларнинг оилаларига мамлакатни тарк этишга кўрсатма берди. АҚШ расмийларига кўра, бу эвакуация эмас, балки эҳтиёт чорасидир. Давлат департаменти Россия ҳужуми ҳар қандай вақтда содир бўлиши мумкинлигини ва кейин ходимларни олиб чиқиш жуда қийин бўлишини билдирди.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олен Николенконинг айтишича, Украина ҳукумати хорижий давлатларнинг ўз дипломатик ваколатхоналари хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқини ҳурмат қилади, бироқ АҚШ томонидан қўйилган қадамларни муддатидан олдин ва ортиқча деб ҳисоблайди.
"Аслида сўнгги пайтларда хавфсизлик билан боғлиқ вазиятда туб ўзгаришлар кузатилгани йўқ: Россиянинг янги агрессияси хавфи 2014 йилдан буён доимий давом этмоқда ва Россия қўшинларининг давлат чегараси яқинида тўпланиши ўтган йилнинг апрель ойида бошланган”, – дейилади Украина ТИВ баёнотида.